Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
اللَّهُمَّ صَلِّ عَلَى سَيِّدِنَا مُحَمَّدٍ عَبْدِكَ وَ نَبِيِّكَ وَ حَبِيبكَ وَ رَسُولِكَ النَّبِيِّ الْأُمِّيِّ وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ وَسَلَّمْ
Аллоҳумма солли ъала саййидина Муҳаммадин ъабдика ва набиййика ва ҳабибика ва Расуликан Набиййил уммиййи ва ъала алиҳи ва соҳбиҳи ва саллим («Ал-адъийатул-воридату фил-аятил каримати вал-аҳадисиш шарифаҳ», 61-бет).
Маъноси: Аллоҳим! Бизнинг саййидимиз, Сенинг банданг, пайғамбаринг, ҳабибинг ва уммий набий бўлмиш Расулинг ҳазрати Муҳаммадга ва ул зотнинг оилалари (аҳли)га ва саҳобаларига салоту салом ёғдир!
«Расулиҳин набиййил умиййи...» («Унинг уммий Пайғамбари бўлган Расулига») деган ибора Қуръони Каримнинг Аъроф сураси, 158-оятида, яна Анкабут сураси, 48-оятида келган. Бу салавот жуда савобли салавотлардан ҳисобланади.
Ориф Абул Аббос ал-Марисийдан нақл қилинади: «Ким бу салавотни бир кеча-кундузда беш юз марта ўқишда бардавом бўлса, тушида ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрмагунича вафот этмайди.
«Энг гўзал салавотлар» рисоласидан
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Cавол: Ҳозирги кунда “тақсит савдоси” ҳақида кўп эшитиб қоляпмиз. У қандай савдо?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. “Тақсит” савдоси деб савдо молини харидорга дарҳол топшириб, баҳосини бўлиб тўлашга келишган ҳолда насия қилиб сотишга айтилади. Бунда масалан бир киши машинани 10 ойга, ҳар ойда 1000 дан, жами 10 000 га келишган ҳолда сотиб олади.
Бу савдода сотувчи харидорга турли таклифларни киритганда, масалан, “3 ойга нархи 8000 бўлади, 6 ойга 9000 бўлади, 10 ойга 10 000 бўлади” деганда икки томон ҳам муддат ва нархни аниқ қилиб олишлари керак бўлади.
Агар харидор ваъда қилган тўловларини тўлай олмаса, қарзга устама қўшиш мумкин эмас, гарчи уни олдиндан шарт қилинган бўлса ҳам.
Ўзига тўқ (имконияти бор) харидор адо қилиши керак бўлган қарзни вақти келганда тўламаслиги шаръан ножоиздир. Бу сотувчига зулм қилиш, яъни катта гуноҳ бўлади.
Тақсит савдосида сотувчи харидорнинг қарзи муқобилида гаров талаб қилиш ҳаққига эга. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.