Нуқтаи назар
Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган улкан ислоҳотларнинг тотли меваларини бугун ҳар қадамда кўриб, кузатиб, ҳис қилиб турибмиз. Бу ислоҳотларнинг бош мақсади инсон қадрини улуғлаш, халқимизни рози қилишга қаратилгани билан янада аҳамиятлидир.
Айниқса, Президентимиз ташаббуси билан камбағал, ишсиз, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларга алоҳида эътибор ва кўмак кўрсатилаётгани натижасида улар ўзларини жамиятимизнинг тўлақонли аъзосидек ҳис қилмоқда. Шунингдек, минглаб юртдошларимизнинг ўз йўлини топишига, ҳаётини изга туширишига ва рўзғорига файз-барака киритишига сабаб бўлмоқда.
Бу борада камбағал фуқароларни кучли ва манзилли ижтимоий ҳимоя қилишни назарда тутувчи бир қанча ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари, “темир дафтар”, “аёллар дафтари”, “ёшлар дафтари”, “меҳр дафтари” каби янги механизмлар ишга туширилди. Бу йўналишга сарфланаётган маблағлар миқдори йил сайин оширилаётгани, ишсизлар касб-ҳунарга ўқитилаётгани, ўз-ўзини банд қилган фуқаролар қўллаб-қувватланаётгани, хотин-қизлар ва ёшлар ўз ўрнини топиши учун берилаётган кўмагу имтиёзлар йилдан-йилга кўпаяётгани кўплаб юртдошларимиз ҳаётида катта бурилиш ясамоқда.
Бироқ шунча чора-тадбирлар кўрилишига қарамасдан, афсуски, ҳалигача боқимандалик кайфиятидан қутула олмаётган фуқаролар учраб турибди. Камбағаллик жамиятнинг умуммиллий сафарбарлиги, истак ва интилиш билан яшаши ҳисобига камаяди.
Бу ҳақда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида шу йил 11 сентябрь куни камбағалликни қисқартириш ишларини навбатдаги сифат босқичига олиб чиқиш масалалари муҳокамаси бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида алоҳида таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари камбағалликни фақат пул тарқатиш, нафақа тўлаш билан ҳал қилиб бўлмаслигини таъкидлаб, камбағал оила аъзоларини ўқитиш, касб-ҳунарга ўргатиш ва иш билан таъминлаш муҳимлигини қайд этди. Бундан буён камбағалликни қисқартириш умуммиллий ҳаракатга айланиши, юртдошларимиз бир-бирига елкадош бўлиши кераклигига урғу қаратди.
Ислом дини инсонларни доим илм-маърифат эгаллашга, саъй-ҳаракат қилишга, бирор касб-ҳунар билан шуғулланишга чақиради. Шу билан бирга, ҳаёт майдонида ортда қолиб кетишдан, дангасалик, таъмагирлик, ишёқмаслик, боқимандалик ва ишлашга қодир бўла туриб одамлардан хайр-садақа сўраш каби ижтимоий иллатлардан қатъий қайтаради.
Ояти карималарнинг кўплаб ўринларида мўмин-мусулмонларни ҳалол йўл билан ризқ топишга тарғиб қилинган. Шу боис, пайғамбарлар ҳам бирор касбнинг бошини тутишган. Мисол учун, Одам алайҳиссалом деҳқон, Идрис алайҳиссалом тикувчи, Нуҳ алайҳиссалом дурадгор, Ҳуд ва Солиҳ алайҳиссаломлар тижоратчи, Иброҳим алайҳиссалом зироатчи, Исмоил алайҳиссалом овчи, Исҳоқ, Яъқуб, Шуайб ва Мусо алайҳиссаломлар чўпон бўлишган. Юсуф алайҳиссалом соатсозлик, Ҳорун ва Илёс алайҳиссаломлар тикувчилик, Довуд пайғамбар темирчилик ва совут ясаш билан шуғулланган. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам тижоратчи бўлганлар.
Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Шубҳасиз, киши ризқланадиган нарсаларнинг энг ҳалоли ўз касби орқали еган нарсасидир”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти). Демак, динимиз касб-ҳунарни қадрлайди ва кишининг ўз қўли билан қилган касбини Парвардигорга яқинлаштирувчи энг афзал ва шарафли амал деб ҳисоблайди.
Таъкидлаш жоизки, юртимизда фаолият юритаётган масжидлар имом-хатиблари аҳоли, айниқса, ёшлар билан мулоқотлар асносида илм-маърифат, касб-ҳунар эгаллашнинг фазилатлари ҳақида суҳбатлар қилмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди аҳолининг кам таъминланган қатламига, хусусан, уларнинг фарзандларига илм-маърифат, касб-ҳунар эгаллашлари учун моддий ёрдам кўрсатиб келмоқда.
Бугун юртимизда касб-ҳунар ўрганиш, илм олишга катта имкониятлар эшиги очилганини алоҳида қайд этиш керак. Янгидан-янги олий ўқув юртларининг ташкил этилаётгани шулар сирасидандир. Зеро, бундай илм масканларининг ортиши юртимизда илм-маърифат юксалишига хизмат қилади.
Илм инсонни жаҳолат зулматидан нурга олиб чиқади. Бу нур унинг ҳаёт йўлларини ёритади. Оғирини енгил, узоғини яқин қилади. Уламолар илмни сузишга ўхшатади. Сузишни билган киши кўзлаган манзилига саломат етиб олади. Сузишни билмаган эса жаҳолат ботқоғига ботиб, охир-оқибат ҳалок бўлади.
Илм эгаси дунёдаги энг катта бойликка эга бўлган кишидир. Жоҳил эса жуда кўп яхшиликлардан маҳрум. Зеро, уламолардан бири: “Илмни бой берган киши нимага эришибди-ю, илмга етишган киши нимани йўқотибди?!” деган.
Илм Қуръони каримда зиёда қилишни сўрашга буюрилган ягона фазилатдир. “Ва: “Роббим, илмимни зиёда қилгин”, дегин”(Тоҳа сураси, 114-оят). Ҳадиси шарифда бундай марҳамат қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир мусулмонга илм талаб қилиш фарздир”, дедилар”(Имом Ибн Можа ривояти).
Динимиз илмга катта эътибор қаратган. Қуръони каримда “илм” энг кўп зикр қилинган сўзлардан бири бўлиб, турли кўринишларда етти юздан ортиқ ўринда келган. Юздан ортиқ ҳадисларда илм ва унинг фазилати ҳақида сўз боради. Шу рақамларнинг ўзи ҳам исломнинг илм-маърифат дини эканини яққол кўрсатади.
Шу ўринда бир мулоҳаза. Айрим кишилар илм деганда фақат диний илмларни назарда тутиб, исломда дунёвий илмларнинг ўрни йўқ, деган нотўғри тушунчага бориб қолган. Аслида диний илмлар ҳам, дунёвий илмлар ҳам Яратганнинг илми бўлиб, уларни бир-биридан ажратиш мумкин эмас. Барча далилларни ўрганиб, хулоса қилган уламолар бундай деганлар: “Илм диний ва дунёвийга бўлинмайди, балки мақталган ва мазаммат қилинганга бўлинади. Диний ва дунёвий деб ажратиш улардаги мавзулар эътиборидан, холос. Тиббиёт, ҳисоб, саноат ва бошқа илмлар дунё манфаатлари учун керак. Бу илмлар фарзи кифоя ҳисобланиб, унга доим эҳтиёж сезилади. Тиббиёт илми зарурий илм бўлиб, у бадан саломатлиги учун хизмат қилади. Математика илмига келсак, у ҳам зарурий илмдир. Чунки молиявий муомалаларда, мерос ва васиятларни тақсим қилишда унга эҳтиёж бор. Агар шаҳар ёки қишлоқда бу илмларни биладиган киши йўқ бўлса, ҳамма тенг гуноҳкор бўлади. Шаҳар аҳолисидан уни бажарадиган киши чиқса, бошқалардан гуноҳ соқит бўлади. Деҳқончилик, тижорат, тўқимачилик, тикувчилик каби касбларнинг ҳам илмини билиш фарзи кифоя ҳисобланади. Агар юртда бирорта табиб бўлмаса, аҳоли ҳалокатга юз тутади. Бу эса ақлан аҳмоқлик, шаръан ман қилинган ишдир. Чунки Қуръони каримда: “Ўзингизни ҳалокатга дучор қилманг” (Бақара сураси, 195-оят), дея марҳамат қилинган.
Шунингдек, инсонлар қадимдан юқоридаги илмларни ўрганиб, унинг ортидан касб қилиб келади. Бу ишни ҳалигача ҳеч ким инкор қилган эмас. Ким мана шу илмларни ўрганар экан, нияти муҳтожга ёрдам бериш, заифларни қўллаш, ҳожатини раво қилиш, ўзига ва бошқа одамларга манфаат етказиш бўлса, ажр, савоб олади. Агар бу каби ният бўлмаса ҳам гуноҳкор бўлмайди, маломат қилинмайди.
Бугунги кунда инсоният эришган юксак тараққиёт ҳам илм-фан маҳсулидир. Шу боис ёшларимиз дунёвий илмларни чуқурроқ ўрганмаса, давр билан бирга қадам ташлашга қийналади. Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу: “Болаларингизга замонавий илмларни ўргатинглар, чунки улар ўз замонлари учун туғилганлар”, деган.
Ўтган ота-боболаримиз диний ва дунёвий илмларда пешқадам бўлиб, буюк кашфиётлар қилишган. Биз ҳам уларнинг йўлини тутиб, аждодларга муносиб авлод етиштиришимиз ҳам фарз, ҳам қарздир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсонларнинг энг яхшиси одамларга кўп манфаат етказадиганидир”, деганлар (Имом Табароний ривояти).
Шундай экан, Парвардигорга суюкли бўлиш учун дунё ишларида ҳам одамларга кўпроқ манфаат беришимиз лозим. Бунинг энг мақбул йўли тадбиркорлик, касб-ҳунар, тижорат, бугунги замонавий илм-фан соҳалари билан шуғулланиб, одамларни иш билан таъминлаш, бозору дўконларимизни ўз маҳсулотларимиз билан тўлдириб, хориж билан рақобатлаша оладиган даражага етишдир. Бунинг учун эса ҳар соҳанинг илмини пухта ўрганиш лозим. Шунда юртимиз равнақ топади, халқимиз фаровон ҳаёт кечиради.
Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий.
Маросим Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг Катта конференц-залида ўтказилди. Тадбир иштирокчиларига «Жаҳон жамоатчилигининг Ислом цивилизацияси марказига нигоҳи» махсус фильми намойиш этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Президенти матбуот котиби, Президент Администрацияси Коммуникациялар департаменти раҳбари Шерзод Асадов табрик сўзи билан иштирок этди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси маслаҳатчиси Музаффар Комиловнинг форум иштирокчиларига йўллаган мурожаатини Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг масъул ходими Раҳматулла Арзиев ўқиб эшиттирди.
Форум иштирокчиларига йўлланган қутлов сўзларида хорижий меҳмонлар ва медиа ҳамжамияти вакилларига миннатдорлик билдирилди. Форумнинг профессионал мулоқот, халқаро ҳамкорлик ва Ўзбекистоннинг тарихий-маданий меросини илгари суриш майдони сифатидаги аҳамияти таъкидланди.
Маросимнинг асосий воқеаларидан бири Euronews бош директори ва бош муҳаррири Клаус Штрунцнинг «Янги яқинлик: маданият, медиа ва ғоялар орқали Европа ва Марказий Осиёни бирлаштириш — Ислом цивилизацияси маркази глобал ахборот маконида» мавзусидаги махсус маърузаси бўлди.
Штрунц ислом цивилизациясининг тарихий, илмий, маънавий ва маданий меросини замонавий медиа форматлар орқали жаҳон аудиториясига етказиш, шунингдек, Европа ва Марказий Осиё ўртасида ахборот алмашинувини кучайтириш муҳимлигини таъкидлади.
Унинг қайд этишича, медиа воситалари турли мамлакатлар ва жамиятлар ўртасида нафақат ахборот алмашинувини таъминлаши, балки мулоқот учун кўприклар ҳам қуриши керак.
«Медиа воситалари фикрлар ва янгиликлар алмашинуви учун кўприклар қуриши мумкин ва қуриши шарт. Ахир медиа коммуникациясининг моҳияти ҳам айнан шунда — кўприклар қуришда. Бугун бу ерда, қадимий Ипак йўлида, келажагимиз учун айнан шу жараён содир бўлмоқда», — деди Клаус Штрунц.
Euronews раҳбари Европа ва Марказий Осиё ўртасидаги ахборот маконини янада яқинлаштиришни тарихий Ипак йўли анъаналари билан қиёслади. Унинг таъкидлашича, минтақалар ўртасидаги замонавий медиа алоқалар иқтисодий, маданий ва ижтимоий ҳамкорликнинг янги имкониятларини ҳам очиши мумкин.
«Ипак йўлида ахборот оқими қандай кечган бўлса, бир-биримиз билан мулоқот қилиш, бир-биримизнинг тилимизни тушуниш ҳам шундай бўлсин. Бу оддий техник жараёндан кўра кенгроқ тушунча. Бу ҳақиқий ҳамкорликнинг янги кўриниши, келажакдаги бутун иқтисодий тараққиёт учун ҳаракатлантирувчи куч бўладиган янги ахборот маконидир», — деди у.
Клаус Штрунц, шунингдек, Ўзбекистонда ёш авлоднинг катта улушга эга эканини алоҳида қайд этиб, бу мамлакатнинг келажаги учун улкан имконият эканини таъкидлади. У турли мамлакатлар ёшларини бирлаштирувчи медиа ва маданий лойиҳаларни амалга ошириш таклифини илгари сурди.
Унинг фикрича, турли соҳалар — спорт, илм-фан, таълим ва маданият вакилларидан иборат ёшларни бир жойга тўплаб, уларнинг тажриба алмашинуви, ҳужжатли фильмлар суратга олиши ва қўшма лойиҳаларда иштирок этиши учун имконият яратиш мумкин. Бундай ташаббуслар орқали мамлакатлар ва минтақалар ёшлари ўртасида янги алоқаларни шакллантириш мумкин.
«Бу фақат чиройли нутқларда эмас, балки аниқ ва амалий лойиҳаларда ўз ифодасини топиши керак», — деди Euronews бош директори.
Штрунц медиа соҳасидаги инновациялар ҳам айнан шу мақсад — ўтмиш меросини асраб, келажакни биргаликда яратишга хизмат қилиши кераклигини таъкидлади.
«Энг муҳими, медиа доимо инновацияларни ҳаракатга келтирувчи куч бўлиши керак. Аммо бу инновациялар бугун мен эшитган ажойиб мақсадга хизмат қилиши лозим: медиа соҳасида инновацияларни илгари суриш, қалбимизда ўтмишни асраб, келажакни яратиш», — деди у.
Euronews раҳбари форумда иштирок этишни медиа соҳасининг жамият олдидаги масъулияти билан боғлади. Унинг таъкидлашича, журналистика ва медиа фаолияти фақат бизнес ёки касб эмас, балки турли жамиятларни яқинлаштиришга хизмат қиладиган муҳим вазифадир.
«Ушбу ноодатий тадбирда медиа ҳамкор сифатида иштирок этаётганимиздан фахрланамиз. Биз учун бу шунчаки бизнес эмас, оддий касб ҳам эмас. Бу — ўз бурчимиз ва даъватимиздир», — деди Клаус Штрунц.
Шу тариқа, форумнинг очилиш маросимида медиа соҳасининг замонавий вазифалари, халқаро ахборот ҳамкорлигини ривожлантириш, маданий меросни янги форматларда жаҳон аудиториясига тақдим этиш ва турли минтақалар ўртасида янги ахборот кўприкларини барпо этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори, WOSCU Бошқарув раиси Фирдавс Абдухалиқов «Ислом цивилизацияси маркази — янги турдаги маданий-маърифий медиа платформа» мавзусида махсус маъруза қилди.
Абдухолиқов Марказ концепциясини тарихий мерос, илм-фан, музей иши ва янги медиаларни бирлаштирувчи замонавий халқаро майдон сифатида тақдим этди. У ислом цивилизацияси мероси ҳужжатли фильмлар, телевизион лойиҳалар, рақамли реконструкциялар, мультимедиа ва иммерсив экспозициялар, шунингдек, нашриёт ташаббусларида қандай янги талқин касб этаётгани ҳақида маълумот берди. Марказнинг халқаро медиа лойиҳалари, дунёдаги етакчи оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлиги, шунингдек, тарихий меросни ўрганиш ва оммалаштиришда сунъий интеллект ҳамда рақамли технологиялардан фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Маросим иштирокчиларига, шунингдек, Ислом цивилизацияси маркази ҳақида презентацион ролик намойиш этилди.
Халқаро медиафорумда 50 та давлатдан медиа ва экспертлар ҳамжамиятининг 300 нафарга яқин вакили иштирок этмоқда. Улар орасида халқаро телеканаллар ва ахборот агентликлари раҳбарлари ҳамда вакиллари, журналистлар, ноширлар, кинематографистлар, олимлар, тадқиқотчилар ва рақамли технологиялар соҳаси мутахассислари бор.
iccu.uz