Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
С.Жаннатдан ерга тушган бир парча нарса?
Ж.Каъбадаги Қора тош.
С.Каъбани биринчи тавоф қилганлар ким?
Ж.Фаришталар.
С.Қавмининг ҳаммаси имонга келган пайғамбар қайси?
Ж.Юнус алайҳиссалом.
С.Вафотида Арш ларзага келган саҳобий ким?
Ж.Саъд ибн Муъоз разияллоҳу анҳу.
С.Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларидан энг охирги вафот этгани ким?
Ж.Умму Салама разияллоҳу анҳо онамиз.
С.Туғмаган она ким?
Ж.Уммул қуро “Макка” (шаҳарларнинг онаси).
С.Намруд ёққан оловнинг ичида Иброҳим алайҳиссалом қанча муддат қолдилар?
Ж.Етти кун.
С.Нима учун Одам алайҳиссаломга одам деб исм қўйилди?
Ж.Тупроқлари ернинг юза қатламидан олингани учун. Нарсанинг юзаси араб тилида “адийм” дейилади.
С.Нима учун Ҳавво онамиз бундай исм билан номландилар?
Ж.Тирик (ҳаёт) нарсадан яратилганлари учун. Яъни Ҳавво “ҳаёт”дан олинган. Одам алайҳиссаломнинг тирик организмидан яратилган.
С.Арафот тоғи нима учун бундай ном билан аталган?
Ж.Одам ва Ҳавво жаннатдан ер юзига тушганларида биринчи бор шу тоғда учрашганлар. “Арафа” араб тилида таниди, билди деган маъноларни англатади.
С.Арабларнинг момоси деб номланган аёл ким?
Ж.Исмоил алайҳиссаломнинг оналари Биби Ҳожар онамиз.
С.Қуръонда нечта сажда ояти бор?
Ж.Ўн тўртта.
С.Шайтон эшитганида йиғлайдиган сура қайси?
Ж.Алиф лом мим Сажда сураси.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятининг аҳоли билан очиқ ва самимий мулоқотлари фуқаролар мурожаатларини ўрганиш ҳамда уларни ҳал этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бугун, 16 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков Диний идорага келган бир гуруҳ фуқароларни қабул қилиб, уларнинг мурожаат, арз ва таклифларини тингладилар.
Мулоқот давомида имомлар фаолиятини янада такомиллаштиришга оид таклифлар кўриб чиқилди. Шунингдек, устоздан хайрли дуо олиш ниятида келганлар, ўзлари ёзган китобларини тақдим этганлар ҳам бўлди. Моддий ёрдам сўраб мурожаат қилган фуқароларга эса белгиланган тартибда тегишли кўмак кўрсатилди.
Самимий қабул ва кўрсатилган эътибордан мамнун бўлган фуқаролар миннатдорлик билдириб, хайрли дуолар қилишди.
Дарҳақиқат, инсон дардига шерик бўлиш, унинг ташвишини енгиллатиш — савоби улуғ амалдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилганлар:
«Ким биродарининг ҳожатини раво қилса, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилади. Ким бир мусулмоннинг ташвишини аритса, Аллоҳ унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади» (Имом Бухорий ривояти).
Эслатиб ўтамиз, бундай қабуллар Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳудудий вакилликлари ҳамда барча жоме масжидларида ҳар чоршанба куни имом-домлалар томонидан мунтазам ўтказиб келинмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати