#Кун_тарихи
▫️1989 йил 21 октябрда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинди. Ушбу Қонуннинг 1-моддаси ва Бош Қомусимизнинг 4-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тили” эканлиги белгилаб қўйилган.
▫️1995 йил 21 декабрда “Давлат тили ҳақида”ги қонунининг янги таҳрири қабул қилинди.
“Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида” 2020 йил 10 апрелда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Қонунининг (ЎРҚ-615-сон) 1-моддаси билан 21 октябрь санаси Ўзбек тили байрами куни этиб белгиланди.
▫️Туркий тиллар оиласига мансуб ўзбек тили илдизлари камида V-VII асрларга мансуб Ўрхун-Энасой битикларига бориб тақалади. Маҳмуд Қошғарийнинг “Девону луғотит-турк” асари туркий тиллар тарихи, шу қаторда ўзбек тилшунослиги учун ҳам муҳим манба саналади.
▫️Тарихан Ўзбек тилининг такомилида ўзбек мумтоз адабиёти вакилларидан Навоий, Ҳофиз Хоразмий, Сайфи Сароий, Атоий, Саккокий, Амирий, Яқиний, Лутфий сингари шоирлар яратиб қолдирган мероснинг аҳамияти беқиёс.
Навоий:
Турк назмида чу мен тортиб алам,
Айладим ул мамлакатни якқалам.
▫️Абдулла Қодирий она тилимиз борасида куюниб шундай деган эди: “Ўзбек тили камбағал тил эмас, балки ўзбек тилини камбағал дегувчиларнинг ўзи камбағал. Улар ўз нодонликларини ўзбек тилига тўнкамасинлар”.
▫️Дунёда 5600 дан ортиқ тиллар мавжуд бўлиб, бундан 200 тасигина давлат тили сифатида қабул қилинган. Уларнинг орасида ўзбек тили ҳам бор.
▫️“Тил яшаса, миллат яшайди”. Агар биз ўз тилимизнинг кўркамлиги, бойлигини дунёга тараннум этсак, миллатимиз янада чароғон бўлади ва бирлигимиз мустаҳкам бўлади.
https://t.me/oliymahad
Фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари қолдирган бой илмий мероси нафақат Ўзбекистонда, балки дунёнинг турли нуқталарида, хусусан, Ислом оламининг табаррук маскани бўлмиш Масжиди Набавий кутубхонасида ҳам сақланиб келяпти.
2017 йилда шайх ҳазратларининг бир қатор китоблари илк бор Масжиди Набавий кутубхонасига тақдим этилган эди. Шундан буён зиёратга борган ҳамюртларимиз ушбу кутубхонадан ҳазратнинг асарларини ўз она тилимизда мутолаа қилиш имкониятига эга бўлиб келишяпти.
Масжиди Набавий кутубхонаси масжиднинг 10-эшиги ёнида жойлашган. Кутубхонада 170 000 дан ортиқ китоб сақланади. Асосий адабиётлар араб тилида бўлсада, 20 дан ортиқ хорижий тиллардаги диний манбалар ҳам жамланган. Кутубхонадан бир вақтнинг ўзида 300 дан ортиқ китобхон фойдаланиши мумкин.
Кутубхонада хорижий тиллардаги адабиётлар учун алоҳида хона ажратилган. У ерда инглиз, рус, француз каби жаҳон тиллари қаторида ўзбек тили бўлими ҳам бор. Ушбу бўлимда шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қаламларига мансуб 50 дан ортиқ асар бор. Жумладан:
– «Ҳадис ва Ҳаёт» силсиласи;
– «Тафсири Ҳилол»;
– «Кифоя»;
– «Руҳий тарбия»;
– «Зикр аҳлидан сўранг»;
– «Одоблар хазинаси»;
– «Хислатли ҳикматлар шарҳи»;
– «Бахтиёр оила» ва бошқалар.
@islomuz