Шу кунларда Самарқанд вилоят бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов бошчилигида Пастдарғом тумани “Имом ота” жоме масжиди ҳудудида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида тадбир ташкил қилинди.
Тадбир давомида масжид ҳудудидаги бўш ер майдонига 200 туб манзарали дарахт кўчатлари экилди. Унга маҳалла масъуллари ва 100 дан зиёд масжид жамоаси ўз ҳиссасини қўшдилар. Дарахт экиш ишлари якунига етганидан сўнг, ушбу боққа “Рамазон туҳфаси” номи берилди.
Бундан ташқари, Самарқанд шаҳар “Афросиёб” ёнбағрида “Мерос Фарм” корхонаси ҳомийлигида 1000 туб гилос дарахти кўчатларини экиш ишларини бошлаб бердилар.
Куннинг иккинчи ярмида Пайариқ туманида ташкил қилинган “Имом Бухорий авлодлари” боғида ҳам мазкур йўналишдаги ҳашарлар ташкил қилинди. Ушбу тадбир давомида мазкур боққа 50 туб дарахт кўчатлари экилди.
ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятининг аҳоли билан очиқ ва самимий мулоқотлари фуқаролар мурожаатларини ўрганиш ҳамда уларни ҳал этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бугун, 16 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков Диний идорага келган бир гуруҳ фуқароларни қабул қилиб, уларнинг мурожаат, арз ва таклифларини тингладилар.
Мулоқот давомида имомлар фаолиятини янада такомиллаштиришга оид таклифлар кўриб чиқилди. Шунингдек, устоздан хайрли дуо олиш ниятида келганлар, ўзлари ёзган китобларини тақдим этганлар ҳам бўлди. Моддий ёрдам сўраб мурожаат қилган фуқароларга эса белгиланган тартибда тегишли кўмак кўрсатилди.
Самимий қабул ва кўрсатилган эътибордан мамнун бўлган фуқаролар миннатдорлик билдириб, хайрли дуолар қилишди.
Дарҳақиқат, инсон дардига шерик бўлиш, унинг ташвишини енгиллатиш — савоби улуғ амалдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилганлар:
«Ким биродарининг ҳожатини раво қилса, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилади. Ким бир мусулмоннинг ташвишини аритса, Аллоҳ унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади» (Имом Бухорий ривояти).
Эслатиб ўтамиз, бундай қабуллар Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳудудий вакилликлари ҳамда барча жоме масжидларида ҳар чоршанба куни имом-домлалар томонидан мунтазам ўтказиб келинмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати