21 октябрь – Ўзбек тили куни
Тил – миллатнинг фахри, ғурури, кўзгуси. Миллатларни ажратиб турувчи асосий белгилардан бири бу тилдир. Ҳар бир инсон ўз тилини билиши, уни улуғлаши ва шу билан бирга, бошқа миллатларнинг она тилига ҳам ҳурмат билан қараши лозим.
Тил – инсон қиёфаси ва ички гўзаллигини намоён этадиган энг гўзал туйғудир. Ўз тилига меҳр-муҳаббатли инсон халқини, Ватанини, миллий қадриятларини, маданий меросини ҳам эъзозлайди. Бежизга бундан беш аср илгари Алишер Навоий бобомиз “Тилга эътиборсиз – элга эътиборсиз” дея ёзмаган.
Ўзбек тили дунёдаги қадимий, гўзал ва бой тиллардан бири ҳисобланади. Тилимиздаги ҳаё, ибо, андиша, орият, меҳрни ёзувчиларимиз асарларида яққол кўриш мумкин. Маҳмуд Кошғарийнинг “Девони луотит турк” китоби, Аҳмад Яссавийнинг ҳикматлари, Алишер Навоийнинг “Хамса”си, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома”си, Абдулла Қодирийнинг бетакрор романларида “оқибат” сўзларини бошқа тилга айнан таржима қилиб бўлмайди. Уларни фақат ўзбек тилида ифодалаш мумкин. Чунки бу тушунчалар халқимизга хос ва уларни айтишга фақат шу тил қодирдир.
Она тилимиз дунёдаги уч мингга яқин тил орасида туркий тиллар оиласига мансуб бўлиб, жонли тил сифатида қипчоқ, қарлуқ, ўғиз лаҳжаларида намоён бўлади. Ўзбек адабий тили эса ана шу лаҳжалардаги сўзларнинг маълум бир меъёрига келтирилган шаклидир. У муттасил ўсиб, ривожланиб бормоқда. Унинг ривожида сўз мулкининг султони Алишер Навоийнинг хизматлари беқиёсдир. Ҳазрат Навоий тил ҳақида бундай ёзадилар: “Кўнгил хазинасининг қулфи тилдир. Ул хазинанинг калитидин сўз бил”.
Она тилимизга бўлган муҳаббатни халқимизнинг, одамларнинг самимий суҳбатларида, юксак ахлоқий фазилатларида кўриб, беихтиёр шундай эл фарзанди эканимиздан фахрланамиз.
Тил – маданият кўзгуси ва руҳимизнинг қаноти. Биз она тилимиз орқали халқлар, миллат ва элатлар орасида ҳамиша азизу мукаррам эканимизни асло унутмаслигимиз керак. Ўзбекона лутф, муомала, миллий қадриятлар, одоб-ахлоқ эса она тилимиз маданиятининг калитидир.
Тонгдек оромбахш, қуёшдек нурли, она оғушидек иссиқ, баҳордек тароватли, ёздек ҳароратли, куздек саховатли, қиш қорларидек беғубор туйғуларимизнинг таржимони бўлган, миллатимиз руҳини ифода этувчи она тилимиз, бизни юксак маънавиятга, маърифатга, маданиятга, истиқлолу истиқболга етакловчи бебаҳо неъматдир. Шу боис ҳам ҳар биримиз она тилимизни асраб-авайлашимиз, эъзозлашимиз лозим. Зотан, тилимизга эътиборли бўлсак, миллатимиз қалби она тилимиз ҳеч қачон завол топмайди.
Ўз тили учун қайғураётган миллат дунё халқлари сафида ўз ўрнини, чинакам мустақиллигини асрашга, ҳимоя қилишга жидду жаҳд қилаётган миллат саналади. Миллатнинг ва миллий адабиётнинг мавжудлик шарти бўлган она тилимиз тақдири учун куйиниш, унинг равнақи учун барча имкониятларни сафарбар этиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.
Она тилимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришда, уни миллий ва умумбашарий тушунчалар асосида тараққий этган тиллар сафига қўшишда ҳар биримиз тилимизга чуқур ҳурмат билан эътибор беришимиз керак.
Шу ўринда маърифатпарвар бобомиз, ўз даврида ўнга яқин дунёвий тилларни пухта ўрганган олим Исҳоқхон Ибратнинг қуйидаги фикрлари эътиборга молик: “Бизнинг ёшлар албатта бошқа тилни билиш учун саъй-ҳаракат қилсинлар, лекин аввал ўз она тилини кўзларига тўтиё қилиб, эҳтиром кўрсатсинлар. Зеро, ўз тилига садоқат – бу ватаний ишдир”.
Одил НАРЗУЛЛОҲ
Испаниянинг “Orta Lectura” нашрида Ўзбекистонда туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Мақолада қайд этилишича, сўнгги йилларда Ўзбекистон турли нуфузли халқаро рейтингларда ҳамда хорижий давлатларнинг сайёҳлар учун тавсияларида юқори хавфсизлик даражасига эга мамлакатлардан бири сифатида эътироф этилмоқда.
World Justice Project (WJP) томонидан эълон қилинган “Rule of Law Index 2025” натижаларига кўра, Ўзбекистон “Тартиб ва хавфсизлик” кўрсаткичи бўйича 143 та мамлакат орасида 17-ўринни, Шарқий Европа ва Марказий Осиёдаги 15 та мамлакат орасида эса 1-ўринни эгаллади.
WJP индекси 215 мингдан ортиқ фуқаролар ҳамда 4 минг 100 нафардан зиёд ҳуқуқшунос ва экспертлар ўртасида ўтказилган сўровномаларга асослангани билан аҳамиятлидир.
“Gallup” компаниясининг “2025 Global Safety Report” маърузасида таъкидланишича, Ўзбекистон аҳолисининг 86 фоизи кечаси ёлғиз юрганда ўзини тўлиқ хавфсиз ҳис қилади. Бу кўрсаткич дунё бўйича ўртача 73 фоизлик даражадан сезиларли даражада юқоридир. Шу билан бирга, “Law and Order Index”нинг кенгроқ кўрсаткичи бўйича мамлакатимиз 100 дан 91 балл тўплади.
Institute for Economics & Peace томонидан тузиладиган “Global Peace Index 2026” натижаларига кўра, Ўзбекистон ўз позициясини 30 поғонага яхшилаб, 163 та мамлакат орасида 1,726 кўрсаткич билан 37-ўринга кўтарилди. 2026 йилги расмий ҳисоботда мамлакатимиз тинчлик кўрсаткичлари энг юқори суръатда яхшиланган давлатлар қаторига киритилди.
АҚШ Давлат департаменти “Travel Advisories” тизимида Ўзбекистонга “Level 1 – Exercise Normal Precautions” даражасини, яъни “Одатий эҳтиёт чораларига риоя қилиш” тавсиясини берган. 2026 йил январда янгиланган тавсияномада хавф даражаси оширилмади. Бу АҚШ Давлат департаменти томонидан халқаро саёҳатлар учун белгиланадиган энг паст хавф даражаси ҳисобланади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати