Кавказ мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий шайхул-Ислом Аллоҳшукур Пошшозода 1949 йил 26 августида Озарбайжоннинг Ленкоран тумани Жил қишлоғида таваллуд топган.
Аллоҳшукур Пошшозода мактабни тамомлагач, 1968 йили 19 ёшида Бухородаги Мир Араб мадрасасига ўқишга келади. Мадрасани тугатиб, Имом Бухорий номидаги Ислом институтига ўқишга киради. Олийгоҳни 1975 йилда тугатиб, шу йилнинг ўзида Кавказ мусулмонлари идорасига масъул котиб ва раис ўринбосари қилиб ишга олинади. 1979 йилнинг ёзида Кавказ мусулмонлари диний идорасининг раиси этиб сайланади ва шайх ул-ислом мақомига эга бўлади.
Аллоҳшукур Пошшозода 1985 йилдан Иордания қироллиги академиясининг, 1988 йилдан Умумжаҳон Ислом конгресси маслаҳатчиларининг аъзосидир. У 1992 йилда Озарбайжон, Грузия, Доғистон, Ингушетия, Чеченистон давлати диний арбоблари томонидан Кавказ халқининг юқори диний маслаҳатчи раиси этиб сайланган. Шунингдек, 2004 йилдан БМТнинг Халқаро диний маслаҳатчи раиси сифатида фаолият кўрсатмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бугун, 15 сентябрь куни Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев Боку шаҳрида бўлиб ўтаётган Туркий давлатлар муфтийлари йиғилиши ва халқаро анжуманнинг нуфузли иштирокчиларини қабул қилди.
Самимий ва дўстона руҳда ўтган мулоқотда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Озарбайжон етакчисига Давлатимиз Раҳбарининг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказдилар.
Учрашувда қардош давлат Раҳбари нутқ сўзлаб, халқаро анжуманларнинг аҳамиятига тўхталди. Мулоқот чоғида сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик ва дўстона алоқалар янги босқичга кўтарилгани алоҳида эътироф этилди.
Туркий давлатлар етакчиларининг қатъий сиёсий иродаси ва саъй-ҳаракатлари натижасида илм-фан, таълим, маданий-гуманитар ҳамда диний-маърифий жабҳаларда ҳамкорлик жадал суръатларда ривожланаётгани таъкидланди. Бу эзгу саъй-ҳаракатлар Диний идоралар раҳбарларининг муштарак мақсадлар йўлида бирлашиши, халқларимиз ўртасидаги қардошлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, тинчлик-осойишталикни асраш ҳамда замоннинг долзарб масалалари бўйича муштарак фатво ва баёнотлар қабул қилишда муҳим пойдевор бўлаётгани қайд этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати