Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Доктор Муҳйиддин Аввома 1976 йили Ҳалаб шаҳрида таваллуд топган. Отаси шайх Муҳаммад Аввома билан Мадинаи мунавварага келганида уч ёшда бўлган. Сўнг Мадинани ватан тутиб, барча таълим босқичларини ўша ерда таҳсил олган.
12 ёшида Қуръонни тўлиқ ёд олиб, олий санад билан ижозага эга бўлган.
Муҳйиддин Аввома ҳадис, фиқҳ ва усулул фиқҳ бўйича 3 та фан доктори унвонига эга.
Илмда отасининг йўлидан юриб, аввало, қадимий услуб – Қуръони каримни ёдлаш, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг муборак суннатларини ўрганиш ва амал қилиш услубида, сўнг замонавий академик услубда давом эттириб, даврининг етук устоз ва олимларидан ақида, фиқҳ, усулул фиқҳ, ҳадис ва араб тили каби фанлардан мукаммал таълим олди.
Олим қатор илмий муассасалар раиси, таъсисчиси ва аъзоси ҳисобланади. Жумладан, “Инсониятга хизмат исломий илмий конференция”си раиси, “Имом Муҳаммад Қосим Нанутавий халқаро исломий мукофоти” ташкилоти таъсисчиси ва бош котиби, Малайзияда энг юқори илмий унвон – Малайзия Ислом университети илм курси устози мақоми бўйича падари бузруквори Муҳаммад Аввоманинг ноиби.
Халқаро Ислом фиқҳи академияси нашрга тайёрланаётган фиқҳий қоидалар энциклопедиясидаги ҳадис ва хабарларнинг тахрижи ва таҳқиқини ҳам доктор Муҳйиддинга топширган.
Малайзия Ислом университети қошидаги халқаро фатво ва илмий тадқиқотлар кенгашининг собиқ аъзоси.
Туркиянинг Ибн Халдун университети ҳадис ва ҳадис илмлари устози.
“Аввомия” ҳадис маркази таъсисчиси ва раиси. Бу марказнинг дунёнинг 17 мамлакатида шўъбалари бўлиб, ҳадиси шарифларни ўрганиш бўйича мутахассислар тайёрлаш билан шуғулланади.
Исломий илм ва тадқиқотларга ихтисослашган Истанбул “Дорул ҳадис” вақфи раиси ва таъсисчиси.
Ақида, тафсир, ҳадис, мусталаҳ, фиқҳ, усул, наҳв, шеър, тарих ва тарожим каби фанларга доир қатор китоблар ва рисолалар муаллифи. Баъзи китоб ва рисолалари қатор таълим муассасаларида дарслик ўлароқ ўқув режасига киритилган.
Отаси шайх Муҳаммад Аввомадан 35 йилдан буён фиқҳ, ақида, усул, ҳадис каби илмларни олиб келади ва у кишининг кўрсатмасига биноан қатор манҳажий китоблар билан танишиб чиққан. Отасининг қўлида таҳқиқ ва қўлёзмаларни ўрганиш бўйича узоқ йиллар давомида малака ҳосил қилган. Ибн Абу Шайбанинг “Мусаннаф” китобини тайёрлашда отаси Муҳаммад Аввоманинг асосий ёрдамчиси бўлган ва шундан кейин амалга оширилган барча илмий лойиҳаларда иштирок этган. Бугунги кунда отаси билан доимо бирга бўлиб, у кишининг илмларини тарғиб этиш ва тарқатиш ишларини давом эттирмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Даъво: Мазҳаб ушлаш фитнага сабаб бўлади.
Раддия: Бу фикр ташқи жиҳатдан бирликка чақириқдек кўринса-да, илмий жиҳатдан масалага соддалаштирилган ва тарихий тажрибага зид ёндашувдир.
Aввало, мазҳаб дегани Қуръон ва суннатдан мустақил дин эмас. Мазҳаб – Қуръон ва суннатни тушуниш методологияси. Хусусан, Aбу Ҳанифа асос солган ҳанафий мактаби Қуръон ва суннат матнларини усулий қоидалар асосида истинбот қилиш тизимидир.
Демак, мазҳаб тафарруқ эмас, балки тартибли фиқҳий тафаккур шаклидир.
Иккинчидан, тарихий тажриба шуни кўрсатадики, мусулмон жамиятларида тўртта фиқҳий мактабнинг мавжудлиги фитна эмас, балки илмий хилма-хиллик сифатида қабул қилинган. Фитна асосан мазҳаблар мавжудлигидан эмас, балки жаҳолат ва мутаассибликдан келиб чиққан. Илмий мактабнинг ўзи эмас, балки уни нотўғри тушуниш муаммо туғдиради.
Учинчидан, “мазҳабсизлик бирлик келтиради” деган ғоя амалиётда аксини кўрсатди. Ҳар ким матнни ўз фаҳмига кўра талқин қила бошлаганда, ягона мезон йўқолади ва натижада кўплаб мустақил, бир-бирини инкор қилувчи қарашлар пайдо бўлади. Бу эса бирлашув эмас, балки парокандаликни кучайтиради. Усулсиз ижтиҳод фитнага яқинроқ.
Aқидавий ва фиқҳий мувозанат нуқтаи назаридан Aбу Мансур Мотуридий анъанаси шуни кўрсатадики, динни тушунишда илмий мезон зарур. Мезонсиз “тўғридан-тўғри Қуръон ва суннатга эргашиш” шиори амалда субъектив талқинларга йўл очади. Тарихда айнан шундай ёндашувлар бир-бирини “Aҳли сунна эмас” деб чиқаришгача олиб борган.
Шуни ҳам унутмаслик керакки, саҳобалар давридаёқ фиқҳий ихтилоф мавжуд эди. Лекин бу ихтилоф умматни бўлмаган. Чунки у усул асосида эди. Мазҳаблар ана шу саҳоба ва тобеинлар меросининг тизимлаштирилган шаклидир.
Хулоса қилиб айтганда, мазҳабнинг ўзи фитна эмас. Фитна – илмий мезонсизлик, жаҳолат ва такфирий руҳиятдир. Мазҳаб эса асрлар давомида умматни тартибга солган, фиқҳий бирликни сақлаган институтдир. Шунинг учун “мазҳаб ушлаш фитна” деган умумий ҳукм илмий асосга эга эмас ва тарихий тажрибага зид хулосадир.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи,
Тошкент ислом институти ўқитувчиси