Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Август, 2026   |   2 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:04
Қуёш
05:32
Пешин
12:28
Аср
17:20
Шом
19:27
Хуфтон
20:52
Bismillah
15 Август, 2026, 2 Рабиъул аввал, 1448
Мақолалар

Икки йўл бор: динни инкор қилиш ё динга эргашиш

24.10.2024   6565   3 min.
Икки йўл бор: динни инкор қилиш ё динга эргашиш

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мустабид коммунистик тузум динга қарши курашиб, миллионлаб одамларнинг ҳаётини пароканда қилгани барчамизга маълум. Аммо даҳшатли аҳволга тушиб қолгач, ноилож динга қайтишга, оилавий ҳаётда, иқтисодий турмушда маълум бир низомларга амал қилишга мажбур бўлди.

Олдимизда икки йўл бор: ё динни инкор қилиш, ё динга эргашиш. Динни инкор қилган давлатлар қадимда ҳам бўлган, ҳозир ҳам бор. Бунинг натижасида улар қандай қийинчилик ва муаммоларга дуч келгани барчамизга маълум.

Шу боис динга жуда катта эҳтиёж бор. Аллоҳга иймон келтиришдан, динга эътиқод қилишдан бошқа чора йўқ! Инсоният динга ниҳоятда муҳтож ва ундан ҳеч қачон беҳожат бўлмайди. Динсиз жамиятда, давлатда, оилада ва шахсда катта машаққатлар, улкан муаммолар юзага келади.

Бундай муаммоларнинг энг оғири – бугунги кунда мусулмон умматига ихтилоф, тафриқалар солинаётганидир. Мўмин-мусулмонларни зимдан бир неча тоифага ажратиб, шу тариқа умматнинг бирлигига рахна солинмоқда. Биз ҳозир бундай тоифаларнинг икки асосий белгисини айтиш билан кифояланамиз. Бу – таҳаллул ва ташаддуддир, яъни ўта енгил олиш ва ўта қаттиқ олиш. «Таҳаллул мактаби» динни енгил санаб, унга енгил-елпи амал қилишга чақиради.

«Ташаддуд мактаби» эса ўта чуқур кетиб, қаттиқ ушлашни, мутаассибликни ёқлайди. Демак, уларнинг бири динда фақат осон йўлни, енгил йўлни танлашга чақирса, бошқаси фақат қаттиқ туриш тарафдори. Бу жуда чуқур ўйланган усул, чунки одамларнинг табиати шундай: бир тоифа енгилликни ёқтирса, иккинчиси қаттиқ туришни ёқлайди. Аммо учинчи йўл ҳам бор бўлиб, бугунги кунда мана шу уч мактаб, яъни уч йўналиш шаклланган. Ҳанафий фиқҳига кириш айнан шуни ўрганишдан бошланади.

Мазкур уч йўналиш юқорида айтиб ўтилган «ташаддуд», яъни таассубона қаттиқ туриб олиш йўналиши, «таҳаллул», яъни енгил-елпи амални ёқлаш йўналиши ҳамда бу икки йўлнинг ўртаси – «тавассут», яъни мўътадиллик йўналишидир. Мазкур икки йўналиш мустамлакачилик таъсирида пайдо бўлган. Учинчи, мўътадил мактаб эса соф Исломни авлоддан авлодга етказиб келаётган мактабдир. Бу ҳақ мактабдир, ҳақни гапирувчи мактабдир. Ўз-ўзидан савол туғилади: «Нега айнан шу мактаб ҳақ? Бундан бошқаси ҳам ҳақ бўлиши мумкин-ку? Айнан шу мактаб ҳақлигига далилингиз борми?» Биз Қуръонга иймон келтирамиз. Қуръонда «Зикрни Биз нозил қилдик ва уни Ўзимиз муҳофаза қиламиз» деган оят бор. Демак, Аллоҳ таоло бу динни Ўзи муҳофаза қилади. Ким бунга шубҳа қилса, кофир бўлади, Қуръонни ёлғон деган бўлади. Хўш, Аллоҳ таоло бу диннинг сақланиб қолишига қайси йўлни сабаб қилди?

«Сизлар инсонлар учун яратилган энг яхши уммат бўлдингиз» деган оятни эсланг. Мусулмонларнинг 90 фоизи Аҳли сунна мазҳабида экан, «Мазҳаблар ҳақ йўлда эмас» десак, инсоният учун яратилган энг яхши уммат бўлмай қоламиз-ку! У ҳолда ҳолатимиз Қуръондаги ушбу оятга тўғри келмай қолади.

Аҳли сунна сифатида, мусулмон уммати сифатида инсонлар учун яратилган энг афзал уммат бўлмасак, унда бизнинг бу сифатимиз қаерда қолади? Биз бутун Ислом тарихи давомида тўрт фиқҳий мазҳабга, икки ақийдавий мазҳабга ва тасаввуф мазҳабларига эргашиб келдик.

Шундан келиб чиқадики, Аҳли сунна ҳақ йўл экан. Аллоҳ бу динни мана шу фиқҳий мазҳаблар воситасида муҳофаза қилиб келди.

«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Пол Капур: «Бу ерда тарихни нафақат кўрасиз, балки уни ҳис қиласиз»

12.08.2026   21056   3 min.
Пол Капур: «Бу ерда тарихни нафақат кўрасиз, балки уни ҳис қиласиз»

АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Самир Пол Капур Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди, хабар бермоқда iccu.uz.

Ислом цивилизациясининг кўп асрлик тарихи, унинг илм-фан, маданият ва маърифат тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозицияларида яхлит ва таъсирчан тарзда намоён этилган. Ташриф давомида Самир Пол Капур исломгача бўлган давр цивилизацияларидан тортиб, Янги Ўзбекистон даврига қадар бўлган тарихий жараёнларни акс эттирувчи галереялар, буюк алломаларнинг илмий-маърифий мероси, ноёб қўлёзмалар, муқаддас ёдгорликлар ҳамда замонавий рақамли технологиялар асосида яратилган интерактив экспозициялар билан яқиндан танишди.

Меҳмон экспозицияларнинг мазмунан изчиллиги ва тарихий жараёнларни бир-бири билан узвий боғлиқ ҳолда намоён этиш усулига алоҳида эътибор қаратди. Унинг қайд этишича, бу ерда музей экспонатлари орқали ўтмиш ҳақида маълумот олиш билан чекланиб қолмай, тарихий даврлар руҳини ҳис қилиш, улар ўртасидаги боғлиқликни англаш имкони ҳам мавжуд.

Самир Пол Капур ўз таассуротларини қуйидагича ифодалади:

«Бу муҳташам маскан. Ислом тарихи ва маданиятининг асрлар давомидаги тараққиёти билан яқиндан танишиш мен учун унутилмас тажриба бўлди. Бу ерда тарихни шунчаки китоб саҳифалари орқали эмас, балки ўз кўзингиз билан кўрасиз, уни ҳис қиласиз ва гўё ўша даврларнинг ичида бўласиз. Шу боис ушбу ноёб масканни барпо этишга ҳисса қўшган барча инсонларга самимий миннатдорчилик билдираман.
Ёшларга ҳам бу ерга келишни албатта тавсия қиламан. Чунки бу маскан нафақат тарихни ўрганиш, балки ўтмиш билан келажак ўртасидаги узвий боғлиқликни англаш имконини беради. Мен учун энг эсда қоларли лаҳзалардан бири Қуръони каримга бағишланган голографик намойиш бўлди. У менда катта таассурот ва ҳаяжон уйғотди.
Менимча, бу даргоҳ ислом цивилизациясининг жаҳон тамаддунига қўшган улкан ҳиссасини бутун дунёга намоён этишга хизмат қилади. Шунинг учун ҳар бир инсон бу ерга ташриф буюриб, ана шу бой ва бебаҳо мерос билан шахсан танишиши лозим».

Пол Капурнинг фикрича, Марказнинг аҳамияти унинг тарихий меросни намоён этиш билангина чекланмайди. Ушбу маскан ёш авлод учун ўтмиш сабоқларини англаш, илм-фан ва маърифатнинг цивилизация тараққиётидаги ўрнини ҳис этиш, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳини шакллантириш учун ҳам муҳим маънавий-маърифий майдон вазифасини ўтайди.

Ташриф якунида АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Самир Пол Капур Ислом цивилизацияси марказидан олган таассуротлари юксак эканини қайд этиб, ушбу маскан бой тарихий меросни замонавий музей технологиялари ва таъсирчан тақдимот усуллари орқали жаҳон жамоатчилигига етказишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари