Cавол: Мен ҳозирда Кореяда ўқийман. Бу ерда ҳалол таомларни топиш мушкул бўлса-да, Аллоҳга шукр, ўзбек ошхоналари бор. Бир курсдошим айтдики, мусофирда юрганлар учун магазиндаги, яъни асли ҳалол бўлмаган гўштларни ейиш тўғрисида фатво бор, деди. Ҳақиқатда шундай фатво борми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Ҳеч ким ҳалол бўлмаган гўштларни ейиш мумкин деб фатво бермайди. Фақатгина инсон ейишга ҳалол нарса топа олмасдан ўлар ҳолга келиб қолгандагина яшаб қолгудек миқдорда ҳаром нарсани истеъмол қилишга рухсат берилган. Бу жуда ҳам нодир ҳолатдир. Ҳатто мол-қўй сингари ҳалол ҳайвонларни ҳам Аллоҳ таолонинг исмини айтиб сўйиш орқали гўшти ҳалол бўлади. Бисмиллаҳ айтилмасдан сўйилса, ҳалол бўлмайди. Чунки бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай буюради:
وَلاَ تَأْكُلُواْ مِمَّا لَمْ يُذْكَرِ اسْمُ اللّهِ عَلَيْهِ
“Аллоҳнинг исми зикр қилинмаган нарсаларни еманглар” (Анъом сураси, 121-оят).
Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
Озарбайжонда бўлиб ўтган Саййид Яҳё Бокувийнинг бой маънавий меросига бағишланган халқаро илмий-амалий конференциянинг ёпилиш маросими рамзий маънога эга бўлган тарихий Ағдам шаҳрида ўтказилди. Унда туркий давлатлар, араб-мусулмон мамлакатлари диний пешволари, уламолар ва соҳа мутахассислари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бугунги мураккаб даврда тинчлик ва ҳурлик энг бебаҳо неъмат эканини алоҳида таъкидлаб, уммат бирлиги, ҳамжиҳатлик ва диний-маърифий алоқаларни мустаҳкамлаш заруратига тўхталдилар. Шунингдек, давлат Раҳбарлари ўртасидаги самимий биродарлик ва олий даражадаги ўзаро ташрифлар халқларимиз тарихида янги саҳифа очганини эътироф этдилар.
Йиғилишда Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозода ҳам сўзга чиқиб, яқинда бўлиб ўтган Озарбайжон етакчисининг Ўзбекистонга тарихий ташрифи ва имзоланган "Абадий дўстлик шартномаси" қардошлик муносабатларимизни янги босқичга олиб чиққанини таъкидлади.
Анжуман якунида Шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозода жанобларининг таклифига биноан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари йиғилганлар ва бутун ислом уммати ҳаққига хайрли дуолар қилдилар. Муфтий ҳазратлари ўз дуоларида эл-юртларимиз тинчлиги, мамлакатларимиз фаровонлиги ҳамда анжуманда кўтарилган муҳим масалалар мусулмонлар ва бутун уммат манфаати учун хизмат қилишини Ҳақ таолодан сўрадилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати