Бутунжаҳон мусулмон уламолари уюшмаси раиси, Доха динлараро мулоқот маркази раиси Шайх Али Муҳйиддин Қорадоғий қуйидаги фикрларни билди:
– Ўзбекистон азалдан исломнинг қуббаси бўлиб келган. Юртингиздан Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Хоразмий, Ибн Сино каби дин ва дунё илм-фани ривожига улкан ҳисса қўшган олимлар етишиб чиққан.
Ўзбекистонга эзгу мақсад билан, мусулмон уммати учун хайрли бўлган халқаро анжуман сабаб келиб турганимдан жуда мамнунман. Ислом динига, мусулмон умматига бўлган юксак ҳурмат ва эҳтироми учун Президентингиз Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига миннатдорлик билдирамиз.
Ўзбекистонда ислом маърифатини, унинг инсонпарварлик моҳиятини, англашга, бундай муҳим ғояларни ёшларга англатишга қаратилган сиёсатнинг қай даражада қатъий давом этаётганига мана шу анжуман яққол мисол бўла олади.
Бугунги Ўзбекистон ўз ислоҳотлари билан жаҳон ҳамжамиятида улкан хайрихоҳлик уйғотмоқда. Унинг сабабчиси эса Президент Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларидир. У кишининг бу ҳаракатлари замирида мамлакат фаровонлиги ва халқ манфаатлари ётганига ҳеч ким шубҳа қилмайди. Шу билан бирга, бу сиёсат муқаддас ислом динини исломофобиядан ҳимоя қилишга ҳам қаратилгандир. Ислом мудом яхши амалларни бажаришга чақиради. Бу чақириққа лаббай, деб жавоб бераётган бу диёрни мен жуда яхши кўраман.
Хабар берганимиздек, 19-20 август кунлари Ислом цивилизацияси марказида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг «Замонавий диний таълим: педагогика, илм-маърифат ва инновация» номли I илмий-амалий анжумани бўлиб ўтмоқда.
Бугун, 19 август куни иштирокчилар кутиб олиниб, уларнинг Ислом цивилизацияси марказига саёҳати ташкил этилди. Ташриф давомида меҳмонлар марказнинг бой экспозициялари, Қуръони карим зали, нодир қўлёзмалар ҳамда буюк аждодларимизнинг илмий меросига бағишланган бўлимлар билан яқиндан танишди. Айниқса, замонавий мультимедиа лойиҳалари ва тарихий экспонатлар уларда чуқур таассурот қолдирди.
Устозлар Марказда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ислом маърифатини тарғиб қилиш ҳамда ёш авлодни миллий-диний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этишини эътироф этишди.
Шунингдек, иштирокчилар Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ҳам бўлишди. Ҳазрати Имом мажмуасидаги тарихий қадамжо ва обидаларни зиёрат қилишди.
Оқшомда Ислом цивилизацияси маркази биносида маърифий дастур – mapping намойиш қилинди.
Мазкур тадбирлар ислом цивилизацияси меросини тарғиб этиш, диний таълим тизимини янада такомиллаштириб, янги босқичга олиб чиқишда салмоқли ҳисса бўлиб қўшилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати