Ўзбекистон Республикасида оила, оналик, оталик ва болалик давлат ҳимоясидадир. Ўзбекистон Республикасида оналик ва оталик иззат-икромга ҳамда ҳурматга сазовордир” (Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси. 4-модда).
Ислом дини кўрсатмалари доимо воқеъликка мос тарзда бўлган. Шунинг учун динимиз кўрсатмаларида инсоннинг кундалик турмуш тарзининг ҳеч бир соҳаси эътибордан ташқарида қолмаган.
Шунингдек, шариат аҳкомларида ҳеч қачон бир тарафлама ёндашиш ва қайсидир мартабадаги инсонларга алоҳида тарафкашлик бўлмаган. Ҳар бир муомала ҳар томонлама мукаммал тарзда тартибга солинган.
Ислом дини ҳукмлари мислсиз адолатга асосланган.
Адолат эса ҳар нарсанинг меъёридир. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бизларни ҳар бир ишда адолат билан ҳукм чиқаришимизга буюрган: “Албатта, Аллоҳ сизларга омонатларни ўз аҳлига эриштиришни ва агар одамлар орасида ҳукм қилсангиз, адолат ила ҳукм қилишни амр қиладир. Аллоҳ сизларга қандай ҳам яхши ваъз қилур! Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи зотдир” (Нисо сураси, 58-оят).
Ислом ҳар бир жавобгар шахсни адолатга ўз меъёрида риоя қилишга чақиради. Аллоҳ таолонинг ҳар тасарруфоти адолатга асосланган. Шариатимизда бандага тоқатидан ташқари зулм қилинмайди, балки адолат ила тоқатига яраша амал қилишга буюриладики, токи жамият омонлик ва барқарорликни ҳис қилсин. Токи амаллар ва ободонлик учун вақт ажратсин.
Жумладан оила масаласида фарзанднинг вужудига сабабчи бўлган ота ва онанинг ҳурмат-эҳтироми баён қилиниши билан бирга фарзанднинг ҳам ота-она зиммасидаги ҳақларга эътиборсизлик қилинмаган. Чунки Ислом дини кўрсатмалари буюк илоҳий дастур эрур.
Шубҳасизки, ота-оналар фарзандларнинг дунёга келишининг асосий сабабчиларидир. Улар фарзандининг роҳати учун бор-йўғини нисор айлагайлар. Фарзандларининг бахту-саодати ва фароғатлари учун бор-будини фидо қилурлар. Аллоҳ субҳоналлоҳу ва таоло бундай марҳамат қилади: “Ва Аллоҳга ибодат қилинглар ва Унга ҳеч нарсани ширк келтирманглар. Ота-онага яхшилик қилинглар” (Нисо сураси, 36-оят).
Ота-она ҳақларини айтиб тугата олмаймиз, лекин фарзанднинг ҳам шариатимиз кўрсатмаларига мувофиқ ҳақлари борки, кимки бунга риоя қилмаса нафақат ўз жигарбандига, балки бутун жамиятга хиёнат қилган бўлур.
Ҳолбуки фарзандларимиз нафақат бизнинг наслимизнинг давомчилари, балки бутун жамиятнинг келажаги ҳамдир. Келажак авлода олдида, жамият олдида, юрт олдида ва Ватан олдида ҳар биримиз ўз фарзандалримиз учун масъулдирмиз.
Шаҳобиддин ПАРПИЕВ,
Асака туманидаги "Муҳаммадсолиҳ" жоме масжиди имом-хатиби.
Сайёр йиғилиш
Бир кишига кўмаклашсангиз, у қанчалик шод бўлади.
Энди бир эмас, ўн эмас, юздан зиёд оилага ҳам маънавий, ҳам маърифий, ҳам моддий кўмак берилса, қанча кишининг кўнгли кўтарилишини, сизни алқашини тасаввур қилиб кўринг-а.
Бугун Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов бошчиликларида пойтахтимизнинг Янги ҳаёт туманидаги «Ниёзмат ота» жоме масжидида маънавий-маърифий сайёр йиғилиш ўтказилди.
Тадбирда Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Эргашали домла Рустамов, Тошкент шаҳар туманлари бош имомлари, имом-домлалар, «Ҳаж 2026» иштирокчилари қатнашдилар.
Тумандаги ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш мақсадида маҳаллаларга ташриф буюрилди. Адашиб ақидаси бузуқ турли оқимлар таъсирига тушиб қолган шахслар, ажрим ёқасига келиб қолган оилалар билан ҳам суҳбатлар олиб борилди.
Катта ҳаёт тажрибасига эга ҳожи оталар, ҳожи оналар имом-хатиблар, отинойилар билан биргаликда олиб борган маърифий тарғиботлари ўз самарасини берди: юздан зиёд хонадонга ҳам маънавий, ҳам моддий ёрдам кўрсатилди.
* * *
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов Янги ҳаёт туманидаги маҳаллаларга ташриф буюриб, у ердаги бир қанча хонадонларга кириб, хонадон эгаларининг қалбларига хурсандчилик улашдилар.
Қувонарлиси, янги ўқув йили арафасида ҳомийларни жалб қилган ҳолда 30 та ҳақдор хонадон соҳиблари фарзандларига сумка, ўқув қуроллари ҳадя этилди.
Юздан зиёд хонадон эгаларининг кўнгли кўтарилиб, улар эзгу ишларнинг бошида турган барча азиз инсонларнинг ҳақларига хайрли дуолар қилишди.
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати