Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
23 Март, 2026   |   3 Шаввол, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:03
Қуёш
06:22
Пешин
12:35
Аср
16:49
Шом
18:42
Хуфтон
19:55
Bismillah
23 Март, 2026, 3 Шаввол, 1447

Мўминнинг икки қаноти

29.10.2024   8237   3 min.
Мўминнинг икки қаноти

Иймон қушининг қанотлари қўрқув ва ражодир. Қурқув дейилганда, Аллоҳдан қўрқиш англанади. Аллоҳдан кўрқиш деганда эса, ҳаётимизнинг ҳар лаҳзасини У Зотнинг назорати остида ўтказиш ҳамда Аллоҳнинг қаҳҳор ва мутлақ ҳоким Зот эканини асло унутмаслик тушунилади. Зеро, бунинг оқибатида жаҳаннам азоби ва жаннатдан маҳрумлик изтироби ётади. 

Ражо деганда, Аллоҳнинг раҳматидан умидвор бўлиш тушунилади. Зотан, Аллоҳнинг фазлу карами ҳамда раҳматига кўз тикиб ибодат қилиш натижасида Аллоҳнинг розилигини топиб, жаҳаннам азобидан қутулиш ва жаннатга эришиш туйғуси ётади. Чунки Аллоҳ таоло бандаларига меҳрибон Зотдир.

Мўмин учун қўрқув ва ражо, худди қушнинг икки қаноти сингаридир. Қанотлар парранданинг парвозини ҳосил қиладиган асосий воситадир. Зеро, қуш шу икки парсиз ёки унинг бирисиз учолмайди, балки мувозанат сақлангандагина енгил учади. Демак, қушнинг парвоз қилиши учун қанотлар қанчалик аҳамият касб этса, мўминнинг саодатга эришиши учун хавф ва ражо шунчалик муҳимдир. Нақшбандия тариқатининг буюк шайхларидан ҳазрат Амир Кулол қаддасаллоҳу сирраҳ хавфу ражо ҳақида бундай деганлар:

 

Мурғи имонро ду пар: хавфу ражост,

Мурғи бепарро паридан хатост.

Мазмуни: “Иймон қушида икки қанот бор: хавф ва ражо. Зеро, қанотсиз қуш учишга ярамайди”.

Ҳа, қанотсиз қуш ҳам, қанотларидан бири шикастланган ёки синган парранда ҳам учолмаслиги аниқ.

Мўмин кишининг қурқув ва ражо ўртасида яшаши шариат тарозисининг мувозанатли икки палласидир. Аллоҳ таолодан қўрқиш ва У Зотнинг фазлу карамидан умид қилиш, ҳар бир мусулмоннинг энг биринчи вазифаси ҳисобланади. Зеро, хавф ва ражоси бўлмаган кишининг эътиқодига путур етади. Чунки инсон қўрқув орқали гуноҳдан ўзини сақлайди. Натижада, қалбида Аллоҳга муҳаббат ҳосил бўлади. Бу муҳаббат уни Аллоҳнинг фазлу карамидан умид қилишга ундайди. Бу эса, банданинг ибодатларга ҳаваси ва рағбати ортишига сабабдир.

Мўмин киши умидсиз қўрқувга ва қўрқувсиз умидга тушмаслиги, балки шу иккиси орасида ҳаёт кечириши лозим. Мабодо булардан бири йўқолса, инсон ё ортиқча умидсизликка тушади, ёки қўрқувни унутади. Бунинг оқибати эса, аянчлидир. Шу боис, мўмин Аллоҳдан қўрқиб гуноҳлардан қочиши ва У Зотдан умид қилиб савобли ишларни бажариши лозим. Зотан, қўрқув ва умид орқали имонимиз қувватланади, эътиқодимиз тўғри шаклланади.

Қурқув ва умиди бор кишининг имони мустаҳкам бўлади. Зеро, улар бир-бирини тўлдиради. Аллоҳнинг қаҳридан қўрқмай раҳматидан умид қилиш бепарволик ва ғурурни юзага келтиради. Шунинг учун, ражода қўрқув бўлиши лозим. Зеро, қўрқувсиз ражо Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлишга сабабдир. Қўрқувдан раҳмат, илм ва ризо ҳосил бўлади. Зеро, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қиладилар:

رأس الحكمة مخافة الله

“Ҳикматнинг боши Аллоҳдан қўрқишдир” (Имом Байҳақий ривояти).

Аллоҳ таоло барчамизни имонда, Исломда собитқадам қилиб, доимо хавф ва ражо ўртасида ҳаёт кечиришимизни насиб айласин. Омин!

Толибжон ҚОДИРОВ 
 

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилояти Пайариқ туманида қайтадан бунёд этилган Имом Бухорий мажмуасига ташриф буюрди

19.03.2026   28104   1 min.
Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилояти Пайариқ туманида қайтадан бунёд этилган Имом Бухорий мажмуасига ташриф буюрди

Президент Шавкат Мирзиёев 19 март куни Самарқанд вилояти Пайариқ туманида қайтадан бунёд этилган Имом Бухорий мажмуасига ташриф буюрди.

Зиёратгоҳнинг қоқ марказида буюк ҳадисшунос бобомизнинг табаррук мақбараси ўрин олган. 

Давлатимиз раҳбари мақбарани зиёрат қилди. Қуръон тиловат этилиб, дуо ўқилди. 

– Муборак Рамазон ҳайити арафасида буюк ватандошимиз, ҳадис илмининг султони Имом Бухорий ҳазратларининг руҳи покларига яна бир бор ҳурмат-эҳтиром бажо келтирмоқдамиз. Бухорий бобомиз Қуръони каримдан кейинги энг мўътабар манба бўлган ҳадислар китобини яратиб, бутун ислом оламида шуҳрат қозонган улуғ сиймодир. Муқаддас заминимиз дунёга мана шундай машҳур алломани бергани билан ҳар қанча фахрлансак, арзийди.

Эл-юртимизнинг фидокорона меҳнати билан бугун орзу-ниятларимиз рўёбга чиқди. Бу бетакрор зиёратгоҳни Имом Бухорий бобомизнинг оламшумул мавқеига, юксак мақомига муносиб даражада бунёд этишга муяссар бўлдик. Мана шундай табаррук маскан барчамизга муборак бўлсин, – деди давлатимиз раҳбари.

 

Ўзбекистон янгиликлари