Шу йилнинг 15-16 октябрь кунлари юртимизда бўлиб ўтадиган “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзуидаги халқаро конференцияга тайёргарлик ишлари ниҳоясига етди.
Ушбу халқаро конференцияга бир неча ҳамкор ташкилотлар томонидан қизғин тайёргарлик кўрилиб, анжуман иши учун барча шароитлар ҳозирланди. Дарвоқе, асосий мулоқот майдони бўлган пойтахтимиздаги “Hilton” мажмуасининг анжуманлар зали халқаро конференция ўтказиш учун шай қилиб қўйилди.
Конференция иштирокчиларини кутиб олиш, меҳмонхоналарни жойлаштириш, уларни халқаро анжуманга оил ахборотлар билан таъминлаш, шунингдек, меҳмонларни пойтахтимиз ва Хоразм вилоятининг диққатга сазовор манзиллари билан таништириш каби ташкилий ишларга алоҳида эътибор қаратилди.
Мартабали меҳмонлар учун сўнгги йилларда юртимизда амалга оширилган диний-маърифий ўзгаришлар ҳақида ўзбек, инглиз, рус ва араб тилларида рисола, анжуманнинг мазмун моҳияти тўғрисида буклет ва эсдалик совғалари тайёрланди.
Айни кунларда мазкур конференция ҳақида матбуот ва оммавий ахборот воситаларида ҳамда ижтимоий тармоқларда мунтазам чиқишлар ташкил қилиняпти.
Бу каби саъй-ҳаракатлар юртимизга меҳмон бўлиб келган турли мамлакатлар вакилларида ёрқин таассурот қолдиради.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Кўпинча денгиз сатҳи ташқаридан қараган кишига гўёки ипакдан тўқилган майин гиламни тўшаб қўйгандек, тинч ва сокин кўринади...
Лекин ўша тинч ва сокиндек кўринаётган алдамчи манзара остида тинимсиз кураш, ҳаёт ва мамот тўқнашувлари, ҳалокатли нидолар яшириниб ётади. Денгиз қаърида китлар, акулалар, илонлар ва сувсарлар сузиб юради, бир-бирларини ўлжага айлантириш мақсадида тинимсиз таъқиб қиладилар.
Худди шу каби сизнинг юзингиз ҳам ойна қаршисида тинч, меҳрли ва мусаффо кўринади. Аммо танангизни ичида эса, хужайралар ғалаён қилади, нафс хоҳишлари аланга олади, ғаризалар авж олади ва адоватлар оловланади.
Агар сиз денгиздаги ўша махлуқлар жанг қилаётган чегаралардан ўтиб, денгизнинг уларданда қаърига етиб борсангиз, у ерда сукунат ҳукмрон эканлигини, садафлар, марваридлар ва маржонлар яшаётганини кўрасиз.
Худди шунингдек, танангизда ҳам агар нафсоний ҳирслар ҳукмронлик қилаётган чегарадан ўтиб олиб, руҳият ҳудудига етиб борсангиз, у ерда сакинат топасиз, ҳикмат зиёсининг нуридан баҳра оласиз, Парвардигорнинг ҳузуридан оқиб чиқаётган муҳаббат булоғидан қонасиз.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ