Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Август, 2026   |   1 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:02
Қуёш
05:31
Пешин
12:28
Аср
17:21
Шом
19:28
Хуфтон
20:54
Bismillah
14 Август, 2026, 1 Рабиъул аввал, 1448
Мақолалар

Тилимиз фахримиз бўлиши лозим

21.10.2024   5506   4 min.
Тилимиз  фахримиз бўлиши лозим

21-октябр – Ўзбек тили байрами куни 

Ҳақ таоло Одам фарзандларига энг буюк неъмат ўлароқ тил берди. Барча мавжудотлар орасида инсон ана шу тили ва ақли орқали азиз ва мукаррам бўлди. Башарият турли миллат ва элатлар қилинди. Улар эса асосан, тил орқали фарқланади. Ҳар бир миллатнинг Ватани, давлати каби яна бир буюк бойлиги  бу –  ўша  халқнинг  тилидир.
 

Ўтган асрлар давомида тилимиз жуда кўп тараққиёт ва инқирозни бошдан кечирди. Шукрки, истиқлол шабадалари эсиб, миллат ўз тили, дини ва ўзлигига қайтиб, 1989 йилда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. Афсуски, Қонун қабул қилинганига 35 йил ўтган бўлса-да, тилимиз софлигини асраш, уни ривожлантириш борасида бирор ютуққа эриша олганимиз йўқ.


Тан олиш керакки, бугун хориждан ўзлашаётган сўзларни тўғридан-тўғри қабул қилиш оддий ҳолга айланган. Кундалик сўзлашувимизда ҳам қанча ажнабий сўзлардан фойдаланимишимиз ўзимизга аён. Кўча-кўйдаги турли баннер ва реклама ҳамда дўкону турли савдо пештахталаридаги номларнику айтмай қўя қолай. Имло хатолар билан ёзилган эълон ва рекламаларнинг йиллаб тўғриланмаслигидан оғринамиз ҳам. Уларни ўз вақтида огоҳлантириш, танбеҳ беришга эса истиҳола қиламиз. Бу эътиборсизлигимиз оқибатида тилимиз қадрсизланади.


Тил меъёрларсиз яшай олмайди. Аммо бу меъёрлар ижтимоий тараққиёт билан боғлиқ ҳолда ўзгариб, ривожланиб, такомиллашиб боради. Жамиятимиз тараққиёт пиллапояларидан кўтарилган сайин она тилимиз янги сўз ва атамалар билан бойиб бормоқда. 1981 йили чоп этилган икки жилдлик “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да 60 минг сўз изоҳланган эди. 2006–2008 йилларда нашр қилинган беш жилдлик “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да эса 80 мингдан ортиқ сўз бор. Бу луғатлар орасида 20 минг сўз фарқ қилади. Бунга сабаб шуки, янги нашр биринчи луғатга киритилмай қолган сўзлар ва тилимизга янги кириб келган сўзлар ҳисобига бойитилган.


Ахлоқий меъёрларга тўғри келмайдиган сўз ва иборалар билан тилимизни булғаш, луғатимизда таржимаси бўла туриб, бошқа тилдан кириб келган сўзларни ишлатиш ҳам муомала маданияти қоидаларига зиддир. Кўчиб кирувчи сўзлар тўплами айрим ҳолларда “интернационал сўзлар” сифатида хас-пўшланади. Бунга “бизнес”, “маркет”, “мини”, “супер”, “менежер”, “вип”, “лидер”, “аудио”, “видео”, “аут”, “интер”, “сервис” каби бир қанча сўзлар мисол бўлади. “Оргтехника”, “канцелярия” ва буларга боғлиқ воситалар, жиҳозлар номланиши ҳам шундайлигича қабул қилинган. Айниқса, компьютер соҳасидаги иборалар хорижий номлари билан аталиши давом этиб келмоқда (масалан: файл, сайт, корзина, ссылка, гиперссылка, сноска, домен, сетевое окружение, слайд, спам, булутус ва ҳоказо). Биз бу сўзларнинг иложи борича ўзбекча муқобилини топишимиз керак ва лозим. Агар бунга эътибор қаратмасак, глобаллашув даврида тилимиз ўзга тилга “ютилиб” кетмаслигига ҳеч ким кафолат бермайди.


Тилга қиёс берар экан, бобокалонимиз Алишер Навоий “Лайли ва Мажнун” достонида бундай деган:

Айтиб совумас таронасен сен,

Олиб қурумас хизонасен сен.


Бу мисраларнинг маъноси шуки, тил ишлатган сари ва сарфлаган сайин янада бойиб, сайқалланиб борадиган неъмат. Тил – миллатнинг тарихи, бугуни ҳамда келажагидир. Тилнинг энг асосий манбаи – сўз. Бироқ шу тилда сўзлашувчи халқ унга нисбатан эътиборли ва масъулиятли муносабатда бўлмаса, ўз она тили, луғати сўзга бой бўла туриб, нутқида бошқа миллат тилидан кириб келган сўзларни ишлатса, мумтоз сўзлар маънолари изоҳланмаса, бора-бора бу тил унутилиши, йўқолиб кетиши ҳеч гап эмас. Тахминларга кўра, шу кунгача дунёда  30 000 га яқин тиллар йўқ бўлиб кетган ва яна бир қанчаси йўқ бўлиш арафасида.


Бир сўз билан айтганда, қаерда бўлмайлик она тилимизга эътибор  қаратишимиз лозим бўлади.  Чунки тил миллат кўзгусидир. Унда халқимизнинг асрлар силсиласидан, мустабидлик тўфонларидан сабр-матонат билан босиб ўтган ҳаёт йўли, маданияти, тарихи, савияси, ақл-заковати акс этади. 

Шукур ЖАББОР

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Чин уста қолдими? (қидиряпман)

10.08.2026   12616   8 min.
Чин уста қолдими? (қидиряпман)

Бугуннинг гапи

“Уч хонали хонадонимни таъмирлатиш учун икки ой муддатга келишиб уста туширгандим, олти ойда зўрға чала-чулпа қилиб ишини тугатди...”
 

“Усталар нега бунақа-а? Уйини таъмирлатиб, усталардан розиман, деган одамни учратмадим...”
 

 “Кўпчилиги одамга фириб беради: ишни вақтида бажармайди, таъмир ишлари тугагач, бошида келишилган нархдан икки баробар кўп маблағ сўрайди...”
 

Юқоридаги гаплар – уйини, хонадонини таъмирлатиб, усталардан куйган кишиларнинг дод-фарёдлари.


Бугунги кунда жамиятда айрим усталарнинг ўз ишини виждонан бажармаслиги, сифатсиз материаллар ишлатиши, вақтни чўзиши ёки турли найранглар билан буюртмачини алдаши, афсуски, кўпчиликни ташвишга солиш баробарида шу касб эгаларига нисбатан ишончнинг сусайишига ёки бутунлай йўқолишига олиб келяпти.


Яхши ниятда уйини, хонадонини таъмирлатмоқчи бўлган киши уста ишлатган танишларидан сўраб-суриштириши тайин. Яқинда мен ҳам хонадонимни таъмирлатмоқчи бўлиб уста изладим. Таниш-билишлардан, дўстларимдан сўрасам, ярмидан кўпи усталардан нолиди. Бу ҳолат нафақат молиявий зарар, айни пайтда инсонлар ўртасидаги ишончнинг йўқолишига ҳам сабаб бўлмяптими?!


Ислом таълимотида ҳалол меҳнат, омонатдорлик ва ростгўйлик юксак фазилат экани таъкидланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Дарҳақиқат, Аллоҳ омонатни ўз эгаларига топширишингиз ва одамлар ўртасида ҳукм қилганингизда адолат билан ҳукм қилишингизга буюрар. Албатта, Аллоҳ сизларга яхшигина насиҳат қилур. Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи Зотдир” (Нисо сураси, 58-оят).


Усталик – яхши касб. Уста омонатдор бўлса, одамларнинг ҳожатини раво қилади, кўпга фойдаси тегади. Буюртмачи ўз молини, маблағини устага ишониб топширади. Уста шу ишончни оқлаши, ишни пухта ва виждонан бажариши шарт.


Уй – инсоннинг бошпанаси. Унинг ҳар бир ғишти эзгу ният билан қўйилади, ҳар бир девори умид билан кўтарилади. Аммо, афсуски, баъзан айрим усталар иморат қуриш ёки таъмирлашда найранг қиладилар. Уста ташқи томондан деворни силлиқ сувайди, аммо ичидаги ёриқларни беркитади. Бўёқнинг ялтироғи кўзни қувнатади, лекин ортидаги нуқсон вақт ўтиши билан кўзга ташланади.


Янги таъмирланган хонадондан ҳали бўёқ ҳиди кетмай туриб шифтда ёриқлар пайдо бўлади, эшиклар қийшайиб қолади, пол эса ғичирлаб иморат эгасининг асабини бузади. Буюртмачи устага берган маблағига ичи ачийди.


Баъзи усталар сифатли қурилиш материали олиш учун берилган пулга арзон маҳсулот сотиб олади. Қолган маблағни эса “меҳнат ҳақим” деб ўмаради. Цементга қумни ортиқча қўшади, темир ёки арматурани ингичкароғига алмаштиради, мис симлар ўрнига альюминини тортади.


Яна шундай усталар ҳам борки, бир ҳафтада тугатишга келишилган ишни бир ойгача чўзади. Баҳона ҳам тайёр: “Материал келмади”, “Ёрдамчим бетоб бўлиб қолди”, “Эртага тугатиб берамиз” ва ҳоказо.


Энг ёмони, устанинг қўлидан чиққан уй бир йил ўтар-ўтмас яна таъмирга муҳтож бўлиб қолади. Бу ҳунар эмас, ҳийладир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бизни алдаса, биздан эмас”, деганлар (Имом Муслим ривояти). Бу ҳадис ҳар қандай соҳадаги фирибгарликни қамраб олади. Агар уста арзон ёки сифатсиз материални қимматбаҳо деб кўрсатса, ишни атайлаб чала бажарса ёки кейин яна таъмирга муҳтож бўладиган қилиб ишласа, бу алдамчиликдан, фирибгарликдан бошқа нарса эмас. Афсуски, бугун кўпчилик усталар ҳийла ва найрангни касб қилиб олганлар. Бунинг оқибатида на ўзлари барака топадилар, на буюртмачи уларга берган маблағига рози бўлади.


Ҳақиқий уста, ўз ишини виждонан қиладиган киши бошқача бўлади. У ҳар бир ишини бекаму кўст бажаради. Чунки у одамлардан яширган нуқсонни, албатта, Аллоҳ таоло кўриб, билиб туришини яхши англайди. Ундай усталар ўзларига Аллоҳ таолонинг: “Албатта, Аллоҳ чиройли (иш) қилувчиларни яхши кўради” (Бақара сураси, 195) оятини ҳамда Набий алайҳиссаломнинг: “Аллоҳ таоло ўз ишини чиройли, пухта қиладиган кишини яхши кўради” (Имом Табароний ривояти), деган муборак ҳадисларини ўзларига шиор қилиб олган бўладилар. Лекин, афсуски, ҳозир бундай усталарни топиш амримаҳол. Борлари ҳам “қўлма-қўл”.


Омонатдор усталар қурган уйлар, йиллар ўтса ҳам, яхшилик билан эсланади. Уларнинг ҳақларига хайрли дуолар қилинади. Биргина мисол, бизнинг Сангижумон қишлоғимиздаги кўп уйларни пачирлик уста Турдимурод бобо (Аллоҳ маконини жаннат қилсин!) қурган. Ўша пайтларда (1960–1990 йиллар) вассажуфт қилинган шифтларга устанинг иморатни қуриб битирган санасини битиш анъана бўлган. Ҳар сафар қишлоққа бориб уйга кирсам, уста бобонинг “имзоси”га кўзиб тушади ва Қуръони карим оятларидан тиловат қилиб, у кишининг руҳларига бағишлайман.


Бугун баъзи усталарнинг ишни келишилган муддатда тугатмаслиги; сифатсиз қурилиш материалларидан фойдаланиши; нархни асоссиз ошириши; камчиликларни яшириши; бир неча ой ўтиб яна таъмир қилишга мажбур бўладиган даражада иш тутиши катта гуноҳдир. Бундай хатти-ҳаракатлар оқибатида буюртмачи моддий зарар кўради, асабийлашади, вақт йўқотади ва энг ачинарлиси, одамлар ўртасидаги ишонч сусаяди.


Ҳалол ризқнинг баракаси унинг кўплигида эмас, балки поклигидадир. Алдамчилик билан, ҳийла-найранг ишлатиб топилган маблағ фойда бўлиб кўринса-да, унда барака бўлмайди. Шунинг учун ҳар бир уста ўз қўли билан топаётган ризқининг ҳалоллиги ҳақида ўйлаши, ҳар бир мих, ҳар бир ғишт, ҳар бир сим ёки ҳар бир таъмир учун қиёмат куни ҳисоб берилишини унутмаслиги керак.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ:

  •  Мен ҳам (ҳар бир шахс) жамиятнинг аъзосиман. Уй қурмоқчиман, лекин қурувчилик қўлимдан келмайди. Демак, устага эҳтиёжим бор. Унинг олдига бориб, уй қурмоқчиман, шартнома тузайлик, дейман. Усталар касби ортидан ризқ топади. Улар билан келишиб, бугунги нахр бўйича муайян сумма белгиланади. Муддати ва сифат кўрсаткичлари келишиб олинади. Ҳозирга кунда, Аллоҳ билувчироқ, устаман деганларнинг 70 фоизи алдамчи, найрангбоз, ҳийлакор: келишилган кунда белгиланган манзилга етиб келмайди, ишга кеч келиб, эрта кетади, вазифасини пухта бажармайди, ишини битирмасдан олдин пул сўрайди. Такасалтанг, таралла-бедод қилиб юради. Уйнинг эгаси ҳам хижолатда қолади. Аксарияти шунақа. Бундай усталарга ким ишонади? Уларга ким иш беради? Бундай тоифалар ўзига ўзи қилади, улар омадсизликни ўзларига чорлаб оладилар.


Ўттиз фоиз ҳақиқий усталар бор. Улар ўз касби билан фахрланади. Гуруҳлари бор, шогирдлари, устозлари бор. Ҳаммасини қойиллатиб, асбоб-анжомларини чиройли қилиб қўйишган. Шартнопмани тузади, вақтида ишга келади, белгиланган муддатда қурилишни ёки таъмир ишларини тугатади, иш ҳақини олиб кетади. Буюртмачи ҳам рози, уста ҳам рози. Бундай кишиларнинг ишида унум, барака бўлади. Топган пуллари баракали бўлади.


Ҳақиқий уста фақат қурилиш ёки таъмирлашни эмас, балки одамларнинг ишончини ҳам қозонади. Виждон билан қилинган ҳар бир иш ибодатга айланади. Алдамчилик ва найранг билан бажарилган иш эса вақтинчалик фойда келтирса ҳам, дунёда обрўни тўкади, ризқ қийилишига сабаб бўлади, охиратда эса жавобгарликни келтиради.

 

Толибжон НИЗОМ

Мақолалар