Мак Кай Ортон... Энтомология[1] бўйича илмий даражага эга, Корнел университетида (АҚШ) ўн йилдан бери асаларилар бўйича илмий тадқиқотлар олиб боради.
Тадқиқотчи М.К. Ортон бундай дейди: “Қуръонда асаларилар ҳақида бир сура борлигини эшитдим. 1445 йил муқаддам нозил бўлган Китобда келган асалариларга оид маълумотларнинг аниқлиги мени қаттиқ ҳайратга солди. Қуръондаги 16 тартиб рақам остидаги “Наҳл” сурасини тўлиқ ўқиб чиқдим. Ушбу суранинг асалари ҳақидаги 68-оятида 16 та сўз ва 16 хил араб ҳарфлари келган. Қизиқ жиҳати, урғочи асалариларда 16 жуфт хромосома, эркак асалариларда ҳам 16 хромосома бор”.
Мак Кай Ортон яна бундай деб айтади: “Асаларилар билан боғлиқ яна бир нарса мени қизиқтирди. Маълумки, Қуръони каримда феъллар музаккар (эркак жинси) ва баъзилари муаннас (аёл жинси) шаклда келган. Асаларилар ҳақида келган оятлар айнан аёл жинсида ифодаланган. XIX асрнинг бошларида Эдвард Беван асални фақатгина урғочи асаларилар ишлаб чиқаришини аниқлаган. Эркак асаларилар асал бермайдилар”.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилган: «Роббинг асаларига ваҳий юборди: “Тоғлардан, дарахтлардан ва кўтарилган ишкомлардан уй тутгин. Сўнгра ҳамма мевалардан егин. Бас, Роббингнинг осон қилиб қўйган йўлларидан юргин”. Қоринларидан турли рангдаги ичимлик чиқар. Унда одамлар учун шифо бордир. Албатта, бунда тафаккур қилувчилар учун оят (белги) бордир» (Наҳл сураси, 68-69-оятлар).
Ушбу оятда “емоқ” феълининг амр (буйруқ) шакли “кули” (егин) аёл жинси шакли ишлатилган. Эркак жинсида бу сўз “кул” шаклида келади. Бошқа феъллар ҳам шундай шаклда келган.
Шунингдек, оятда “батнун” (ошқозон) сўзининг кўплик шакли “бутуунун” сўзи келган. “Ҳа” олмоши учинчи шахс бирлик маъносидаги аёл жинсини билдиради.
Тадқиқотларда урғочи арининг ҳақиқатан ҳам иккита ошқозони борлиги, бири озиқ-овқатни ҳазм қилиш учун, иккинчиси гуллардан йиғилган нектарни сақлаш учун экани аниқланган.
Даврон НУРМУҲАММАД
[1] Энтомология (лотинча: ҳашаротлар) – ҳашаротлар тўғрисидаги фан. Ҳашаротларнинг тузилиши, ҳаёт кечириши, уларнинг индивидуал ва тарихий ривожланиши, хилмахиллиги, ер юзида тарқалиши, яшаш муҳити билан муносабатлари ва бошқаларни ўрганади.
Бугун оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда (“тегажоғлик қилди, зўрлади” мазмунидаги) ахлоқий бузуқлик билан боғлиқ нохуш хабарлар кўпайиб кетди. Уларни ўқиганинг сари фиғонинг ошади. Наҳот инсон тубанликка борса. Бу иллат вояга етмаганлар орасида ҳам, ақли расо ва ҳатто ёши бир жойга бориб қолган инсонлар орасида ҳам урчиётгани ташвишли ҳолдир.
Бугун фаҳшни тарғиб қилаётган воситалар шунчалар кўпки, бундан қочишнинг иложи йўқдек. Олдинлари киши айтишга ор қиладиган беҳаё гаплар эндиликда очиқчасига сериаллару киноларда, ижтимоий тармоқларда ташвиқ қилинмоқда. Оқибатда инсонларда ҳаё пардаси кўтарилиб кетаётгандек...
Бунинг таъсирида зўрлаш билан боғлиқ жиноятлар ортиб, ўлим билан якунланганлари бор. Умри хазон бўлган ёш қиз-жувонлар, ўсмирлар қанча. Вояга етмай оила қураётганлар, мактаб партасида ўтириб она бўлаётганлар-чи? Хиёнат сабаб оиласи бузилаётган, болаларини етим қилаётганлар, яқин қондошлик алоқаларини узаётганлар ҳам етарлича. Бунинг ортидан юқумли ва бедаво касалликларга чалинаётганлар ҳам бор. Буларнинг барчаси биргина ахлоқсизлик ортидаги фожиалардир.
– Зинонинг ёмонлиги шундаки, жамиятнинг асоси бўлган оилага жиддий путур етказади, инсоннинг насл-насаби бузилади. Жамиятда кўплаб иллатларнинг урчишига, касалликларнинг ортишига сабаб бўлади, – дейди ЎМИ Фатво маркази бош мутахассиси Ҳикматуллоҳ домла Тоштемиров. – Шу боис динимизда у гуноҳи кабира саналади. Қуръони каримда: “Зинога яқинлашмангиз! Чунки у фаҳш ва ёмон йўлдир” (Исро сураси, 32-оят), дея марҳамат қилинган. Демак, мўмин киши унинг ҳар қандай кўринишидан йироқ юриши лозим. Афсуски, бугун ижтимоий тармоқлар орқали ўзга жинс вакиллари билан муносабатларда мана шу жиҳатларга эътибор қаратилмаяпти. Номаҳрамлик масалаларига бепарво бўлиш ва ўзаро ножўя суҳбатлар ортидан оилалар бузилиб кетяпти. Ҳали оила қурмаган ёшлар ҳаёсизлик, зинонинг виртуал кўринишларига, яъни “онлайн муҳаббат”га ружу қўймоқда. Бу нарсалар шариатимизда қатъиян ман қилинган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам зинодан қайтариб айтадилар: “Эй инсонлар! Зинодан қўрқинглар, унда олтита зарар бор. Шундан учтаси бу дунёда, учтаси охиратда бўлади. Бу дунёдагилари: зино руҳий гўзалликни кетказади, камбағаллик келтиради, умрни қисқартиради. Охиратдагилари эса – Аллоҳнинг ғазаби, ҳисобдан ёмон ўтиш ва жаҳаннам азобидир” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Кундалик ҳаётимизда ҳам фаҳшга ружу қўйганларнинг боши балодан чиқмаслигига кўп бор гувоҳ бўламиз. Бу ҳам ҳадиснинг нақадар ҳақ эканидан далолатдир.
Қуръони каримда: “(Эй Муҳаммад!) Мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёллардан) қуйи тутсинлар ва авратларини (зинодан) сақласинлар! Мана шу улар учун энг тоза (йўл)дир. Албатта, Аллоҳ улар қилаётган (сир) синоатларидан хабардордир”, дея марҳамат қилинган (Нур сураси, 30-оят).
Оятда Аллоҳ таоло эркакларни номаҳрам аёлларга шаҳват назари билан қарашдан ман этмоқда. Чунки бундай назар зинога етаклайди ва бундай қараш кўз зиноси ҳисобланади. Афсуски, бугун кўча-кўйда, жамоат жойларида, айниқса, телевизор ва қўл телефонимиз қаршисида ўзимизни номаҳрамлардан, беҳаё тасвирлардан тия олмаяпмиз. Ёшимиз улғайиб нафсимизни жиловлаб олгандирмиз. Лекин фарзандларимизнинг бу иллат исканжасидан асрай оляпмизми?
Таҳрим сураси 6-оятда: “Эй иймон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш дўзахдан сақлангиз...” дея марҳамат қилинган. Оят тафсирларида уламоларимиз ўтдан сақланиш гуноҳларни тарк қилиш ва тоат-ибодат билан бўлади. Бунда оила бошлиғи аёлини ҳам фарзандларини дўзах азобидан сақлашга масъул эканини таъкидлашган.
Хулоса қилиб айтганда, мўмин киши ахлоқий бузуқликка етаклайдиган ҳар қандай нарсадан узоқ юриши, аҳли оиласини ҳам бу ботқоқдан асраши шарт. Бунинг учун эса динимизни мукаммал ўрганиб, Қуръону суннатда келган амалларни ҳаётимизга татбиқ қилишимиз, фарзандларимизга бузуқлик гуноҳи кабира эканини англатишимиз, энг асосийси, уларга Аллоҳни танитишимиз зарур. Шундагина улар ёлғиз қолса ҳам, Аллоҳнинг кузатувида эканини ҳис этади, шайтон васвасаларига, нафсининг хоҳишларига учмайди, иншоаллоҳ.
Бобур МУҲАММАД