Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Имом Маҳдий розияллоҳу анҳу ҳақларида, айниқса, у кишининг охирзамонда чиқишлари борасида мусулмон уламолар орасида қадимдан кўпгина баҳслар ўтган, бу баҳсларнинг натижаси турлича бўлиб чиққан.
Шиа мазҳабидагилар Имом Маҳдийни «Маҳдий мунтазар», яъни интизор бўлиб турилган Маҳдий дейишади.
Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби уламолари бу масалада ўзаро алоҳида баҳс юритганлар. Баъзи уламолар «Бу борада келган барча ҳадислар заифдир», деганлар. Бундай деганлар озчилик бўлиб, уларнинг энг кўзга кўрингани Ибн Халдундир.
Кўпчилик уламолар «Маҳдий розияллоҳу анҳу ҳақидаги ҳадиси шарифлар катта саҳобалардан, улуғ муҳаддислар томонидан ривоят қилинган», дейдилар. Бу ҳақдаги ҳадиси шарифларни Имом Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа, Тобароний, Абу Яъло, Баззоз, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал, Ҳоким ва бошқалар ривоят қилганлар.
Юқорида ана шу ҳадиси шарифлардан бир қисмини ўрганиб чиқдик. Уларнинг баъзиларида имом Маҳдий розияллоҳу анҳунинг исмлари очиқ-ойдин тилга олинган бўлса, бошқаларида ишора қилинган. Уларни солиштириб кўрадиган бўлсак, бир неча умумий хулосалар чиқаришимиз мумкин:
1. Охирзамон бўлганда Пайғамбар алайҳиссаломнинг оли байтларидан, ҳазрати Алий ва Биби Фотима розияллоҳу анҳумоларнинг ўғиллари Имом Ҳасан розияллоҳу анҳунинг наслидан Имом Маҳдий розияллоҳу анҳу чиқадилар.
2. Имом Маҳдий розияллоҳу анҳунинг чиқишлари қуйидагича бўлади: бир халифа вафот этгач, мусулмонлар ўртасида ихтилоф бўлади. Мадинадан бир киши Маккага қочиб чиқади. Унинг олдига Маккадан одамлар келиб, ўзи истамаса ҳам уни чиқариб, Рукн билан Мақом ўртасида унга байъат қиладилар. Ана ўша киши Имом Маҳдий розияллоҳу анҳу бўладилар.
3. Шомдан Имом Маҳдий розияллоҳу анҳуга қарши аскар юборилади. Ушбу юборилган аскарларни Макка билан Мадина ўртасидаги сайҳонликда ер ютади.
4. Одамларни ер ютганини кўриб, имом Маҳдий розияллоҳу анҳунинг олдига Шомнинг абдоллари – авлиёлари ва аҳли Ироқнинг яхшилари келиб, унга байъат қиладилар.
5. Сўнгра Қурайшдан тоғаси Бану Калблик бўлган киши чиқади. Имом Маҳдий розияллоҳу анҳу унга қарши аскар юбориб, уларга ғолиб келади. Кейин Имом Маҳдий розияллоҳу анҳу молни тақсим қилади.
6. Сўнгра Имом Маҳдий розияллоҳу анҳу одамлар орасида Набийлари соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатига амал қилади. Ер юзида Ислом қарор топади. Имом Маҳдий розияллоҳу анҳу жабр-зулмга тўлган ер юзини адолат ва инсофга тўлдиради.
7. Имом Маҳдий розияллоҳу анҳу молни сочади, уни санамайди. У кишининг даврларида мол-мулк кўпайиб кетгани, ўзлари сахий бўлганликлари учун шундоқ бўлади.
8. Имом Маҳдий розияллоҳу анҳу етти йил халифа бўладилар. Сўнг у киши вафот этадилар, мусулмонлар у зотнинг жанозасини ўқийдилар.
«Фитналар ва Қиёмат аломатлари» китобидан
24–29 август кунлари Ўзбекистон пойтахтида “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ, янги кашфиётлар” мавзусида халқаро медиафорум ўтказилади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Тадбирнинг асосий қисми Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ўтказилади. Унда хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари, халқаро экспертлар ва медиа соҳаси мутахассислари жам бўлади.
Форум дастуридан тантанали очилиш маросими, ялпи мажлислар, мавзуга оид медиа-кўргазмалар, матбуот анжуманлари ва икки томонлама учрашувлар ўрин олган. Шўба йиғилишлари доирасида ҳужжатли кино ва тарихий хотира, нашриёт лойиҳалари, замонавий технологиялар, шунингдек, медиа соҳасидаги халқаро лойиҳаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон талабалари учун жаҳон медиа саноатининг етакчи мутахассислари иштирокида маҳорат дарслари ташкил этилади. Иштирокчилар замонавий журналистика, медиа маҳсулотлар яратиш ва халқаро ахборот маконида самарали фаолият юритиш борасида тажриба алмашади.
27 август куни форум қатнашчилари учун Самарқанд шаҳрига саёҳат уюштирилади. Дастур доирасида меҳмонлар Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилади ва шаҳарнинг тарихий-маданий мероси билан танишади. Шунингдек, Тошкент шаҳрида хорижий ОАВ вакиллари учун махсус медиа-тур ўтказилиши режалаштирилган.
Форум 28 август куни якуний ялпи мажлис ва тантанали ёпилиш маросими билан ўз ишини якунлайди. Хорижлик меҳмонлар, Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тадбирларда ҳам иштирок этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати