Шундай иллат борки, у қотиллик, зино, ўғирлик каби разилликларнинг калитидир. У на дин билади, на миллат. Ҳар қандай жамиятни емириб, эркагу аёл, ёшу қарини бирдек домига тортиб, икки дунёсини куйдиради. Унинг касрига болалар етиму мажруҳ, оилалар пароканда, фарзандлар оқпадар, ёшлар бевақт ҳаётдан кўз юмади. Унга аср вабоси дея таъриф берилиши ҳам бежиз эмас.
Бирлашган миллатлар ташкилотининг маълумотларига кўра, сўнгги йилларда гиёҳванд моддалар истеъмол қилувчилар сони тобора ортмоқда. Хусусан, ўтган йили дунё бўйлаб 15-64 ёшгача бўлган аҳолининг қарийб 5,5 фоизи илк бор гиёҳванд модда истеъмол қилган бўлса, 36 ярим миллион киши гиёҳвандликка мубтало бўлган. 2030 йилга бориб, дунё бўйича заққум истеъмолчилари 11 фоизга ошиши тахмин қилинмоқда. Афсуски, бу борада республикамизда ҳам ҳолат қониқарли эмас.
Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт марказининг Тошкент шаҳар филиали маълумотларига кўра, гиёҳванд модда истеъмол қилувчилар 2019 йилда салкам уч 2020 йилда эса тўрт фоизга яқинлашган. Рақамларнинг бундай ўсиши таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларининг ҳам сезиларли улуши бор. Афсуски, кейинги пайтда бу дори воситаларига ружу қўйиш ҳолатлари ҳам борган сари кўпаймоқда.
Ачинарлиси, уларнинг аксариятини ёшлар ташкил этмоқда. Боиси, уларнинг қизиқувчан, янгиликка ўч ва иродасизлигидир. Бу эса заҳри қотил таъсирига тушиш учун етарли омил бўлмоқда.
Агар бирор кашандадан чекишни қачон бошлаганини сўрасангиз аксарияти ёшлигида қизиқиб тамаки чекканини, кейин бунга ўрганиб қолганини таъкидлайди. Гиёҳвандлик ҳам ана шу оддий қизиқишдан бошланиб кейинчалик ёмон оқибатлар билан якунланади. Буни била туриб амал қилмайдиганлар орамизда топилади. Бунинг ҳаётий мисолларини ён-атрофимизда, айрим маҳаллаю қишлоқларда учратиш мумкин.
Яқинда маҳалламиз мактаби ёнидан ўтарканман, бир бурчакда яширинча тамаки тутаётган ўсмирларга кўзим тушиб, мактаб чоғларим ёдимга келди...
Синфимизда ҳам уч-тўрт нафар сигарета чекувчи болалар бўларди. Уларнинг ёшликдаги қизиқиши йиллар ўтиб одатга, кейинчалик иллатга айланди. Яъни яширинча сигарета чеккан, ароққа меҳр қўйган йигитлар йиллар ўтиб ўткир таъсир қилувчи моддаларни татиб кўришди. Натижада тақдир йўлларида кўп бор адашди, йиқилди, на оила, на ватан қилди. Дунёдан ҳеч вақо кўрмай ўтиб кетганлари ҳам бор.
Албатта, ҳеч ким фарзандини гиёҳванд бўлишини истамайди. Бироқ бунга ружу қўяётганлар қаердан пайдо бўляпти?
Бунинг сабаблари ўрганилганда, аввало, инсонларнинг руҳиятидаги салбий кечинмалар ва генетик мойилликлар омил бўлаётгани аниқланган. Хусусан, муаммолар ва қийинчиликдан қочиш, фарзандга беэътиборлик, болани ҳаддан ортиқ эркалаш, ички кечинмалар, қизиқувчанлик, ўз ҳаётидан қониқмаслик, турли низолар, ёлғизлик каби омиллар гиёҳвандликка туртки бераркан. Шу билан бирга, бу иллат болага ота-онадан қон орқали ўтиши ҳам тадқиқотчилар томонидан исботланган. Эътиборлиси, мазкур сабабларнинг аксари ота-она ва оилавий муҳитга бориб тақалади.
Демак, муаммонинг нозик нуқтаси оиладир. Гиёҳвандлик иллатининг олдини олиш учун оилаларни, ота-оналарни ислоҳ қилиш шарт. Уларни ислоҳ қилишнинг бирдан-бир йўли исломдир. Муқаддас динимиз кишини одоб-ахлоққа, ҳалолликка чақиради, харомдан тийилтиради. Энг асосийси, фарзандни баркамол бўлиб вояга етишига, турли иллатлардан холи бўлишига асос бўлади. Айниқса, инсон соғлиғига салбий таъсир этувчи егулигу ичимликлар истеъмол қилишни ман этади.
Бу борада Қуръон каримда бундай дейилади: “Эй одамлар, ердаги ҳалол-пок нарсалардан тановул қилингиз ва шайтоннинг изларидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга аниқ душмандир” (Бақара сураси 168-оят) дейилган.
Шунингдек, Моида сурасида: «Албатта, шайтон хамр ва қимор туфайли ораларингизга адоват ва ёмон кўришликни солишни ҳамда сизларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни хоҳлайди» (91-оят) дея марҳамат қилинади. Ояти каримада хамр, яъни маст қилувчи нарсалар билан ёмонликлар, шайтоний қилмишлар ортиши таъкидланмоқда. Шу боис турли жирканч жиноят ишларига назар ташласангиз, кўпинча уни гиёҳванд модда таъсирида амалга оширилганининг гувоҳи бўласиз. Демак, заққум истеъмол қилиш буткул шайтон измига бўйсуниш ва икки дунёни куйдириш билан баробардир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умму Салама розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар бир маст қилувчи ва бўшаштирувчидан қайтардилар» (Имом Абу Довуд ривояти) дейилган.
Демак, инсон саломатлигига салбий таъсир этувчи ҳар қандай егулигу ичимликдан тийилмоқ керак. Афсуски, сархуш қилувчи нарсаларни бир татиб кўрган киши нафсини бошқара олмай, яна истеъмол қилгиси келади. Ўзида унга қарши куч, ирода топа олмайди. Унга қарам бўлмасликнинг энг яхши йўли эса умуман оғизга олмасликдир. Бунинг учун эса фарзандаримизни имон-эътиқодли қилиб тарбиялаш, харом-ҳалолни чуқурроқ англатиш керак. Шундагина улар номақул ишларга ҳам қўл урмайдилар.
Бир сўз билан айтганда, динимиз кўрсатмаларига амал қилиб яшасак, нафақат ўзимизни балки фарзандларимизни ҳам турли балолару заҳри қотиллардан асраган бўламиз. Энг асосийси, зурриётларимиз жиноятчи, гиёҳвандлар эмас, балки орқамиздан дуо қилгувчи солиҳ инсонлар бўлиши тайин.
Бобур МУҲАММАДИЕВ
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан ҳамкорликда Тошкент шаҳри ва Наманган вилоятидан ташриф буюрган 100 нафарга яқин имом-хатиб иштирокида маънавий-маърифий тадбир ҳамда амалий семинар ташкил этилди, хабар бермоқда iccu.uz.
Иштирокчилар дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музей экспозициялари билан танишдилар.
Ташриф давомида меҳмонларга Марказ экспозицияларида акс эттирилган буюк муҳаддислар, мутафаккирлар, фақиҳлар, олимлар ва давлат арбобларининг жаҳон илм-фани ва цивилизацияси тараққиётига қўшган ҳиссаси ҳақида маълумот берилди. Нодир қўлёзмалар, археологик топилмалар ва рақамли технологиялар уйғунлиги тарихий меросни замонавий форматда тақдим этиш имкониятини яратаётгани алоҳида эътироф этилди.
Тошкент шаҳридаги «Ҳофиз Кўҳакий» жоме масжиди имом-хатиби Баҳром Отажонов Марказни «нафақат музей, балки халқнинг кўп асрлик тарихи ва цивилизациясини жонли намоён этувчи илмий-маърифий макон» деб баҳолади. Унинг таъкидлашича, экспозицияларда давлатчилик, илм-фан, меъморчилик ва маънавий мероснинг яхлит концепция асосида намоён қилиниши ташриф буюрувчиларда Ўзбекистоннинг цивилизацион тараққиётдаги ўрни ҳақида яхлит тасаввур ҳосил қилади.
– Бу марказ нафақат музей, балки халқимизнинг кўп асрлик тарихи ва цивилизациясини жонли тарзда акс эттирувчи илмий-маърифий макондир. Бу ерда инсоният тараққиётининг муҳим босқичлари, аждодларимизнинг илм-фан, давлатчилик, меъморчилик ва маънавият соҳасидаги буюк мероси яхлит ҳолда намоён қилинган. Айниқса, Амир Темур даври, Қуръони карим, дунёвий илмлар ва тарбия масалаларининг бир маконда уйғунлаштирилгани инсонни чуқур ўйга толдиради. Бу ерга келган ҳар бир киши Ўзбекистоннинг нақадар бой тарих ва юксак цивилизация соҳиби эканига яна бир бор амин бўлади, – деди Баҳром Отажонов.
Имом-хатиблар Марказнинг замонавий кутубхонаси фаолияти билан ҳам танишдилар. Минглаб қўлёзмалар, нодир китоблар ва илмий нашрларни ўз ичига олган фонд исломшунослик, мотуридийлик, ҳадисшунослик, фиқҳ, тафсир ва бошқа йўналишларда тадқиқот олиб борувчи олимлар ҳамда ёш тадқиқотчилар учун муҳим илмий ресурс сифатида баҳоланди.
Олмазор туманидаги «Имом ат-Термизий» жоме масжиди имом ноиби Мансур Мусахон Марказда сақланаётган Ҳазрати Усмон мусҳафини бутун ислом олами учун улкан маънавий бойлик деб атади. Унинг фикрича, аждодлар меросининг замонавий музей технологиялари асосида намоён этилиши ёш авлоднинг тарихий хотираси ва маънавий тарбиясини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
– Бу ердаги ҳар бир экспозиция алоҳида маъно ва тарихни ўзида мужассам этган. Энг катта таассурот қолдирган жиҳатлардан бири — асл Ҳазрати Усмон мусҳафининг шу ерда сақланаётганидир. Бу нафақат юртимиз, балки бутун ислом олами учун улкан маънавий бойликдир. Шунингдек, аждодларимизнинг ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси замонавий ёндашув асосида намоён этилгани ёш авлод учун катта ибрат мактабидир. Тарихи ва илдизига қизиққан ҳар бир инсон бу масканга албатта ташриф буюриши керак, – деди Мансур Мусахон.
Тадбир доирасида дин ишлари соҳаси мутахассислари иштирокида амалий семинар ҳам ўтказилди.
Косонсой тумани бош имом-хатиби Қодирхон Азизов семинар рақамли бошқарув тизимлари диний соҳада ҳам самарадорлик ва шаффофликни оширишга хизмат қилаётганини таъкидлади. У, шунингдек, Марказ кутубхонасида шаклланган бой илмий фонд ислом илмлари бўйича изланиш олиб борувчилар учун муҳим манба эканини қайд этди.
Тадбир якунида иштирокчилар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугун нафақат музей ёки маданий мерос объекти, балки илмий тадқиқотлар, таълим, халқаро ҳамкорлик ва маърифий мулоқотни бирлаштирувчи нуфузли платформага айланиб бораётганини таъкидладилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати