Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги "Саййид Баҳромхон" жоме масжиди имом-хатиби Ўрал домла Алимовнинг падари бузрукворларининг вафоти муносабати билан у кишининг яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Охират сафарига кузатилган отахон эл корига ярайдиган, дину диёнат йўлида хизмат қиладиган фарзанд ва невараларни ўстирдилар, чиройли тарбия қилдилар.
Аллоҳ таоло марҳум отахоннинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин. Ҳақ таоло марҳум отахоннинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларига ажру мукофотлар ато этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Ўрал домла Алимовга, у кишининг оила аъзолари, ёр-биродарлари, яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг ташаббуслари билан тизимда фаолият юритаётган имом-хатиблар ва имом ноибларининг касбий маҳоратини ошириш ҳамда Қуръони карим қироатини янада мукаммаллаштиришга қаратилган тизимли ўқув машғулотлари давом этмоқда.
Мазкур лойиҳа соҳа ходимларининг нафақат илмий салоҳиятини юксалтириш, балки тажвид қоидаларини амалиётда гўзал ва бехато қўллаш кўникмаларини пухталашга хизмат қилмоқда.
Режа асосида ташкил этилаётган навбатдаги дарслар бугун Қашқадарё вилоятида юқори савияда ўтказилмоқда. Қуръон ва тажвидни ўргатиш ҳамда Масжидлар билан ишлаш бўлимлари ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу машғулотларни малакали мутахассиси – Мамасолиев Самандар қори ака олиб бормоқда.
Ушбу ўқув жараёнидан кўзланган асосий мақсад — масжидлардаги қироатлар сифатини юқори босқичга кўтариш ва соҳа ходимларининг тажвид илми бўйича назарий ҳамда амалий билимларини янада мустаҳкамлашдир.
Бу каби амалий сабоқлар имом-хатиб ҳамда имом ноибларининг маънавий ва илмий ривожида муҳим поғона бўлиб хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати