Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Фақиҳ олимлардан Алий ибн Абу Зиё Нуриддин Шабромаллисий Қоҳирий ҳазратлари 1589 йили Қоҳиранинг ғарбий қисмидаги Шабромаллис қишлоғида дунёга келади. Уч ёшда сувчечакка чалинади. Ёшлигида кўздан қолиб, бутун умр ана шу зайлда яшади. Лекин Аллоҳ таоло у зотга кўз нури эвазига қалб нурини ато қилди. У ёшлик пайтидаёқ Қуръони Каримни ёд олади. 1008 ҳижрий санада отаси ҳамроҳлигида Мисрга келади. У ерда «Шотибийя», «Хулоса», «Баҳжа ал-Вардийя», «Ал-Минҳаж», «Нузумут таҳрир» ва бошқа матнларни ёд олади. Кейин Азҳарга кириб, ўқишни давом эттиради.
Хуллас, Қоҳирага таълим олиш учун келган шу зот аввалига илм олиш борасида сезиларли натижаларни қўлга кирита олмади. Ҳарчанд уринмасин, кўзланган мақсад ҳосил бўлмас эди. Ҳатто, иш шу даражага етдики, илм толиби бўлган Алий Шабромаллисий бир оз умидсизликка ҳам тушди.
Ўша маҳзун кунларнинг бирида ёнига бир киши келиб: «Мен сенга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўқиладиган бир салавотни ўргатаман, уни ҳар куни шом билан хуфтон оралиғида ўқисанг, иншааллоҳ, илминг ривож топади», деб айтади. Салавот қуйидагича эди:
«Аллоҳумма солли ъала саййидинаа Муҳаммадин ва аълиҳи камаа лаа ниҳаята ликамаалика ва ъадада камаалиҳи».
Шайх Шабромаллисий ушбу салавотни шом билан хуфтон оралиғида ўқий бошлайди.
Аллоҳ таоло мана шу салавотнинг баракотидан илмига шу даражада ривож ва зиёдалик ато этадики, ҳатто «Шифо» китобига шарҳ ва «Байзовий» тафсирига ҳошия ёзган Шиҳобиддин Хофажий у кишининг ҳузурида ўтириб, бир қоғозни олиб, ёзган нарсаларида бир оз ўзгартириш керак бўлган ўринларни топиб, тўғрилаб ўтирар эди. У шанбадан бошлаб, то жума кунигача тушунмаган нарсаларини ёзиб борар, жума куни эса Алий Шабромаллисийнинг масжидига келиб, бирма-бир савол бериб, жавоб олар эди. Ўшанда шайх Хофажий ерда ўтирган ҳолида ёзиб олар, Али Шабромаллисий эса курсида ўтириб жавоб берарди. Шайх Шабромаллисий кўзи ожизлигига қарамай, ёддан Хофажийга жавоб айтарди. Шу ўринда шайх Шиҳобиддин Хофажий билан ҳам яқинроқ танишиб олсак.
Шайх Шиҳобиддин Хофажий таниқли олим бўлиб, 13 мужалладдан иборат шеърий услубда ёзилган «Хизанатул адаб» китобининг муаллифи Абдулқодир Бағдодийнинг устози эди. Абдулқодир Бағдодий беш минг қасидани ёд олган эди. Бу юз минг байтга тўғри келади. У устози ҳақида гапириб: «Мен у кишининг денгиздек илмидан бир томчисига эга бўлдим холос», деган эди.
Сўзим сўнгида илм талабида юрган талаба йигитлар, дўстларимизга ушбу салавотни шом билан хуфтон оралиғида ўқиб юришни тавсия қиламан.
«Аллоҳумма солли ъала саййидинаа Муҳаммадин ва аълиҳи камаа лаа ниҳаята ликамаалика ва ъадада камаалиҳи».
Маъноси: Аллоҳим, Сенинг камолинг ва унинг бениҳоя адади миқдорича Муҳаммад алайҳиссаломга ва у зотнинг оилаларига салавот ва салом йўлла.
Анвар Турсунов таржимаси
Боку шаҳрида Туркий давлатлар муфтийлари йиғилиши доирасида улуғ мутафаккир, тасаввуф олими Саййид Яҳё Бокувий меросига бағишланган халқаро конференция ўз ишини бошлади.
Ушбу нуфузли тадбирда Туркий давлатлар ташкилоти, Бутунжаҳон мусулмон донишмандлар кенгаши, IRCICA, ICESCO, Ал-Азҳар уламолар кенгаши вакиллари ҳамда етук шарқшунос ва исломшунос олимлар иштирок этмоқда.
Анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари маъруза қилдилар.
Муфтий ҳазратлари Саййид Яҳё Бокувийнинг тасаввуф тарихидаги мақоми ва унинг таълимоти ҳақида тўхталдилар. Шунингдек, нутқда аллома нафақат тасаввуф, балки диний илмлар, табиий ва аниқ фанларни эгаллаган қомусий олим бўлгани, ўттизга яқин асарлари инсон нафсини тарбиялашда муҳим қўлланма экани таъкидланди.
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Қуръони карим ва ҳадиси шарифларга таянган ҳолда қалб саломатлиги ва поклиги инсон ҳаётининг бош мезони эканини баён этиб, туркий халқларни боғлаб турган умуммаънавий илдизларга алоҳида урғу бердилар:
«Ҳазрат Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд ва Саййид Яҳё Бокувий каби буюк зотлар илгари сурган нафс тарбияси, инсонпарварлик ва юксак ахлоқ ғоялари бугун ҳам қардош халқларимизни бирлаштириб турувчи мустаҳкам маънавий кўприкдир. Бундай улуғ сиймолар меросини ҳамкорликда ўрганиш халқларимизнинг маънавий бирлигини мустаҳкамлаш ва ёшларимизни соғлом эътиқод руҳида тарбиялашга хизмат қилади».
Уч кунлик анжуман давомида Ўзбекистон илмий жамоатчилиги ҳам маърузалар билан иштирок этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати