Қуръон барча эҳтиёжларингиз ва амалларингиз учун дастуруламал бўлувчи Китобдир.
1. Сиз: “Омадсизман”, деб айтманг!
Чунки Аллоҳ таоло: “Мўминлар нажот топдилар” деб марҳамат қилган (Муьминун сураси, 1-оят).
2. Сиз: “Бунчалик қийин”, деб айтманг!
Чунки Аллоҳ таоло: “Бас, албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир. Албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир” деб марҳамат қилган (Шарҳ сураси, 5-6-оятлар).
3. Сиз: “Менга ҳеч ким ёрдам бермайди”, деб айтманг!
Чунки Аллоҳ таоло: “Мўминларга мадад бериш Бизнинг зиммамиздаги ҳақ бўлган” деб марҳамат қилган (Рум сураси, 47-оят).
4. Сиз: “Ёлғизман”, деб айтманг!
Чунки Аллоҳ таоло: “Қўрқмангиз! Албатта, Мен сизлар билан биргаман – эшитаман ва кўраман” деб марҳамат қилган (Шарҳ сураси, 5-6-оятлар).
5. Сиз: “Гуноҳларим жуда кўп”, деб айтманг!Чунки Аллоҳ таоло: “Албатта, Аллоҳ тавба қилувчиларни севади” деб марҳамат қилган (Бақара сураси, 222-оят).
6. Сиз: “Динга амал қилиш жуда қийин”, деб айтманг!Чунки Аллоҳ таоло: “Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди” деб марҳамат қилган (Бақара сураси, 185-оят).
7. Сиз: “Камбағал-фақирман”, деб айтманг!Чунки Аллоҳ таоло: “Имон келтирган ва солиҳ амалларни қилганлар учун мағфират ва фаровон ризқ бордир” деб марҳамат қилган (Ҳаж сураси, 50-оят).
8. Сиз: “Беморман”, деб айтманг!Чунки Аллоҳ таоло: “Қуръонни мўминлар учун шифо ва раҳмат ўлароқ нозил қилурмиз” деб марҳамат қилган (Исро сураси, 82-оят).
9. Сиз: “Бунга кучим етмайди”, деб айтманг!Чунки Аллоҳ таоло: “Аллоҳ ҳеч бир жонга тоқатидан ташқари нарсани таклиф этмайди” деб марҳамат қилган (Бақара сураси, 286-оят).
10. Сиз: “Меҳнатларим қадрланмаяпти, ўзимни қадрсиз ҳис қиляпман”, деб айтманг!Чунки Аллоҳ таоло: “Албатта, бу сизлар учун мукофот ва сизларнинг саъй-ҳаракатларингиз (Аллоҳ наздида) мақбулдир” деб марҳамат қилган (Инсон сураси, 22-оят).
11. Сиз: “Шайтоннинг макри бунча кучли”, деб айтманг!Чунки Аллоҳ таоло: “Албатта, шайтоннинг макри заифдир” деб марҳамат қилган (Нисо сураси, 76-оят).
12. Сиз: “Ғалаба узоқда”, деб айтманг!Чунки Аллоҳ таоло: “Огоҳ бўлингки, Аллоҳнинг ёрдами (ҳамиша) яқиндир” деб марҳамат қилган (Бақара сураси, 214-оят).
Аллоҳ таоло ҳаётимизнинг ҳар бир лаҳзасини Қуръони карим оятларига мувофиқ ўтказишимизга тавфиқ ато этсин!
Даврон НУРМУҲАММАД
Истиқлолимизнинг 35 йиллик байрами арафасида Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев иштирокида Қувасой шаҳрида хайрия тадбир ўтказилди. Унда 33 та хонадонга озиқ-овқат маҳсулотлари, 43 нафар болажонга эса ўқув қуроллари ва кийим-кечаклар ҳадя қилинди.
Тадбирда фарзандлар учун муносиб шароит яратиш эзгуликнинг энг гўзал кўринишларидан бири экани, бугун ёш авлоднинг билими ва камоли учун қилинган ҳар бир хайрли амал эртанги кун тараққиётига муҳим ҳисса бўлиб қўшилиши таъкидланди.
Бундай тадбирлар, шунингдек, Бувайда туманидаги «Катта маҳалла» масжиди жамоаси томонидан ҳам ташкил этилди. Унда ижтимоий кўмакка муҳтож ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларидан 70 нафарига мактабда таълим олиши учун зарур бўлган ўқув қуроллари тарқатилди. Болажонлар мустақиллик байрами ҳамда бошланажак янги ўқув йили билан муборакбод этилди.
Илм ва ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бундай эзгу ташаббуслар Фарғона шаҳридаги "Хўжамбердибой", Сўх туманидаги "Султон Маҳмуд" масжиди жамоаси томонидан ҳам ташкил этилмоқда.
ЎМИ Фарғона вилояти вакиллиги Матбуот хизмати