Мамлакатимизнинг Жанубий Кореядаги дипломатик ваколатхонаси ташаббуси билан мазкур давлатда таҳсил олаётган талаба-ёшлар ва ватандошлар иштирокида 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни ҳамда буюк қомусий олим Мирзо Улуғбек таваллудининг 630 йиллигига бағишланган давра суҳбати ўтказилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.
Тадбирда ўзбек тилининг ҳуқуқий мақомини белгилашда енгиб ўтилган қийинчиликлардан тортиб ҳозирги кунда тилимизнинг бой имкониятларидан кенг фойдаланиш учун яратилган шарт-шароитлар ҳамда давлат тилини янги поғонага олиб чиқиш борасида ҳукуматимиз томонидан амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар алоҳида эътироф этилди.
Таъкидландики, ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши халқимизнинг миллий мустақилликка эришиш йўлидаги муҳим қадамларидан бири бўлди. "Давлат тили ҳақида"ги қонунда она тилимизнинг бор гўзаллиги ва жозибасини тўла намоён этиш билан бирга, уни илмий асосда ривожлантириш борасида ҳам кенг имкониятлар яратилган.
Энг муҳими, давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 21 октябрда "Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони билан ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун – 21 октябрь санаси "Ўзбек тили байрами куни" сифатида белгиланди.
Бундан ташқари, тадбирда буюк қомусий олим ва давлат арбоби Мирзо Улуғбек қолдирган маънавий меросни ўрганиш ва тарғиб қилиш муҳим аҳамиятга эга эканлиги қайд этилди. Буюк аждодимиз ўзининг бой илмий-маърифий мероси ҳамда мислсиз бунёдкорлик фаолияти билан Ўзбекистон тараққиёти ва жаҳон цивилизацияси ривожига беқиёс ҳисса қўшган улкан тарихий сиймо эканлиги алоҳида урғуланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идорасида фуқароларнинг мурожаатлари тингланиб, уларнинг муаммоларига амалий ечимлар берилмоқда.
Жумладан, бугун, 11 март куни Диний идора раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов навбатдаги қабулни ўтказиб, таълим, оилавий масалалар ва моддий ёрдам сўраб келган фуқаролар билан самимий суҳбатлашди.
Мурожаатчиларнинг оилавий муносабатларда келганларига муаммолар ечими бўйича маслаҳатлар, шаръий масалалар ечими юзасидан тавсиялар ва моддий ёрдам сўраганларга белгиланган тартибда кўмак берилди.
Бу эзгу анъана нафақат марказий идорада, балки юртимиздаги барча жоме масжидларда ҳам ҳар чоршанба куни имом-хатиблар томонидан мунтазам давом эттирилмоқда. Зеро, инсонлар оғирини енгил қилиш – асосий мақсадимиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати