– 15-16-октабр кунлари Ўзбекистоннинг гўзал ва қадимий Тошкент ва Хива шаҳарларида “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” номли халқаро конференция ўтказилмоқда. Мазкур нуфузли анжуманда иштирок этаётганимдан бениҳоя шодман.
Конференция доирасида Ўзбекистон халқаро ислом академиясида муассаса вакиллари билан мулоқот олиб бордик. Бу ерда “Қўлёзмаларни тадқиқ қилишнинг назарий асослари” номли китобимнинг ўзбек тилидаги тақдимоти ҳам ўтказилганидан жуда қувондим. Академия ва “Дорул Махтутот” маркази ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини муҳокама қилдик, тажриба алмашдик.
Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларга юқори баҳо бераман. Ўзбекистон тинчлик-хотиржамлик ҳукм сурадиган диёр. Ўзбек халқи шу юртда туғилиб вояга етган, ўзининг ниҳоятда серқирра илмий-ижодий фаолияти билан дунё аҳлини лол қолдирган, дунё тамаддуни ривожига беадоқ ҳисса қўшган улуғ аждодлари билан фахрланса арзийди.
Шарқ бир неча асрлар давомида тараққиётнинг ўзаги бўлиб келган. Бугун ҳам унинг нури умумбашарий маданий ва илмий мерос сифатида кенг нур сочаётганлигини алоҳида таъкидлаш лозим.
Президент ташаббуси билан ўтказилаётган “Ислом – тинчлик ва эзгулик” дини мавзусидаги халқаро конференция эса ҳозирги глобаллашув жараёнида ислом мўътадиллик ва бағрикенглик дини эканини намоён қиладиган муҳим маърифат майдони эканини таъкидламоқчиман.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг буюк аллома ва мутафаккирларнинг дунё, хусусан, мусулмон илм-фани ва цивилизацияси равнақига қўшган муносиб ҳиссаси, муқаддас ислом динининг инсонпарварлик моҳияти бўйича фундаментал тадқиқотлар ўтказишга оид дастурлар, илмий лойиҳаларни ишлаб чиқиш, уларни амалга оширишга қаратилган чора-тадбирларни ўтказишни қўллаб-қувватлаб билдирган ташаббусларини юқори баҳолайман.
Маҳмуд Мисрий,
Туркиянинг Истанбул шаҳридаги қўлёзмаларни ўрганишга ихтисослашган “Дорул Махтутот” маркази бош директори
https://iiau.uz/oz/news/3434
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрган хорватиялик меҳмон Невена Энглер Қуръони карим залида намойиш этилаётган ноёб мусҳафлардан катта таассурот олди. Бу таассурот уни Марказ музей тўпламини тарихий нашр билан бойитишга ундади, хабар бермоқда iccu.uz.
Касби бўйича пульмонолог шифокор бўлган Невена Энглер Марказ экспозициялари билан танишар экан, ислом цивилизациясининг бой илмий-маънавий меросига, айниқса, Қуръони карим залида тақдим этилган муқаддас китоб нусхаларига алоҳида қизиқиш билдирди. Турли даврларга мансуб мусҳафларнинг бир маконда жамлангани, уларнинг тарихий ва бадиий қиймати меҳмонда чуқур таассурот қолдирди.
Шундан сўнг у Сараево шаҳрида 1977 йилда нашр этилган Қуръони каримнинг икки тилли нусхасини Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ҳадя қилди.
Меҳмон ташриф таассуротлари билан ўртоқлашар экан, шундай деди:
«Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташрифим менда унутилмас таассурот қолдирди. Айниқса, Қуръони карим залида жамланган ноёб мусҳафлар, уларнинг тарихи ва бадиий гўзаллиги мени ҳайратга солди. Шунда менда ўзимиздаги Қуръони карим нашрини ҳам ушбу Марказга ҳадя қилиш истаги туғилди. Бу бебаҳо меросни асраб-авайлашга ўз ҳиссамни қўшаётганимдан мамнунман».
Мазкур китоб Сараево Шарқшунослик институтининг «Махсус нашрлар» туркумида VII жилд сифатида чоп этилган. Унда Қуръони каримнинг араб тилидаги асл матни ва таниқли шарқшунос Бесим Коркут томонидан серб-хорват тилига қилинган таржима жамланган.
Нашрнинг диққатга сазовор жиҳатларидан бири — унинг бадиий безакларидир. Таниқли рассом Мерсад Бербер ишлаган тасвирлар ва безаклар китобнинг нафақат диний-маърифий, балки бадиий қийматини ҳам оширади.
Хорватиялик меҳмон тақдим этган ушбу нашр Болқон минтақасида Қуръони каримни таржима қилиш ва нашр этиш анъаналарини ўрганиш нуқтаи назаридан ҳам аҳамиятлидир. У муқаддас китобни турли тилларда ўқиш ва англашга қаратилган илмий-маърифий фаолият тарихини акс эттиради.
Невена Энглернинг бу эзгу ташаббуси тарихий меросга бўлган ҳурматнинг амалий ифодасидир. Бундай туҳфалар Марказ музей тўпламини бойитиш билан бирга, халқлар ўртасидаги маданий мулоқотни ривожлантириш ва умумий маънавий қадриятларга бўлган эҳтиромни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати