Иймон қушининг қанотлари қўрқув ва ражодир. Қурқув дейилганда, Аллоҳдан қўрқиш англанади. Аллоҳдан кўрқиш деганда эса, ҳаётимизнинг ҳар лаҳзасини У Зотнинг назорати остида ўтказиш ҳамда Аллоҳнинг қаҳҳор ва мутлақ ҳоким Зот эканини асло унутмаслик тушунилади. Зеро, бунинг оқибатида жаҳаннам азоби ва жаннатдан маҳрумлик изтироби ётади.
Ражо деганда, Аллоҳнинг раҳматидан умидвор бўлиш тушунилади. Зотан, Аллоҳнинг фазлу карами ҳамда раҳматига кўз тикиб ибодат қилиш натижасида Аллоҳнинг розилигини топиб, жаҳаннам азобидан қутулиш ва жаннатга эришиш туйғуси ётади. Чунки Аллоҳ таоло бандаларига меҳрибон Зотдир.
Мўмин учун қўрқув ва ражо, худди қушнинг икки қаноти сингаридир. Қанотлар парранданинг парвозини ҳосил қиладиган асосий воситадир. Зеро, қуш шу икки парсиз ёки унинг бирисиз учолмайди, балки мувозанат сақлангандагина енгил учади. Демак, қушнинг парвоз қилиши учун қанотлар қанчалик аҳамият касб этса, мўминнинг саодатга эришиши учун хавф ва ражо шунчалик муҳимдир. Нақшбандия тариқатининг буюк шайхларидан ҳазрат Амир Кулол қаддасаллоҳу сирраҳ хавфу ражо ҳақида бундай деганлар:
Мурғи имонро ду пар: хавфу ражост,
Мурғи бепарро паридан хатост.
Мазмуни: “Иймон қушида икки қанот бор: хавф ва ражо. Зеро, қанотсиз қуш учишга ярамайди”.
Ҳа, қанотсиз қуш ҳам, қанотларидан бири шикастланган ёки синган парранда ҳам учолмаслиги аниқ.
Мўмин кишининг қурқув ва ражо ўртасида яшаши шариат тарозисининг мувозанатли икки палласидир. Аллоҳ таолодан қўрқиш ва У Зотнинг фазлу карамидан умид қилиш, ҳар бир мусулмоннинг энг биринчи вазифаси ҳисобланади. Зеро, хавф ва ражоси бўлмаган кишининг эътиқодига путур етади. Чунки инсон қўрқув орқали гуноҳдан ўзини сақлайди. Натижада, қалбида Аллоҳга муҳаббат ҳосил бўлади. Бу муҳаббат уни Аллоҳнинг фазлу карамидан умид қилишга ундайди. Бу эса, банданинг ибодатларга ҳаваси ва рағбати ортишига сабабдир.
Мўмин киши умидсиз қўрқувга ва қўрқувсиз умидга тушмаслиги, балки шу иккиси орасида ҳаёт кечириши лозим. Мабодо булардан бири йўқолса, инсон ё ортиқча умидсизликка тушади, ёки қўрқувни унутади. Бунинг оқибати эса, аянчлидир. Шу боис, мўмин Аллоҳдан қўрқиб гуноҳлардан қочиши ва У Зотдан умид қилиб савобли ишларни бажариши лозим. Зотан, қўрқув ва умид орқали имонимиз қувватланади, эътиқодимиз тўғри шаклланади.
Қурқув ва умиди бор кишининг имони мустаҳкам бўлади. Зеро, улар бир-бирини тўлдиради. Аллоҳнинг қаҳридан қўрқмай раҳматидан умид қилиш бепарволик ва ғурурни юзага келтиради. Шунинг учун, ражода қўрқув бўлиши лозим. Зеро, қўрқувсиз ражо Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлишга сабабдир. Қўрқувдан раҳмат, илм ва ризо ҳосил бўлади. Зеро, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қиладилар:
رأس الحكمة مخافة الله
“Ҳикматнинг боши Аллоҳдан қўрқишдир” (Имом Байҳақий ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизни имонда, Исломда собитқадам қилиб, доимо хавф ва ражо ўртасида ҳаёт кечиришимизни насиб айласин. Омин!
Толибжон ҚОДИРОВ
Аллоҳ таоло айтади: “Одамларга (кибрланиб) юзингни буриштирмагин ва ерда керилиб юрмагин! Чунки Аллоҳ барча кибрли, мақтанчоқ кимсаларни суймас” (Луқмон сураси, 18-оят).
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Сизлардан илгари яшаб ўтган бир кишини такаббурлик билан изорини судраб юрганида ер ютди. У қиёмат кунигача ер (қаъри)га кириб кетаверади” (Имом Бухорий ривояти).
Ёшлигимизда устозлар кишининг кибрли ё ундай эмаслигини донга тўла бошоқнинг эгилиши, донсиз бошоқнинг эса худди кибрлангандай тик туриши мисолида тушунтиришганди. Катта бўлиб англадикки, устозларнинг мақсади бошоқ мисолида кибрланмасликни кўз олдимизда қолдириш бўлган экан. Негаки, мутакаббирликнинг оқибати жуда аянчли бўларкан.
Амр ибн Шуайбнинг бобосидан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Қиёмат кунида мутакаббир кимсалар одам суратидаги чумолиларга ўхшаш ҳолда қайта тирилади. Уларни ҳар томондан хорлик ўраб олади. Улар жаҳаннамдаги “Булус” деб номланадиган зиндонга ҳайдалади” (Имом Термизий ривояти).
Кибрнинг сабаблари турличадир. Масалан, бирор соҳани ўзлаштирган, керакли мутахассисга айланган одам ўзини олим, бошқаларни жоҳил санаб, насиҳатни қабул қилмай қолиши, кимдир ота-боболарининг олий насаби билан фахрланиб, ўзгаларни насаби паст, деб билиши, кимдир эса мол-дунё туфайли ғурурга кетиши мумкин. Яна чирой, қувват каби неъматлар ҳам шулар жумласидан. Кўплар шу сабаблар туфайли “Бошқалардан устунман”, деб ўйлашади. Ваҳоланки, Аллоҳ банданинг чиройига, насабига, бойлигига эмас, қалбига, қилаётган нияти ва амалига қарайди.
Ибн Синонинг устози Кушёрнинг ҳузурига бир киши илм ўрганиш мақсадида келибди. 2-3 ой ўтса ҳамки, устози илм беришни бошламагач:
– Ҳазрат, энди менга жавоб берсангиз. Уч ой бўлди, дарс бермадингиз. Вақтингиз йўқ шекилли, – дебди. Шунда устоз:
– Мен сенга бажонидил дарс берардим. Лекин ҳузуримга келган пайтингда "бу илмдан менинг унча-мунча хабарим бор", дея кибрландинг. Ўша қарашинг ҳалиям кетмади. Мен бўш идишни тўлдираман, деб жавоб қилибди.
Мол-давлатга кибрлансангиз, демак фақирсиз. Ўзингизни бошқалардан устун кўрадиган бўлсангиз, ҳар қанча илмингиз бўлмасин, жоҳилсиз. Кишини зулмга, туғёнга соладиган куч-қувват аслида заифликдир. Ҳақиқий бойлик, мартаба ва илмни тавозели инсонлардан топасиз!
Жаъфархон Сўфиев,
Тўрақўрғон туманидаги
“Исҳоқхон тўра” жоме масжиди имом-хатиби