Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
13 Март, 2026   |   24 Рамазон, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:21
Қуёш
06:39
Пешин
12:38
Аср
16:41
Шом
18:31
Хуфтон
19:43
Bismillah
13 Март, 2026, 24 Рамазон, 1447
Мақолалар

Шайхнинг пулини ўғирлаган ўғри

17.10.2024   13930   2 min.
Шайхнинг пулини ўғирлаган ўғри

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Шайх Миёнжи Нур Муҳаммад Жанжонвий раҳимаҳуллоҳ зокир (Аллоҳни кўп зикр қилувчи) сифатида танилган буюк олимлардан эди. Ҳар сафар бозорга борганида харидларга тўлов қилиш учун ҳамёнини сотувчига берар, у керакли пулни санаб оларди. Шайх Миёнжи шу қадар зикр қилишга берилганидан ҳатто пулни санашга ортиқча вақтни ўтказишни истамасди.

Кунларнинг бирида ўғри унинг ҳамёнини ўғирлаб кетди. Шайх Миёнжи раҳимаҳуллоҳ ўғрини тутиш у ёқда турсин, ҳатто ортига ҳам қарамади. Зикрнинг савобини ўғрини қувиб вақтини кетказишга, бу дунёнинг арзимас матоҳига алмаштиришни истамади.

Шайх Миёнжи: “Аллоҳим, мен ўғрини кечирдим ва олган нарсасини ҳадя қилдим” деб дуо қилди ва бўлган воқеани унутиб, яна зикрга берилди.

Ўғри қочиб кетди, Шайх Миёнжи раҳимаҳуллоҳ уни кечирди, аслида воқеа шу ерда тугаши керак эди. Лекин Аллоҳ таоло ўғрига сабоқ беришни ирода қилди.

Ўғри уйига қайтиш йўлини жуда яхши билса ҳам, Аллоҳ уни адаштириб қўйди. У маҳаллани айланаверар, лекин йўлни топа олмасди. Охир-оқибат, унинг бу ҳолатига қилган ўғрилиги сабаб бўлганини тушунди.

Шайх Миёнжи раҳимаҳуллоҳнинг уйини топиб борди. Шайх Миёнжи уни танимади. Ўғри кимлигини ошкор қилиб, бундай деди: “Мен сизнинг ҳамёнингизни ўғирладим. Хато иш қилдим, мени кечиринг, мана ҳамёнингиз”.

Шайх Миёнжи раҳимаҳуллоҳ: “Бу пуллар сенга, улар энди меники эмас. Мен уларни қайтариб ололмайман”, деб жавоб берди.

Шайх Миёнжи раҳимаҳуллоҳ Аллоҳни зикр қилишни афзал билгани учун одамлар билан кераксиз суҳбатларга қизиқмасди. Унинг учун бу воқеа аллақачон унутилган эди. Аммо ўғри кетишдан бош тортди ва пулни олишни қайта-қайта илтимос қилиб: “Аллоҳ розилиги учун уларни мендан қайтариб олинг!” деди.

Шайх Миёнжи ўғридан нега ўзи ўғирлаган пулни энди қайтариб беришни хоҳлаётганини сўради.

Ўғри: “Уйимга кетмоқчи эдим, лекин йўлни топа олмаяпман. Бир неча соатдан бери шу кўчаларда айланиб юрибман”, деб жавоб берди.

Шайх Миёнжи: “Аллоҳ сени тўғри йўлга ҳидоят қилишини ва ўз йўлингни топишингда ёрдам беришини сўрайман”, дедилар. У зот унинг ҳаққига дуо қилдилар ва ўғри эсон-омон уйига қайтишга муваффақ бўлди.

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Дунё бўйлаб ўтказилаётган ифторликларда миллий ва диний қадриятлар тарғиб этилмоқда

13.03.2026   2150   2 min.
Дунё бўйлаб ўтказилаётган ифторликларда миллий ва диний қадриятлар тарғиб этилмоқда

Германиянинг турли ҳудудларида истиқомат қилаётган ватандошларимиз билан ҳам қатор маърифий учрашувлар ва мулоқотлар ташкил этилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг Германия Федератив Республикасидаги элчихонасида муборак ватандошларимиз учун ифторлик ташкил этилди. Унга Германияда яшаб, меҳнат қилаётган ҳамда таҳсил олаётган юртдошларимиз таклиф этилди.

Мазкур тадбирда Фарғона шаҳридаги “Хўжамбердибой” жоме масжиди имом-хатиби Ҳусниддин домла Турсунзода иштирокчилар билан “Ватанга муҳаббат – энг муқаддас туйғу” мавзусида маърифий суҳбат ўтказди. Суҳбат давомида Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва маънавий қадриятларимизни асраб-авайлаш, чет элда яшаб фаолият олиб бораётган ватандошларимиз ўртасида бирлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашнинг аҳамияти ҳақида сўз борди.


Виржиния, Нью-Йорк, Бальтимор шаҳарларида ватандошлар, жамоат фаоллари ва турли соҳалар вакиллари иштирокида ифторлик дастурхонлари ёзилди.
Учрашувларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов бошчилигидаги уламоларимиз Рамазон ойининг фазилатлари, миллий ўзликни сақлаш,  Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида маърузалар қилишмоқда. 

Шунингдек, имом-хатибларимиз у ерларда таровеҳ намозларини ўқиб бериб, ватандошларимизни хушнуд этмоқда. Улар дўстлик, ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳурмат муҳитида, бир дастурхон атрофида жам бўлиб, Рамазон ойининг маънавий қадриятлари – бағрикенглик, саховат ва бирликни яна бир бор ҳис қилишмоқда.


Екатеринбург шаҳрида ҳам ватандошлар учун ифторлик уюштирилди.

Унда Тошкент шаҳридаги “Баланд” жоме масжиди имом-хатиби Аъзамжон Эргашев Ислом динининг маънавий ва инсонпарварлик қадриятлари ҳақида маъруза қилиб берди. 

Учрашув давомида ватандошлар ўзларини қизиқтирган диний ва дунёвий мазмундаги саволларга жавоб олишди.

Меҳмонлар учун Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти ва муқаддас қадамжоларини очиб берувчи видеороликлар, миллий анъаналар, маданий мерос ва ислом динининг жамият ҳаётидаги ўрнини акс эттирувчи тарқатма материаллар намойиш қилинди.

Дунёнинг 50 та шаҳрида ўтказилаётган бундай хайрли тадбирлар ватандошларимизнинг маънавий бирлигини мустаҳкамлаш, юрт билан боғлиқлик туйғусини янада кучайтириш ҳамда миллий ва диний қадриятларимизни тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этади.
 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Дунё бўйлаб ўтказилаётган ифторликларда миллий ва диний қадриятлар тарғиб этилмоқда Дунё бўйлаб ўтказилаётган ифторликларда миллий ва диний қадриятлар тарғиб этилмоқда Дунё бўйлаб ўтказилаётган ифторликларда миллий ва диний қадриятлар тарғиб этилмоқда Дунё бўйлаб ўтказилаётган ифторликларда миллий ва диний қадриятлар тарғиб этилмоқда Дунё бўйлаб ўтказилаётган ифторликларда миллий ва диний қадриятлар тарғиб этилмоқда
Рамазон