Шу кунларда Самарқанд вилоят бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов бошчилигида Пастдарғом тумани “Имом ота” жоме масжиди ҳудудида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида тадбир ташкил қилинди.
Тадбир давомида масжид ҳудудидаги бўш ер майдонига 200 туб манзарали дарахт кўчатлари экилди. Унга маҳалла масъуллари ва 100 дан зиёд масжид жамоаси ўз ҳиссасини қўшдилар. Дарахт экиш ишлари якунига етганидан сўнг, ушбу боққа “Рамазон туҳфаси” номи берилди.
Бундан ташқари, Самарқанд шаҳар “Афросиёб” ёнбағрида “Мерос Фарм” корхонаси ҳомийлигида 1000 туб гилос дарахти кўчатларини экиш ишларини бошлаб бердилар.
Куннинг иккинчи ярмида Пайариқ туманида ташкил қилинган “Имом Бухорий авлодлари” боғида ҳам мазкур йўналишдаги ҳашарлар ташкил қилинди. Ушбу тадбир давомида мазкур боққа 50 туб дарахт кўчатлари экилди.
ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги матбуот хизмати
BBC Studios’нинг Евроосиёдаги тижорий вакили Сергей Становкиннинг таъкидлашича, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Тошкентда ўтган «Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» Халқаро медиафоруми Ўзбекистоннинг ўз тарихи ва цивилизацион меросини глобал аудиторияга мустақил овоз билан етказишга қаратилган янги медиа майдонига айланди, хабар бермоқда iccu.uz.
Сергей Становкин, BBC Studios’нинг Евроосиёдаги тижорий вакили
– Ушбу медиафорумнинг аҳамияти жуда катта. Профессионал оммавий ахборот воситалари вакилларини бир майдонга жамлаш ахборот муҳитида мутлақо бошқа натижа беради. Бугун блогерлик жадал ривожланаётган муҳим йўналишлардан бири бўлса-да, анъанавий ОАВнинг ўз аудиторияси, таъсир доираси, ишонч даражаси ва таҳририй сиёсати бор. Шу боис бу тадбирнинг айнан медиафорум шаклида ўтказилаётгани ва унда кўплаб халқаро ОАВ вакиллари иштирок этаётгани алоҳида аҳамиятга эга.
Эндиликда муҳим вазифа — халқаро медиа кун тартибида Марказий Осиё ва Ўзбекистонга янада кенг ўрин бериш. Бунинг учун Ўзбекистон ва Ислом цивилизацияси маркази ўз овози, ўз контенти ва самарали коммуникацияларига эга бўлиши керак. Чунки Ислом цивилизацияси марказининг дунёга айтадиган гапи, тақдим этадиган мазмуни бор.
Ислом цивилизацияси марказининг ташкил этилиши ҳам шу нуқтаи назардан жуда муҳим. У нафақат мамлакатлар ўртасида, балки ўтмиш ва келажак ўртасида ҳам кўприк яратади. Тарихни англаш келажакни тўғри қуришга ёрдам беради. BBC’да “Ўзбекистон — цивилизациялар чорраҳаси” рекламавий кампанияси бўлганида, мен бу ҳақда кўп ўйлаган эдим. Менимча, Ислом цивилизацияси маркази ҳам гуманитар соҳадаги ана шундай муҳим чорраҳалардан бири — у одамларни Тошкентга, Ўзбекистонга чорлайди ва турли мамлакатларни яқинлаштиради.
Ўзбекистонни халқаро маданий мулоқот учун муҳим майдонга айлантираётган асосий жиҳат — унинг фаоллиги ва ташаббускорлиги. Бу иқтисодиётда ҳам, маданиятда ҳам яққол кўринмоқда. Айниқса, келажакка қаратилган қараш Ўзбекистонни ажратиб туради. Ўтмишни ўрганиш жуда муҳим, аммо келажак ҳақида гапириш ва ривожланиш йўналишини белгилаш ҳам шунчалик аҳамиятли. Ана шунда янги ҳамкорлар ва янги тарафдорлар пайдо бўлади. Ўзбекистон буни жуда яхши амалга оширмоқда. Шу боис унинг дўстлари ва ҳамкорлари кўп. Ишончим комилки, Ўзбекистонни катта ва порлоқ келажак кутмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати