Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Март, 2026   |   5 Шаввол, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:59
Қуёш
06:19
Пешин
12:34
Аср
16:51
Шом
18:44
Хуфтон
19:57
Bismillah
25 Март, 2026, 5 Шаввол, 1447

Ўз тилига садоқат – ватаний ишдир

21.10.2024   12157   3 min.
Ўз тилига садоқат – ватаний ишдир

21 октябрь – Ўзбек тили куни

Тил – миллатнинг фахри, ғурури, кўзгуси. Миллатларни ажратиб турувчи асосий белгилардан бири бу тилдир. Ҳар бир инсон ўз тилини билиши, уни улуғлаши ва шу билан бирга, бошқа миллатларнинг она тилига ҳам ҳурмат билан қараши лозим.


Тил – инсон қиёфаси ва ички гўзаллигини намоён этадиган энг гўзал туйғудир. Ўз тилига меҳр-муҳаббатли инсон халқини, Ватанини, миллий қадриятларини, маданий меросини ҳам эъзозлайди. Бежизга бундан беш аср илгари Алишер Навоий бобомиз “Тилга эътиборсиз – элга эътиборсиз” дея ёзмаган.


Ўзбек тили дунёдаги қадимий, гўзал ва бой тиллардан бири ҳисобланади. Тилимиздаги ҳаё, ибо, андиша, орият, меҳрни ёзувчиларимиз асарларида  яққол  кўриш  мумкин. Маҳмуд Кошғарийнинг “Девони луотит турк” китоби, Аҳмад Яссавийнинг ҳикматлари, Алишер Навоийнинг “Хамса”си, Заҳириддин  Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома”си, Абдулла Қодирийнинг бетакрор  романларида “оқибат” сўзларини бошқа тилга айнан таржима қилиб бўлмайди. Уларни фақат ўзбек тилида ифодалаш мумкин. Чунки бу тушунчалар халқимизга хос ва уларни айтишга фақат шу тил қодирдир.


Она тилимиз дунёдаги уч мингга яқин тил орасида туркий тиллар оиласига мансуб бўлиб, жонли тил сифатида қипчоқ, қарлуқ, ўғиз лаҳжаларида намоён бўлади. Ўзбек адабий тили эса ана шу лаҳжалардаги  сўзларнинг  маълум бир меъёрига  келтирилган шаклидир. У муттасил ўсиб, ривожланиб бормоқда. Унинг ривожида сўз мулкининг султони Алишер Навоийнинг хизматлари беқиёсдир. Ҳазрат Навоий тил ҳақида бундай ёзадилар: “Кўнгил хазинасининг қулфи тилдир. Ул хазинанинг калитидин сўз бил”.


Она тилимизга бўлган муҳаббатни халқимизнинг, одамларнинг самимий суҳбатларида, юксак ахлоқий фазилатларида кўриб, беихтиёр шундай эл фарзанди эканимиздан фахрланамиз.


Тил – маданият кўзгуси ва руҳимизнинг қаноти. Биз она тилимиз орқали халқлар, миллат ва элатлар орасида ҳамиша азизу мукаррам эканимизни асло унутмаслигимиз керак. Ўзбекона лутф, муомала, миллий қадриятлар, одоб-ахлоқ эса она тилимиз маданиятининг калитидир.


Тонгдек оромбахш, қуёшдек  нурли, она оғушидек иссиқ, баҳордек тароватли, ёздек ҳароратли, куздек саховатли, қиш қорларидек беғубор туйғуларимизнинг таржимони бўлган, миллатимиз руҳини ифода этувчи она тилимиз, бизни юксак маънавиятга, маърифатга, маданиятга, истиқлолу истиқболга етакловчи бебаҳо неъматдир. Шу боис ҳам ҳар биримиз она тилимизни асраб-авайлашимиз, эъзозлашимиз лозим. Зотан, тилимизга эътиборли бўлсак, миллатимиз қалби  она тилимиз ҳеч қачон завол топмайди.


 Ўз тили учун қайғураётган миллат дунё халқлари сафида ўз ўрнини, чинакам мустақиллигини асрашга, ҳимоя қилишга жидду жаҳд қилаётган миллат саналади. Миллатнинг ва миллий адабиётнинг мавжудлик шарти бўлган она тилимиз тақдири учун куйиниш, унинг равнақи учун барча имкониятларни сафарбар этиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.


Она тилимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришда, уни миллий ва умумбашарий тушунчалар асосида тараққий этган тиллар сафига қўшишда ҳар биримиз тилимизга чуқур ҳурмат билан эътибор беришимиз керак.


Шу ўринда маърифатпарвар бобомиз, ўз даврида ўнга яқин дунёвий тилларни пухта ўрганган олим Исҳоқхон Ибратнинг қуйидаги фикрлари эътиборга молик: “Бизнинг ёшлар албатта бошқа тилни билиш учун саъй-ҳаракат қилсинлар, лекин аввал ўз она тилини кўзларига тўтиё қилиб, эҳтиром кўрсатсинлар. Зеро, ўз тилига садоқат – бу ватаний ишдир”. 

Одил НАРЗУЛЛОҲ

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Шавволдаги 6 кунлик рўза рамазон қазосидан ўтадими?

01.04.2025   10884   1 min.
Шавволдаги 6 кунлик рўза рамазон қазосидан ўтадими?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Савол: Мен ҳам шаввол ойида олти кун рўза тутмоқчи эдим. Аммо Рамазон ойида ҳам олти кун сабабли тута олмаганман. Энди мен шаввол ойида 6 кун рўза тутсам Рамазоннинг қазосини тутиб берган ҳисобланаманми? 

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Шаввол ойидаги олти кунлик рўза қазо рўзалар ўрнига ўтмайди. Шунинг учун зиммасида Рамазон ойи рўзасидан қарзи бор бўлган киши аввало қазо рўзасини тутиши мақсадга мувофиқ. Чунки қазо рўзаларни нафллардан аввал тутилгани афзал саналади. Қазо рўзасини тутаётган киши бомдод намозининг вақти (субҳи содиқ) кирмасидан аввал "Рамазон ойидан тута олмаган қазо рўзани тутиш"ни ният қилиши керак бўлади. Агар ният қилолмай субҳи содиқдан кейин ният қилса, нияти эътиборли бўлмайди.
Шаввол ойидаги олти кунлик рўза нафл ибодат бўлиб, уни шаввол ойи давомида тутса ҳам бўлади. Шунинг учун Сиз аввал қазо рўзаларни мукаммал тутиб олиб, кейин шаввол ойи давомида олти кун рўза тутишингиз мақсадга мувофиқ. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

Мақолалар