Айни кунларда Наманган вилоятидаги 190 дан зиёд жомеъ масжидларда юртимиздаги тинчлик ва фаровонлик шарофатидан таровеҳ намози ва хатми Қуръон эмин-эркин адо этилмоқда. Кўплаб масканларда ифторлик дастурхони ёзилиб, халқимизга осойишталик, файзу барака тилаб дуолар қилинмоқда.
Жумладан, Поп туманида Ўзбекистон Мусулмонлари идораси вилоят вакиллиги ташаббуси билан туман ҳокимлиги ва туман “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ҳамкорлигида 300 нафар кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга мухтож, ногиронлиги бўлган шахсларга ифторлик дастурхони ёзилди. Дуога қўл очганлар юртимизда тинчликик-омонлик бардавом бўлишини сўрадилар. Ижтимоий дафтарларга киритилган кишиларга эсдалик совғалари, озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди.

Қайд этиш жоиз, вилоятдаги имом-хатиблар, маҳаллий ҳокимликлар мутасаддилари, ҳомий ташкилотлар раҳбарлари, маҳаллалар фаоллари иштирокида жойларда инсон қадрини улуғлаш мақсадида муҳтож инсонларни йўқлов тадбирлари мунтазам равишда уюштириб келинмоқда. Муқаддас динимизнинг инсонпарварлик руҳи билан йўғрилган эзгу анъанларини муносиб давом эттиришга қаратилаётган бу эътибор юртдошларимиз томонидан мамнуният ила қарши олинмоқда.
Наманган шаҳридаги “Яҳёхон тўра” жомеъ масжиди Диёр ва Байналмилал маҳаллалари аҳолисига хизмат кўрсатади. Масжид фаоллари маҳаллалар масъуллари билан биргаликда бир қатор йўқлов тадбирларини ташкил этди.

Латифа Абдуғаниева Андижон кўчасида истиқомат қилади. Турмуш ўртоғи вафот этгач ёлғизланиб қолди. Қизини турмушга узатгач эса маҳалладошлари кўмагига суюнган онахон бу йўқловдан боши осмонга етди. Яна бир фуқаро Улуғбек Файзиев эса қўли гул уста эди. Хасталик сабабли бир йил аввал ётиб қолган бу бемор ҳам маҳалладошларининг кўнгил сўраганидан хурсанд. Зафар кўчасининг нуронийларидан бири Ҳалимахон Абдуллаева бу йил табаррук 83 ёшни қарши олди. Тақдир тақозосига кўра, ҳозир якка ўзи истиқомат қилаётган онахондан маҳалладошлар тез-тез хабар олиб туришади.

Вилоятдаги масжидлар имом-хатиблари бошчилигида ҳамкор ташкилотлар, шунингдек, жойлардаги “Инсон” ижтимоий хизматлар марказининг маҳаллалардаги ходимлари билан биргаликда “Рамазон – меҳр-мурувват, хайру саховат ойи” шиори остидаги йўқлов тадбирлари давом этмоқда. Қолаверса, диний соҳа ходимлари хонадонларга бориб, ифторлик тадбирини ўтказмоқда.

– Диёримизда ойларнинг султони, меҳр-шафқат рамзи бўлган, фазилати жиҳатидан бошқа ойлардан улуғ бўлган моҳи Рамазон уфуриб турибди. Рамазони шариф яхши амалларда мўминлар бир-бирлари билан мусобақалашадиган ойдир, – дейди “Яҳёхон тўра” жомеъ масжиди имом-хатиби Нуруллоҳ Жамолов. – Пайғабаримиз Муҳаммад алайҳиссалом “Кимки Рамазонда иймон билан савоб умидида рўзасини тутар экан, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади”, дедилар. Зеро, бугунги қилинаётган хайрли ишлар ўксик кишиларнинг дилларига ҳузур, лабларига табассум улашиш, албатта. Бу “Инсон қадри учун” тамойилининг амалдаги кўринишидир.
Оқилхон Дадабоев,
ЎзА мухбири
Бугунги жамиятимизда одоб-ахлоқ жиҳатидан оқсоқликлар кўзга ташланмоқда. Салом бериш, ёрдамга муҳтожларни кўрганда кўмаклашиш, ўзидан катталарга ҳурмат кўрсатиш каби қадриятлар камайиб бораётганини ҳеч ким инкор қилмаса керак. Ҳолбуки, ҳар бир ота-она фарзандининг илмли, солиҳ ва етук инсон бўлиб камол топганини кўришни орзу қилади. Бироқ “ҳолва” деган билан оғиз ширин бўлмайди. Яъни қуруқ орзу-ҳаваснинг ўзи кифоя қилмайди. Балки доимий ва тартибли таълим-тарбия ишига киришиш лозим бўлади. Бу борада жамиятдаги инсонларни уч тоифага бўлиш мумкин:
1. Ўзи ҳам амал қилиб, фарзандини ҳам эзгуликка етаклайдиганлар. Бу тутум дунё ва охират саодатини кўзлаган мўминнинг йўли. Тарбияда энг самарали омил ота-онанинг шахсий намунасидир. Болага, аввало, Аллоҳни танитиш ва солиҳ амаллар билан ўрнак бўлиш лозим. Қуръони каримда таъкидланганидек, иймон келтириб, эзгу амал қилганларга дунёда покиза ҳаёт, охиратда эса абадий жаннат башорати берилган (Наҳл сураси, 97-оят).
2. Ўзи амал қилмай, фарзанди тарбиясига мол-дунё сарфлайдиганлар. Унутманг, пул ҳамма нарсани ҳал қилмайди. Ота-онанинг ўзи диний ва ахлоқий мажбуриятларни бажармаса, панд-насиҳатлари фарзандга таъсир қилмайди. Оилавий муҳитда ота таъминотга, она тарбияга масъул бўлиб, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик бўлиши шарт.
Шунингдек, ота-оналарнинг беҳуда ишлар, масалан, телефонга кўп боғланиб қолиши тарбиядаги энг катта бўшлиқни юзага келтиради. Фарзанд камолоти учун унинг вақтини тўғри тақсимлаш, уйқу ва дарс тартибини доимий назоратда тутиш, тартибни ушлаш лозим. Энг муҳими, хулқ илмдан устун туради: хулқсиз берилган илм инсонни залолатга етаклайди, шу боис фарзандга гўзал ахлоқий тарбия бериб, сўнг илм билан зийнатлаш керак.
3. Ўзи ҳам амал қилмай, фарзандини ҳам бунга чақирмайдиганлар. Бу тоифанинг оқибати хатарлидир. Аллоҳ таоло Тоҳа сурасида бундай марҳамат қилади: “Ким Менинг зикримдан юз ўгирса, албатта, унинг учун танг ҳаёт бўлур...” (124-оят). Мана шу оятнинг ўзиёқ кишини сергак торттириб, бу тоифадан бўлиб қолмасликка ундаши лозим.
Хулоса шуки, фарзанд қалби ва руҳияти илдиз отиши керак бўлган дарахт кўчати кабидир. Унинг илдизини иймон ва тақво мустаҳкамлайди. Шундай экан, ким фарзандлари камолини кўришни истаса, амали ва эътиборини билан шунга ҳаракат қилсин. Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлда бардавом қилиб, зурриётларимиз камолини кўрсатсин.
Азиза РАҲМАТОВА,
Самарқанд тумани бош отинойиси