Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
30 Август, 2026   |   17 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:24
Қуёш
05:47
Пешин
12:24
Аср
17:04
Шом
19:04
Хуфтон
20:23
Bismillah
30 Август, 2026, 17 Рабиъул аввал, 1448

Ватани бор инсон бахтлидир

11.10.2024   10337   3 min.
Ватани бор инсон бахтлидир

Ватан – нафақат инсон, балки бутун мавжудот – тирик жон учун ўзига хос қўним топадиган маскан. Ватан – энг кўп қаламга олинган, сир-синоатли, серқирра, сержило гўша. Муфтий ҳазратлари Нуриддин Холиқназаровнинг “Исломда Ватан тушунчаси” номли китобида бундай дейилади: “Ватани бор инсон бахтли инсондир. Ватани йўқ инсон эса, бахтсиздир”. 


Ким Ватан тушунчасини яхши англаб етмас экан, унинг бағрида яшашидан маъно йўқдир. Шунга кўра уламоларимиз айтадилар: “Ватаннинг қадрига етмаган инсон, таъбир жоиз бўлса, ҳайвондан ҳам, паррандадан ҳам, ҳашаротдан ҳам тубанроқдир”.


2020 йил Президентимиз ташаббуси билан “Меҳр” дастури доирасида хориждан олиб келинган аёлларимиз ва уларнинг фарзандлари самолётдан тушар-тушмас азиз Ватанимизнинг тупроғини кўз ёш ила ўпиб, бош кўтармай йиғлаганларида, қалблар жунбушга келиб тит­ради.


“Меҳр – 4” дастури орқали Афғонистондан Термизга олиб келинган хоразмлик 2 нафар фарзанди бор аёлни кутиб олдик. Давлатимиз томонидан уй-жой, хўжалик анжомлари, ки­йим-кечак, озиқ-овқат маҳсулотлари бир зумда тайёр қилинди. Уй юмушларини ўргатиш, фарзанд тарбияси, руҳий ҳолатига малҳам бўлиш учун у билан бирга қолар эканман, эрта тонгда туриб, норасидаларнинг: “Аяжон, бу ерда бомба портламайдими, отишма бўлмайдими?” дея қўрқув билан берган саволи бутун вужудимни музлатиб юборган эди. Қизчалар деразалардан боқиб: “Жуда гўзал жой экан, бу ердан аскарлар машинаси ўтмайдими?” дея хавотир билан савол бериб, тинч жойда эканликларига ҳалиям кўзлари ишонмай турганини ҳаяжон билан қайта-қайта гапиришарди.


Аллоҳ таоло бандалари қалбига Ватанга бўлган муҳаббатни жо қилган. Инсон фақат ундагина хотиржам бўла олади. “Ўз уйинг – ўлан тўшагинг” деган ўзбек мақоли бежиз айтилмаган.


Шунинг учун ҳам ҳар бир ота-она тўғрисўзлик, ҳалоллик каби юксак инсоний фазилатлар қатори ватанпарварлик, халққа, динга, мусулмонларга холис хизмат қилиш туйғуларини ҳам фарзандлар қалбига чуқур сингдириши лозим.


Шунингдек, барча олиму уламолар исмларини Ватанлари номи билан боғлаб нисбат олганлар, яъни инсонга энг қадрли нарса унинг исми бўлади. Аммо улуғлар ўзларининг номи ила эмас, балки “Хоразмий”, “Бухорий”, “Самарқандий”, “Термизий”, “Фарғоний” каби Ватанни англатувчи номлар ила дунёга машҳур бўлганлар. 


Ўтмишга назар ташласак, аждодларимиз она-Ватан мус­тақиллигини, мана шу дориломон кунларни асрлар оша орзу қилиб яшаганини яхши биламиз. Ватанга муҳаббат Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам қалбларида ҳам алоҳида ўрин тутган. Макка мушрикларининг зулми ҳаддан ошиб, у зотнинг жонларига қасд қилиш даражасига борганда Аллоҳнинг буйруғига биноан Маккадан чиқиб кетишга мажбур бўлдилар. Ўша онда кўзга ёш олдилар, кўнгиллари бўшаб, Маккага қараб бундай дедилар: (Эй Макка), сендан кўра менга севимлироқ ва суюклироқ шаҳар йўқ! Агар қавмим мени сендан чиқармаганида асло сендан бошқа жойни макон тутмасдим” (Имом Термизий ривояти).


Абу Амр ибн Аъло раҳматуллоҳи алайҳ: “Кишининг вафодорлиги унинг ўз Ватани учун қайғуришидан, яқинларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ўкиниб яшашидан билинади”, деган.

Мана шундай саодатли кунларда жаннатмакон диёримизда яшовчи барча юртдошларимизнинг шоду хуррам бўлишларини, мустақиллигимиз абадий бўлишини Аллоҳ таолодан сўраб қоламиз.

 

Феруза ОТАЖОНОВА,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хоразм вилояти
вакилининг хотин-қизлар
масалалари бўйича ёрдамчиси

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар

От изини той босар

14.08.2026   42229   1 min.
От изини той босар

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ўғил ҳар ойлик маошини онасига топширар, унинг юзидаги табассумни кўриб, ўзини дунёдаги энг бой инсон деб ҳисобларди.
Йиллар ўтиб, онаси оламдан ўтди. Навбатдаги маошини олган ўғил бир зум не қиларини билмай қолди-ю, бир қарорга келди: «Пулларни онамнинг номидан эҳсон қиламан».


Шу кундан эътиборан, у ҳар ой масжидларга сув куллерлари ўрнатишни одат қилди. Намозхонлар сув ичиб, онасининг ҳақига дуо қилишларидан қалби таскин топарди.


Кунлардан бир кун маҳалла масжидида янги куллер ўрнатилганини кўриб, «Аттанг, бу сафар кечикдим-а», деб ўкинди. Шунда ёнига имом келиб:


– Хайрли ҳадя учун раҳмат, – деди.

– Узр, адашдингиз, шекилли. Буни мен олиб келмадим...

– Йўқ, адашмадим. Буни сизнинг номингиздан ўғлингиз келтирди.

Орқасига ўгирилган ота жилмайиб турган ўғлига кўзи тушди.

– Болам, бунга пулни қаердан олдинг? – ҳаяжондан кўзлари ёшланди отанинг.

– Ота, анчадан бери менга берадиган пулларингизни йиғиб юргандим. Сиз бувижоним учун хайрли иш қилаётганингизни кўриб, мен ҳам сиз учун шундай қилишни истадим.


Отанинг кўзларидан қувонч ёшлари сизиб чиқди. У ўғлига насиҳат қилмаган, шунчаки ўз амали билан намуна бўлганди.


Ҳа, фарзандлар эшитган гапларини унутиши мумкин, аммо кўрган амалларини ҳеч қачон унутмайди. Бугун ота-онамизга қилган яхшилигимиз эртага фарзандларимиздан албатта қайтади.


Акбаршоҳ РАСУЛОВ