Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Суриялик ёзувчи айтади: "Ироқ аҳолиси тўқчиликда шу даражага етдики, дастурхонда ортиб қолган нарса борки, уни ахлатга ташлайдиган бўлишди. Ҳатто, уларда (الاكل البايت) “кечагидан қолган сарқит” атамаси ҳам пайдо бўлди. Аллоҳ таоло уларни ўн йил давомида иқтисодий қамал билан синаган эди, қора қотган нонни ҳам кўзга суртиб ейдиган бўлишди. Миллион нафар ёш болалар очлик ва касалликдан нобуд бўлдилар.
Қачонки мен ўз юртим Дамашқ ва унинг атрофидаги жойларда ҳам нонларни ахлатхоналарга ташлаб юборилаётгани, камбағал бир аёл қўлидан ерга тушиб кетган нонни олмай, бепарво ташлаб кетаётганини, яна бошқа бир кимса ерда ётган нонни олмай, аксинча уни оёғи билан тепалаб четга улоқтириб ўтганини ва ҳаттоки, бир киши оёқ кийимини оқ нон билан артиб ялтиратаётганини кўрганимда, ҳеч шаксиз бу халқ яқин вақтда ношукрлиги, неъматларни қадрламаётганлиги учун Аллоҳнинг ғазабига учраши аниқ эканлигини ҳис қилдим. Бизларни қора кунлар кутмоқда, ўшанда ахлатхоналарда ётган қотган нонларга зор бўламиз, дедим".
Ёзувчи сўзида давом этади: "Отам раҳматли катта олим эдилар. У киши дастурхондаги янги нонни қўйиб, кечагидан қолганини ер эдилар. Қотган нонни сувда ивитиб ер, уни ташлаб юборишга йўл қўймас эдилар. Ошхонадаги товоқларда овқатлар қолиб кетган бўлса ёки болалар емай қолдириб кетган таомлари бўлса, уларни ташлаб юборишга ҳечам йўл қўймас эдилар. Аксинча, агар ортган таом ташлаб юборилганини кўрсалар жуда қаттиқ ғазабланар эдилар. Кўпинча, ўша қолиб кетган овқатларни ўзлари ёб қўяр эдилар ва бундан ҳечам тортинмас эдилар. Неъматнинг озини ҳам, кўпини ҳам қадрига етадиган киши бўлганлар. Аллоҳ раҳмат қилсин у киши вафот этгунларича бирор марта ҳам қон босими кўтарилиши, юрак етишмаслиги, оёқ оғриши, қанд касаллиги ва бошқа шунга ўхшаш кўпчилик кекса одамлар шикоят қиладиган дард билан касалланмадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Аллоҳнинг неъматлари билан яхши қўшничилик қилинглар, зеро, у бирор оиладан кетиб қолса, қайтиб келмаслиги мумкин” деган ҳадисларини кўп такрорлар эдилар.
Модомики, сиз неъматлардан баҳраманд экансиз, огоҳ бўлинг, Роббингизни неъматини қадрланг, уни хорламанг. Акс ҳолда, унга зор бўласиз, бошингизга Аллоҳнинг балоси келса...
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ
Боку шаҳрида Туркий давлатлар муфтийлари йиғилиши доирасида улуғ мутафаккир, тасаввуф олими Саййид Яҳё Бокувий меросига бағишланган халқаро конференция ўз ишини бошлади.
Ушбу нуфузли тадбирда Туркий давлатлар ташкилоти, Бутунжаҳон мусулмон донишмандлар кенгаши, IRCICA, ICESCO, Ал-Азҳар уламолар кенгаши вакиллари ҳамда етук шарқшунос ва исломшунос олимлар иштирок этмоқда.
Анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари маъруза қилдилар.
Муфтий ҳазратлари Саййид Яҳё Бокувийнинг тасаввуф тарихидаги мақоми ва унинг таълимоти ҳақида тўхталдилар. Шунингдек, нутқда аллома нафақат тасаввуф, балки диний илмлар, табиий ва аниқ фанларни эгаллаган қомусий олим бўлгани, ўттизга яқин асарлари инсон нафсини тарбиялашда муҳим қўлланма экани таъкидланди.
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Қуръони карим ва ҳадиси шарифларга таянган ҳолда қалб саломатлиги ва поклиги инсон ҳаётининг бош мезони эканини баён этиб, туркий халқларни боғлаб турган умуммаънавий илдизларга алоҳида урғу бердилар:
«Ҳазрат Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд ва Саййид Яҳё Бокувий каби буюк зотлар илгари сурган нафс тарбияси, инсонпарварлик ва юксак ахлоқ ғоялари бугун ҳам қардош халқларимизни бирлаштириб турувчи мустаҳкам маънавий кўприкдир. Бундай улуғ сиймолар меросини ҳамкорликда ўрганиш халқларимизнинг маънавий бирлигини мустаҳкамлаш ва ёшларимизни соғлом эътиқод руҳида тарбиялашга хизмат қилади».
Уч кунлик анжуман давомида Ўзбекистон илмий жамоатчилиги ҳам маърузалар билан иштирок этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати