– 15-16-октабр кунлари Ўзбекистоннинг гўзал ва қадимий Тошкент ва Хива шаҳарларида “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” номли халқаро конференция ўтказилмоқда. Мазкур нуфузли анжуманда иштирок этаётганимдан бениҳоя шодман.
Конференция доирасида Ўзбекистон халқаро ислом академиясида муассаса вакиллари билан мулоқот олиб бордик. Бу ерда “Қўлёзмаларни тадқиқ қилишнинг назарий асослари” номли китобимнинг ўзбек тилидаги тақдимоти ҳам ўтказилганидан жуда қувондим. Академия ва “Дорул Махтутот” маркази ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини муҳокама қилдик, тажриба алмашдик.
Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларга юқори баҳо бераман. Ўзбекистон тинчлик-хотиржамлик ҳукм сурадиган диёр. Ўзбек халқи шу юртда туғилиб вояга етган, ўзининг ниҳоятда серқирра илмий-ижодий фаолияти билан дунё аҳлини лол қолдирган, дунё тамаддуни ривожига беадоқ ҳисса қўшган улуғ аждодлари билан фахрланса арзийди.
Шарқ бир неча асрлар давомида тараққиётнинг ўзаги бўлиб келган. Бугун ҳам унинг нури умумбашарий маданий ва илмий мерос сифатида кенг нур сочаётганлигини алоҳида таъкидлаш лозим.
Президент ташаббуси билан ўтказилаётган “Ислом – тинчлик ва эзгулик” дини мавзусидаги халқаро конференция эса ҳозирги глобаллашув жараёнида ислом мўътадиллик ва бағрикенглик дини эканини намоён қиладиган муҳим маърифат майдони эканини таъкидламоқчиман.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг буюк аллома ва мутафаккирларнинг дунё, хусусан, мусулмон илм-фани ва цивилизацияси равнақига қўшган муносиб ҳиссаси, муқаддас ислом динининг инсонпарварлик моҳияти бўйича фундаментал тадқиқотлар ўтказишга оид дастурлар, илмий лойиҳаларни ишлаб чиқиш, уларни амалга оширишга қаратилган чора-тадбирларни ўтказишни қўллаб-қувватлаб билдирган ташаббусларини юқори баҳолайман.
Маҳмуд Мисрий,
Туркиянинг Истанбул шаҳридаги қўлёзмаларни ўрганишга ихтисослашган “Дорул Махтутот” маркази бош директори
https://iiau.uz/oz/news/3434
Хабар берганимиздек, 19-20 август кунлари Ислом цивилизацияси марказида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг «Замонавий диний таълим: педагогика, илм-маърифат ва инновация» номли I илмий-амалий анжумани бўлиб ўтмоқда.
Бугун, 19 август куни иштирокчилар кутиб олиниб, уларнинг Ислом цивилизацияси марказига саёҳати ташкил этилди. Ташриф давомида меҳмонлар марказнинг бой экспозициялари, Қуръони карим зали, нодир қўлёзмалар ҳамда буюк аждодларимизнинг илмий меросига бағишланган бўлимлар билан яқиндан танишди. Айниқса, замонавий мультимедиа лойиҳалари ва тарихий экспонатлар уларда чуқур таассурот қолдирди.
Устозлар Марказда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ислом маърифатини тарғиб қилиш ҳамда ёш авлодни миллий-диний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этишини эътироф этишди.
Шунингдек, иштирокчилар Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ҳам бўлишди. Ҳазрати Имом мажмуасидаги тарихий қадамжо ва обидаларни зиёрат қилишди.
Оқшомда Ислом цивилизацияси маркази биносида маърифий дастур – mapping намойиш қилинди.
Мазкур тадбирлар ислом цивилизацияси меросини тарғиб этиш, диний таълим тизимини янада такомиллаштириб, янги босқичга олиб чиқишда салмоқли ҳисса бўлиб қўшилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати