Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
31 Декабр, 2024   |   1 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:23
Қуёш
07:49
Пешин
12:31
Аср
15:23
Шом
17:07
Хуфтон
18:26
Bismillah
31 Декабр, 2024, 1 Ражаб, 1446
Мақолалар

Ислом ёвузликка қарши

7.10.2024   2914   10 min.
Ислом ёвузликка қарши

Ислом омонлик динидир. Инсонлар динимиз кўрсатмаларига амал қилмас экан, хавфсизлик, хотиржамликка эришиб бўлмайди. Чунки, Исломда жонни ўлдириш, ўзганинг мулкига тажовуз қилиш ва ботил йўл билан молу мулкка эга бўлиш ҳаром қилинган. Муборак динимиз таълимотларида бирон кишига зулм ва зўравонлик қилиш у ёқда турсин, мусулмонни ҳатто қўрқитишдан ҳам қайтарилган.

Абу Лайло Ансорийдан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ғазотга чиққанларида у зотнинг саҳобаларидан бири ҳазиллашиб, бир кишининг ўқдонини беркитиб қўйди. Эгаси уни излаб, топа олмай, хавфга тушди. Унинг устидан кула бошлашган эди, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиб: Нимага куляпсизлар? дедилар. Ҳазиллашиб, фалончининг ўқдонини беркитиб қўйган эдик, қўрқиб кетди. Шунга куляпмиз, дейишди. У зот: Мусулмонни қўрқитиш мусулмонга ҳалол эмас, дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни шундай дедилар: “Аллоҳга қасам, мўмин бўлмайди, мўмин бўлмайди, мўмин бўлмайди”. Саҳобалар “Ким, эй Aллоҳнинг Расули?” деб сўраганларида, у зот соллаллоҳу алайҳи вааллам: “Қўшниси унинг ёмонликларидан омон бўлмаган киши”, дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривояти.

Қўшнисига озор бериб, ёмонлик қиладиган кишининг имони мукаммал бўлмаслигини қайта қайта таъкидлаган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам исломнинг моҳияти, уни тинчлик ва хотиржамлик дини эканига яна бир бор эътиборимизни қаратдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон бирордарига қурол уқталганни лаънатладилар. Иймон келтирмас ва бир-биримизни яхши кўрмас эканмиз жаннатни умид қилмаслигимизни таъкидладилар. Кишилар орасида бир бирига нисбатан муҳаббатнинг пайдо бўлиши эса саломлашиш орқали бўлишини уқтирдилар. Чунки саломлашишда омонлик, тинчлик тилаш борлиги жамиятда бағрикенглик ҳиссиётини пайдо қилади.  Бу эса исломнинг улуғ одатларидандир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна бир муборак ҳадисларида: “Мусулмон – мусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан омон қолган кишидир”, дедилар. Бухорий ва Муслим ривояти.

Мусулмонларга озор бермаган, уларга тили ва қўли билан зарар етказмаган одам афзал мусулмон бўлади. “Ислом”, “мусулмон” сўзлари “саломатлик”, “тинчлик” маъноларини ифода этади. Шунинг учун мусулмон–ўзга одамлар унинг ёмонликларидан тинч ва саломат бўлган шахс, дейилмоқда. 

“Тилидан ва қўлидан” дейилганда фақат шу икки аъзо кўзда тутилган эмас. Одатда, одамларга кўпинча тил ва қўлдан зарар, озор етади. Аммо бундан бошқа услуб ва йўллар билан ҳам озор бериш яхши эмас. Ким бу ишни қилса, мусулмонлик фазлини йўқотади. 

Ислом дини нафақат мусулмонлар, балки бутун инсониятга, ҳатто наботот ва ҳайвонотга, қўйингки, барча мавжудотга раҳм-шафқатли ва меҳрибон бўлишга чақиради. Зўравонлик, қўпорувчилик ва тажовузкорликни қоралайди, ҳеч қачон оқлаган эмас ва оқламайди ҳам. Ислом дини ёвузликка қарши курашда ҳам адолат ва инсонпарварлик меъёрларидан ташқари чиқмасликка буюради. Дин ва миллатидан қатъи назар, тинч, осуда яшаётган халқларга нисбатан тажовузкорлик қилмасликка, уларга нисбатан бағрикенгликка ундайди. Ислом  дини ўзга дин вакиллари билан ҳамжиҳатликда ва улар билан гўзал услубда мунозара қилишга буюради. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “(Эй, мўминлар!) Сизлар аҳли китоблар билан фақат энг чиройли услубда мунозара қилингиз, илло уларнинг орасидаги зулм (тажовуз) қилганлар бундан мустаснодирлар” (Анкабут сураси, 46-оят).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам  бу ҳақида: “Кимки (тинчлик бўйича) аҳдлашган (ғайридинни) ўлдирса, жаннат ҳидини ҳидламайди ва унинг ҳиди қирқ йиллик масофадан мавжуддир”, дедилар. Имом Бухорий ривоят қилган.

У зот: “Кимки аҳд қилганга зулм қилса ёки уни камситса, ёки унга қўлидан келмайдиган нарсаларни юкласа ёки розилигисиз ундан бирор нарса олса, мен қиёмат куни унинг ҳужжатини сўрайман, хусуматлашаман”, дедилар. (Aбу Довуд ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка фатҳи куни унинг аҳлига раҳм-шафқат қилганларида, уларга нима орқали хавфсиз бўлишларини айтдилар: "Ким Абу Суфённинг уйига кирса, у хавфсиз бўлади, ким қуролни ташласа, у хавфсиз, ким масжидга кирса, у хавфсиздир". Муслим ривоят қилган.

Бу ҳолат ҳам ислом тинчликни мўмину кофирларга бирдек раво кўришига далолат қилади.

Тинчлик исломда мана шундай қадрланади. Унинг ҳатто ризқдан ҳам афзал эканлиги қайд этилади.  Ояти каримада шундай дейилган:

“Эсла, вақтики, Иброҳим: “Роббим, буни омонлик юрти қилгин ва аҳлидан Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирганларини мевалар ила ризқлантиргин”, – деди. (Иброҳим сураси, 128-оят)

Иброҳим алайҳиссалом аввал юртини омонлик диёри қилишини ва шундан сўнг имонлиларни ризқлантиришини сўраганлар. Чунки, тинчлик бўлса ризқ, барака бўлади. Нотинчлик пайти кишининг томоғидан таом ўтмайди. Еган-ичганида лаззат бўлмайди.

Ибодат ҳам тинчлик соясида амалга оширилганда мукаммал бўлади. Аллоҳ таоло хавф соя солиб турганда намозни рукнларини тўлиқ қилмасдан ўқишга рухсат бериб, шундай дейди:

“Агар хавфда қолсангиз, пиёда ва уловда ҳолингизда. Омонликда бўлганингизда Аллоҳни У Зот сизга билмаган нарсангизни ўргатганидек зикр қилинг”. (Бақара сураси, 239-оят) 

Оятнинг “Агар хавфда қолсангиз” деган жумласида уруш, душман хавфи назарда тутилгандир. Агар шундай ҳол юзага келса, юрган ёки минган ҳолингизда ҳам намозни ўқинг, рукуъ-саждасиз, ҳатто қиблани аниқламай ўқиса бўлади. Ўз оёғингиз билан юриб ҳам, минган уловингиз устида туриб ҳам намоз ўқинг. Хавф кўтарилиб, хотиржам бўлингач, намозлар аввалда Аллоҳ таълим бергани каби барча рукнларига риоя этган ҳолда тўкис адо этилади. 

Ҳудайбия сулҳини эслайлик. Ушбу сулҳда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка аҳли билан ўн йил мобайнида урушмасликка келишиб олдилар.  Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳудайбияга борганларида, у зот билан бирга бир минг беш юз саҳоба ҳамроҳ эди. Тинчликда ҳаёт кечирган мусулмонларнинг сони ошиб, сулҳдан сўнг икки йилдан зиёдроқ вақт ўтгач Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўн минглаб мусулмонлар билан Маккага кириб келишди. Тинчликнинг аҳамияти мана шундай эди.

Салама ибн Убайдуллоҳ ибн Миҳсон ал-Ансорий оталаридан ривоят қилади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

Кимки ўз уйида омонликда, жасади саломатликда, кунлик таоми ҳузурида ҳолда тонг оттирса, худди унга бутун дунё жамлангандек бўлади”, дедилар”. 

Бу дунёда инсоннинг энг яхши ҳолати мана шу уч нарсага эга бўлган ҳолати экан. Шунга эришган одам аҳволим ниҳоятда яхши, деб шукр қилиб юрса бўлади. Кишининг уйига, оиласи, бола-чақасига биров хавф солмаса, тинч-хотиржам бўлса, соғ-саломат бўлса, дарди йўқ бўлса, ейдиган таоми бор одам ниҳоятда улуғ бир бахт-саодатга эришган бўлар экан. Биз буни жуда чуқур тушуниб етишимиз керак. Мазкур ҳолатнинг ўзимизда бўлиши Аллоҳнинг улкан неъмати эканини англаб етишимиз ва унга шукрни ўрнига қўйишимиз лозим. Агар бундай қилмасак, ношукр бўламиз.

Қуръони каримда бундай дейилади: “Аллоҳ бир шаҳарни мисол келтирур: у тинч, сокин (шаҳар) эди, ҳар томондан ризқи кенгу мўл келиб турар эди. Бас, у (аҳолиси) Аллоҳнинг неъматига ношукрлик қилгач, Аллоҳ унга (аҳолисига) бу “ҳунарлари” сабабли очлик ва хавф либоси (балоси)ни тортиб қўйди” (Наҳл сураси, 112). Уламолар оятдаги: “очлик ва хавф либоси (балоси) ни ношукрликлари сабаб очлик ва хавф бириктирилиб қўйилди, деб тафсир қилишган.

Исломнинг асл манбалари бўлмиш Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда тинчлик ва бағрикенглик ҳақида кўплаб ишоралар бор. Ушбу мақоламизда улардан айримларини келтириш билан чекландик.

Тинчлик деган бебаҳо неъматнинг қадр-қиммати ва аҳамияти тобора ортиб бораётган ҳозирги мураккаб ва таҳликали замонда Ислом динининг тинчликни тарғиб қилувчи таълимотларини кенг ёйиш муҳимдир. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг юксак минбаридан туриб тинчликнинг қадри, уни асраш ҳақида гапириб, бу йўналишда диёримиздан етишиб чиққан мутафаккирларнинг илмий меросларни кенг тарғиб этиш мақсадга мувофиқлигини таъкидлаган эди. Хусусан, давлатимиз раҳбари 2023 йил 19 сентябрь куни БМТнинг 78-сессиясида: “Диёримиз жаҳон илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшган, исломни илм-маърифат ва тинчлик дини сифатида намоён этган ал-Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Имом Бухорий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий сингари улуғ аллома ва мутафаккирлар ватани экани билан ҳақли равишда фахрланамиз”, дея таъкидладилар.

Дарҳақиқат, Ҳазрат Навоий ғазалларидан бирида:

Олам аҳли билингизким, иш эмас душманлиғ,

Ёр ўлунг бир-бирингизгаки, эрур ёрлиғ иш.

дея хитоб қилган. Бу бутун дунё аҳлига улуғ донишманднинг хитобидир. Ҳаёти давомида турли хил ҳолатларга кўп гувоҳ бўлган инсоннинг ҳаётий кузатиш­лари асосида келган хулосаси, десак хато бўлмайди.

Бугун дунё аҳли бу хитобга риоя қилишга жуда муҳтож.

Юртбошимиз буюк олимларимизнинг бой меросини ўрганиш, исломнинг асл инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб бериш мақсадида 2024 йил Ўзбекистонда “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида халқаро конференция ўтказиш ташаббусини илгари сурдилар.

Ана шу эзгу ташаббус Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 19 августдаги “Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорида ҳам ўз ифодасини топган бўлиб, унга кўра, 2024 йил октябрь ойида “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида юртимизда халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилади. Айни кунларда мазкур анжуманни юқори савияда ўтказиш бўйича катта тайёргарлик кўриляпти.

Бу каби нуфузли ва бутун дунё халқлари учун манфаатли бўлган анжуманннинг диёримизда ўтказилишида иншааллоҳ кўплаб хайр ва баракалар бор. Имом Бухорийнинг “Дунёда илмдан бошқа нажот йўқ ва ҳеч қачон бўлмагай” деган пурмаъно ҳикматли сўзлари остида нақадар улкан таълимотлар бор. Ер юзида тинчлик ва хотиржамликнинг барқарор топишида ислом дини таълимотлари ва буюк ажодларимизнинг илмий меросларидан унумли фойдаланиш айни муддаодир. Аллоҳ таоло биз бандаларга макон қилиб берган ер куррасида тинчлик ва осойишталикни бардавом қилсин. Бу йўлда жидду жаҳд қилаётган барчани ажру савоблар билан сийласин.   

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

Зайниддин домла Эшонқулов 

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Отангизнинг исми Расулуллоҳ ﷺга кўрсатилишини истайсизми?

26.12.2024   6392   1 min.
Отангизнинг исми Расулуллоҳ ﷺга кўрсатилишини истайсизми?

Видеолавҳалар