Аллоҳ бутун инсониятни меҳр-оқибат ва тинч-тотув яшашга чақирди. Натижада, Ислом динининг нури шарқ ва ғарб бўйлаб тарқалди.
Айниқса, унинг нурини ўз илми ва маърифати ила порлашига хизмат қилган юртингиз уламоларини алоҳида таъикдлаб ўтиш лозим. Мовароуннаҳр буюк уламоларидан Ислом илмларининг барча соҳа ва йўналишлари бўйича катта илмий мерос қолдирди. Хусусан, Қуръони каримдан кейин энг ишончли манба бўлган “Саҳиҳи Бухорий” асари муаллифи, Ҳадис илмининг амири Имом Бухорий, “Шамоилул Муҳаммадия” асарини таълиф этган Имом Термизийнинг меросидан бутун Ислом олами фойдаланишини алоҳида эътироф этиш даркор.
Бугунги конференцияга танланган мавзу муқаддас динимиз асл мақсад ва ғояларини акс эттиради. Дарҳақиқат, Ислом дини тинчлик ва яхшиликлар, эзгуликлар динидир. Исломни ҳимоя қилиш, дунёда тинчликни ўрнатиш бугунги энг долзарб вазифамиз саналади.
Биз Бутун олам мусулмонлари уюшмаси уламолари инсониятни тинчликка чақирамиз.
Ушбу конференция ташаббускори Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига миннатдорлик билдираман.
Абдураҳмон Абдуллоҳ ал-Зайд,
Ислом олами уюшмаси Бош котиби ўринбосари (Саудия Арабистони)
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги муносабати билан турли соҳалар вакиллари фахрий унвонлар, орденлар ва медаллар билан мукофотландилар.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг диний-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори Камилов Музаффар Муратович "Дўстлик" ордени билан, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Абдухаликов Фирдавс Фридунович «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан, мазкур академиянинг "Араб тили ва адабиёти ал-Азҳар" кафедраси профессори Исломов Зоҳиджон Маҳмудович «Имом Бухорий» ордени билан ва академия ҳузуридаги "Зиё" медиа маркази директори Мухтаров Абдухамид Абдуахатович "Шуҳрат" медали билан тақдирландилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси доимий ҳамкор ташкилотларимиз раҳбарлари ва устозларни мазкур юксак мукофотлар билан муборакбод этиб, Аллоҳ таолодан мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги ва муборак динимиз ривожи йўлидаги фаолиятларида янгидан-янги муваффақиятлар тилаймиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати