Сизларни, сизлар орқали бутун халқимизни, она тилимизнинг барча ихлосмандларини бугунги улуғ айём – Ўзбек тили байрами ҳамда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 35 йиллиги билан чин қалбимдан муборакбод этаман.
Маълумки, миллий тил ҳар бир маданий халқнинг тарихи ва ўзлигини, руҳий-маънавий дунёсини ўзида акс эттирадиган тенгсиз бойликдир. Қадимий тарихимизнинг энг оғир ва синовли даврларида ҳам бизни ягона халқ сифатида бирлаштириб, азалий қадриятларимизни асрлар оша безавол сақлаб келаётган она тилимизни ҳар қанча ардоқласак, улуғласак арзийди.
Бугунги кунда юртимизда давлат тилини ривожлантириш, унинг нуфузи ва мавқеини ошириш, халқаро миқёсда кенг тарғиб этишга қаратилган катта ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, кейинги йилларда кўплаб идоравий ҳужжатлар давлат тилига ўтказилди, 100 мингдан ортиқ географик объектнинг номи давлат реестрига киритилди, ҳудудлардаги 150 мингдан зиёд ташқи ёзувлар давлат тили ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлаштирилди.
Янги пайдо бўлаётган замонавий тушунчаларга ном бериш, сўз ва атамаларни расмий истеъмолга киритишни тизимли йўлга қўйиш учун Атамалар комиссиясининг фаолияти тубдан такомиллаштирилди, бу борада аниқ илмий мезонлар ишлаб чиқилди.
Ўтган йилдан эътиборан меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини лингвистик экспертизадан ўтказиш тизими яратилгани тегишли ҳужжатларнинг давлат тили талабларига мос ва услубий жиҳатдан пухта тайёрланишига хизмат қилмоқда.
Раҳбарлик лавозимларига номзодларнинг ўзбек тили бўйича билим даражасини аниқлаш мақсадида миллий тест тизими жорий этилиб, қисқа вақт ичида 3 мингдан зиёд талабгорнинг қарийб 1 минг 500 нафарига давлат тилини билиш бўйича сертификатлар берилди.
Давлат тили асосларини чуқур ва атрофлича ўрганишни таъминлаш учун Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси томонидан 58 номдаги қомус, луғат ва қўлланмалар кўп минг нусхаларда чоп этилди.
Айниқса, кейинги йилларда ўзбек тилини рақамлаштириш борасида жиддий натижаларга эришилмоқда. Ўзбекча матнларни сунъий интеллект ёрдамида қайта ишлаш ва ўзбек тилида мулоқот қилишга мўлжалланган “ақлли” дастур ишлаб чиқилиб, “Ўзбек тили изоҳли луғати”нинг веб-сайти яратилди.
Айни пайтда ўзбек тилидаги матнларни таҳрир қилиш, уларни лотин ва кирилл ёзувига ўгириш ва сўзларнинг луғавий маъносини кўрсатишга мўлжалланган электрон дастурлар ҳам амалиётда фаол қўлланмоқда.
2025 йил 1 январдан бошлаб умумтаълим мактабларида миллий сертификатга эга бўлган ўзбек тили ўқитувчиларига маошининг 50 фоизи миқдорида ойлик устама ҳақ тўланиши она тилимиз фидойиларининг шарафли меҳнатини рағбатлантиришга хизмат қилиши шубҳасиз.
Барчамизга аёнки, бадиий таржима тил тараққиётида улкан аҳамиятга эга. Яқинда мамлакатимизда бадиий таржима соҳасида Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофот таъсис этилгани ҳам, ишонамизки, ўзбек тили ва адабиётини янада бойитиш ва дунёга кенг тарғиб этишда муҳим омил бўлади.
Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ватанпарвар ўғил-қизларимизнинг салоҳияти ёрдамида “Википедия” халқаро интернет энциклопедиясидаги ўзбекча маълумотлар ҳажми кескин кўпайиб, давлат тилида эълон қилинаётган мақолалар ҳажми бўйича Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасида етакчи мамлакатга айлангани эътиборлидир.
Ўтган даврда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказида турли ташкилот ва идораларда меҳнат қилаётган 33 мингдан ортиқ ходим ўқитилди. Шунингдек, ўзбек тилини ўрганиш истагида бўлган ватандошларимиз учун ушбу марказ ва унинг ҳудудий бўлимларида бепул ўқув курслари йўлга қўйилди.
Шу ўринда бағрикенг диёримизда аҳил-иноқ яшаб келаётган 130 дан зиёд миллат ва элат вакилларининг тили, анъана ва қадриятларини асраб-авайлаш бўйича ҳам муҳим ишлар амалга оширилаётганини алоҳида таъкидламоқчиман. Жумладан, республикамиз мактабларида таълим-тарбия жараёни 7 та тилда йўлга қўйилган бўлиб, 160 га яқин миллий маданий марказ ҳамда қорақалпоқ, рус, қозоқ, қирғиз, тожик, туркман тилларидаги оммавий ахборот воситалари фаолият кўрсатмоқда.
Марказий телерадиоканаллар орқали ўзбек тилини ўрганишга бағишланган кўрсатув ва эшиттиришларнинг мунтазам бериб борилаётгани юртимизда яшаётган бошқа миллат вакилларининг давлат тилини ўзлаштиришига катта ҳисса қўшмоқда.
Азиз дўстлар!
Ўзбек тилининг беқиёс имкониятларини юзага чиқариш, унинг жаҳон миқёсида нуфузи ва жозибадорлигини ошириш учун ҳали олдимизда кўплаб вазифалар турибди.
Аввало, юксак тараққий этган демократик давлатларда бўлгани каби давлат тили бутун жамиятни, тили ва миллатидан қатъи назар, барча фуқароларни ягона халқ сифатида бирлаштиришга хизмат қилиши зарур. Бу борада ҳар қандай халқ учун ўта ҳассос ва таъсирчан бўлган тил масаласида ортиқча эҳтирос ва ҳиссиётларга берилмасдан, узоқни ўйлаб, вазминлик билан иш тутиш кераклигини ҳаммамиз яхши англаймиз.
Зеро, давлат тили фақатгина соҳа мутахассисларининг эмас, балки кўпмиллатли бутун халқимизнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари, ақл-заковати, маънавий-маърифий салоҳияти, ватанпарварлик фазилатлари билан равнақ топади.
Мамлакатимизда қонунга ҳурмат ва итоат муҳитини таъминлаш, жумладан, “Давлат тили тўғрисида”ги қонунни ҳаётимизга изчил татбиқ қилишда барчамиз юксак маданият ва ўзаро бир-бирини англаш туйғусини намоён этишимиз лозим.
Бу борада барча таълим муассасаларида ўзбек тили ва адабиёти фанларини ўқитиш тизимини янада такомиллаштириш орқали таълим сифатини оширишга эришиш муҳим аҳамиятга эга.
Телерадиоканаллар ва интернет сайтларида давлат тилини ўрганишга ёрдам берадиган дастурларнинг сони ва эфир вақтларини кўпайтириш, мустақил тил ўрганувчилар учун қўшимча адабиётлар, луғат ва қўлланмалар нашр этиш доимий эътиборимиз марказида бўлади.
Рақамли маконда давлат тилини кенг жорий этишга мўлжалланган ишларни янги босқичга кўтариш, ўзбек тилини ахборот технологиялари соҳасидаги йирик дастурлар тили қаторига киритиш чораларини кўриш ҳам долзарб вазифамиз бўлиб қолади.
Муҳтарам юртдошлар!
Сизларни бугунги қутлуғ байрам билан яна бир бор табриклаб, барчангизга мустаҳкам соғлиқ, ишларингизда янги ютуқлар, хонадонларингизга тинчлик ва фаровонлик тилайман.
Ўзбек тилимизнинг бойлиги, куч-қудрати янада зиёда бўлсин!
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шарқшунос тадқиқотчи М.Хадр томонидан эълон қилинган ва кейинчалик таниқли олим О.Большаков томонидан атрофлича тадқиқ этилган XI аср ўрталарига оид иккита вақф ҳужжати Ғарбий Қорахонийлар хоқонлигининг ҳукмдори Иброҳим Тамғачхон даврига тааллуқлидир. Ўрта асрлар араб муаррихи Ибн Фуватийнинг гувоҳлик беришича, Иброҳим фақиҳларнинг қатъий хулосасисиз бирор кимсага жазо тайинламаган ҳамда ҳеч кимнинг мол-мулкини мусодара этмаган одил ҳукмдор тимсоли бўлган. Шу боис у Бағдод халифаси Қоим томонидан “Давлат таянчи” ҳамда “Шарқ ва Чин подшоҳи” каби олий даражали унвонлар билан шарафланган.
Ушбу маърифатпарвар ҳукмдор ташаббуси билан Самарқанд шаҳрида фаолият бошлаган “Дор ал-марзо”, яъни Беморлар уйи шаҳар фуқаролари билан бирга мусофирлар учун ҳам бепул тиббий ёрдам кўрсатувчи йирик ижтимоий марказ бўлган. Вақфнома матнида мазкур дорушшифонинг жўғрофий ўрни, ички меъморий тузилиши, хизматчилар сафи, уларга ажратиладиган маош ҳамда муассасани муттасил маблағ билан таъминлаб турувчи кўчмас мулклар тафсилоти баён этилган.
Тарихий ҳужжатларга кўра, шифохона Самарқанднинг гавжум савдо чорраҳаларидан бирида – Сўғд бозори ва Заргарлар маҳалласи туташган ҳудудда қад ростлаган. Хастахонанинг кундалик харажатларини, беморларнинг тўлақонли овқатланиши ва зарур дори-дармонлар таъминотини кафолатлаш мақсадида хоқон ўз шахсий мулки ҳисобланган “Тими палос” карвонсаройини ҳамда бешта ёрдамчи хона, учта ҳужра ва уч дўкондан иборат савдо расталарини вақф мулки сифатида муассаса ихтиёрига топширган. Вақфнома шартига биноан, ушбу тижорат иншоотларидан тушадиган барча ижара даромадлари муайян ҳиссаларга – тенг юз қисмга тақсимланиб, шифо маскани эҳтиёжларига йўналтирилган.
Мазкур масканда фаолият юритган мутахассислар таркиби ва хизмат ҳақининг тақсимланиш тартиби ўша давр жамиятининг маънавий ва табақавий қиёфасини англашда қимматли далилдир. Жумладан, умумий тушумнинг юз қисмдан иборат ҳисобидан энг катта улуш – нақ ўн қисми бевосита бош табибга тайинланган. Эътиборга молик жиҳати шундаки, шифохонанинг умумий маъмурий бошқарувчиси ва молиявий назоратчиси бўлган мутасаррифга саккиз қисм маош ажратилган. Илм ва амалиёт соҳиби бўлмиш ҳозиқ табибга ижрочи бошқарувчидан юқорироқ ҳақ тўлангани қорахонийлар жамиятида юқори малакали тиббиёт мутахассислари меҳнати юксак қадрланганини кўрсатади. Бундан ташқари, муассасада қон олувчи муолажачи – фассод, моҳир пазандалар ҳамда хизматчилар ҳам меҳнат қилган. Вақф тушумидан алоҳида хизматчига беш қисм, ошпазга уч қисм маош белгиланган.
Ҳужжатда хасталарнинг ҳуқуқларини муҳофаза қилишга устувор аҳамият қаратилган. Вақфнома талабига кўра, даволанаётган кишилар хасталикдан бутунлай фориғ бўлгунига қадар уларни шифохонадан чиқариб юбориш ёки безовта қилиш қатъиян ман этилган. Шаҳарнинг ерлик фуқароси ва ташриф буюрган мусофирлар бирдек бепул тиббий кўмак олиш ҳуқуқидан фойдаланган. Бемор соғайгачгина ўрнини бошқа муҳтож хастага бўшатиб бериши лозим бўлган. Мазкур низом талабларини ўзгартириш ёки бекор қилиш тақиқланиб, вақф шартларининг абадий кучда қолиши муҳрланган.
Таниқли тарихчи ва тангашунос олим Е.Давидович вақфномадаги пул муомаласига оид тафсилотларни тадқиқ этар экан, ҳужжат тасдиқланган пайтда Самарқандда амалда бўлган тангаларнинг аниқ қиймати қайд этилганини таъкидлайди. Унга мувофиқ, бир мисқол соф олтин қиймати айнан қирқ етти кумуш дирҳамга тенглаштирилган. Ҳужжатда тангалар харид қувватининг пасайиши, яъни пул қадрсизланиши эҳтимолига қарши махсус муҳофаза банди киритилган бўлиб, агар истиқболда дирҳамнинг бозор баҳоси ўзгарса, ходимларнинг иш ҳақи ва шифохона харажатлари ҳужжат тузилган кундаги соф олтин ўлчов мезони бўйича янги муомаладаги дирҳамларда қайта ҳисоблаб тўланиши шарт қилиб қўйилган. Бу эса ўрта асрлар ҳуқуқий амалиётида молиявий барқарорликни асраш ва муассасани моддий таназзулдан ҳимоя қилишнинг илғор тизими мавжуд бўлганини кўрсатади.
Иброҳим ташаббуси билан расмийлаштирилган иккинчи вақф ҳужжати Самарқанднинг “Бобулҳадид”, яъни Темир дарвоза мавзесида барпо қилинган мадрасага тегишлидир. Атрофида Хотун Малика майдони ва хонақоҳлар жойлашган мазкур таълим даргоҳи ҳам талабалар ва мударрислар учун моддий шароитларни кафолатлаган. Агар даврлар ўтиб шифохона ёки мадраса бинолари табиий офат ёки замонлар эврилиши сабаб яроқсиз ҳолга келса ва уларни тиклаш имконсиз бўлиб қолса, вақфнома шартига кўра, ажратилган кўчмас мулкларнинг барча даромадлари абадий равишда Самарқанддаги бева-бечора ва камбағал қатлам эҳтиёжларига сарфланиши белгилаб қўйилган.
Манбашунос олимларнинг қайд этишича, фақиҳ Бурҳониддин Маҳмуднинг “Муҳит ал-Бурҳоний” асари таркибида сақланиб қолган мазкур вақф ҳужжатлари XI асрда Туронда шаҳарсозлик маданияти, ижтимоий институтларни барқарор молиялаштириш ва тиббий ёрдам тизими юқори даражада бўлганидан далолат берувчи муҳим тарихий ёдгорликдир. Иброҳим Тамғачхоннинг бу хайрли амали ўзбек давлатчилиги тарихида ижтимоий адолат ва фуқаролар муҳофазаси бош мезон бўлганини намоён этади.
Алишер Эгамбердиев тайёрлади, ЎзА