Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ҳузайфа розияллоҳу анҳу Ноҳаванд фатҳидан қайтиб келаётиб, Ҳамадон аҳлининг сулҳни бузганликлари ҳақидаги хабарни эшитди. У киши бу кўнгилсиз хабарни ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуга етказди.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу у томонга Нуъайм ибн Муқарринни юборишни амр қилдилар. У йўлидан қайтиб, Ҳамадон томон юрди. Ҳамма тарафни эгаллаб, шаҳарни қамал қилди. Душман сулҳ талаб қилди. Улар билан жизяга сулҳ тузилди. Сўнгра Нуъайм ибн Муқаррин Вожрўзда дайлимликлар, озарбайжонликлар ва райликларнинг қўшма лашкарини мағлуб қилди ва Умар розияллоҳу анҳуга хабар юборди. Умар розияллоҳу анҳу уни Рай томон юришга амр қилдилар.
Нуъайм ибн Муқаррин шаҳарга яқинлашиб борганида, уларнинг лашкарбошиси Абул Фархон сулҳ талаб қилиб, олдиларига чиқди. У подшоҳга хилоф қилиб чиққан эди.
Подшоҳ атрофдагиларни ёрдамга чақириб, жангга тайёргарлик кўрди. Шаҳар ташқарисида, тоғ ёнбағрида икки тараф тўқнашди. Қаттиқ жанг бошланди. Иш узайиб кетаётганини кўрган Абул Фархон Нуъаймдан ўзига бир гуруҳ жангчилар ажратиб беришини сўради ва форслар билмайдиган томондан шаҳарга кирмоқчи эканлигини айтди. У мазкур жангчиларни олиб, шаҳарга кириб борди. Нуъайм зарбани кучайтирди. Бирдан шаҳар ичида «Аллоҳу акбар!» садолари янгради. Форслар шармандаларча мағлуб бўлдилар.
Бу жангда Аллоҳ таоло мусулмонларни Мадоиндаги каби катта миқдордаги ўлжалар билан ризқлантирди. Нуъайм Абул Фархонни шаҳарга волий этиб тайинлади ва Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга фатҳ ҳақида хушхабар юборди.
Ўз навбатида ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу унга: «Уканг Сувайдни Қавмисга юбор», деб амр қилдилар. Амр бажарилди. Сувайд розияллоҳу анҳу шаҳарни ҳеч қаршиликсиз фатҳ қилдилар. Қочиб кетган одамларни қайтариб келиб, сулҳ туздилар.
Сўнгра Сувайд розияллоҳу анҳу Журжон томон юрдилар. У ернинг подшоҳи Сувайд розияллоҳу анҳудан сулҳ талаб қилиб, мактуб ёзди. Сувайд розияллоҳу анҳу рози бўлдилар. Подшоҳ шаҳар ташқарисига чиқиб, у кишини кутиб олди.
Сувайд розияллоҳу анҳу Журжонда турганларида у кишига Тобаристоннинг бошлиғи мактуб ёзиб, сулҳ сўради. У киши рози бўлдилар ва қуйидаги ҳужжатни ёзиб бердилар.
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Албатта, сен Аллоҳ азза ва жалланинг омонидасан. Шарт шуки, ўғриларингни ва ерингнинг атрофидагиларни тиясан. Бизга қарши бўлганларга жой бермайсан. Ким волий бўлса, унга ўз ерининг дирҳамидан беш юз минг дирҳам берасан. Қачон шуни қилсанг, биздан ҳеч кимнинг сенга ғарот қилишга ҳам, ерингга тегишга ҳам, сенинг изнингсиз киришга ҳам ҳаққи йўқ. Сизлар томон бизнинг йўлимиз изн ила омонли бўлур. Шунингдек, сизнинг йўлингиз ҳам. Сизлар бизга қаршиларга жой бермайсиз. Бизнинг душманимизнинг қочиб, кириб олишига ҳам йўл қўймайсизлар. Алдамчилик қилмайсизлар. Агар қилсангиз, сиз билан бизнинг орамизда аҳд йўқ.
Шоҳидлар: Савод ибн Қутба ат-Тамимий, Ҳинд ибн Амр ибн ал-Муродий, Саммок ибн Махрама ал-Асадий, Саммок ибн Убайдуллоҳ ал-Абасий, Утайба ибн ан-Нуҳҳос ал-Ажалийлар.
Сўнгра Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Басранинг Муғийрадан олдинги амири Абдуллоҳ ибн Абдуллоҳ ибн Утбонга мактуб ёзиб, уни Исфаҳонга юришга амр қилди. Абу Мусо ал-Ашъарийга унга мадад беришни амр қилди. Абдуллоҳ ибн Абдуллоҳ ибн Утбон бориб, у ерликлар сулҳ талаб қилгунларича уруш қилди. Сулҳ талаб қилган эдилар, сулҳ тузди. У Исфиҳоннинг атрофларини ҳам фатҳ қилди.
Агар эътибор берадиган бўлсак, мусулмонлар доимо сулҳ тарафдори бўлганликларини кўрмоқдамиз. Уруш бошланмасдан туриб, сулҳ сўраганларга ҳам, урушиб туриб, сулҳ сўраганларга ҳам, енгилишига кўзи етиб, сулҳ сўраганларга ҳам, сулҳга хиёнат қилиб туриб, яна сулҳ сўраганларга ҳам рози бўлиб, сулҳ бераверганлар. Бу Ислом қоидасидир.
«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 23-жузидан олинди
Дин ва жамият
Ислом дини кишини ҳаддан ошиш, зўравонлик ва адоватдан қайтаради. Ҳар бир ишда ўрта йўлни тутиш, ақл билан иш кўриш, адолат ва инсофни сақлаш асосий мезонлардан экани таъкидланади.
Афсуски, бугунги кунда айрим кимсалар динимизга хос муқаддас тушунчаларни нотўғри талқин қилиб, ўз манфаатлари йўлида фойдаланмоқда. Улар диннинг асл моҳияти бўлган тинчлик, ўзаро меҳр-мурувват ва эзгулик ғояларини бузиб, одамлар қалбига мутаассиблик уруғини сочишга ҳаракат қилмоқда. Бундай кимсалар хорижда туриб ижтимоий тармоқлар орқали ақидавий, фиқҳий, маҳзаб масалаларида халқимизни чалғитишга уриниб, мутаассиблик ва бошқа ёт ғояларни тарғиб қилиб, оммани шубҳалар гирдобига тортишга уринмоқда.
Ҳақиқий диндорлик одамлардан узилиш, ҳаётдан четлашиш ёки бошқаларга нисбатан қаттиққўллик қилиш эмас. Балки ҳалол меҳнат қилиш, ота-онага ҳурмат кўрсатиш, оилага масъулият билан қараш, жамиятга фойда келтириш ва ибодатни ихлос билан адо этишда намоён бўлади. Мутаассиблик эса шу мувозанатни бузади. Бундай киши ўз фикрини ягона ҳақиқат деб билади, бошқа қарашларни эшитишни истамайди. Фақат ўз фикрини ўтказишга уринади. У кўп ҳолларда диннинг асл моҳиятини эмас, балки ўзининг тор ва бирёқлама тушунчасини ҳимоя қилади. Шу сабабли мутаассиблик жамиятда муросасизлик, адоват ва бўлинишларга сабаб бўлади.
Аслида, чин мусулмон ўз эътиқодида мустаҳкам бўлиши билан бирга, бошқаларга нисбатан ҳам одоб, ҳурмат ва инсоф билан муносабатда бўлиши керак. Дин номидан қўполлик қилиш, одамларни камситиш, жамият тинчлигига рахна солиш ёки зўравонликни оқлаш қораланган.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳар бир ишда – хоҳ у дунёвий бўлсин, хоҳ охират амали бўлсин – ўртача бўлишга чақириб: “Ишларнинг энг яхшиси ўртачасидир”, деганлар (Имом Байҳақий ривояти). Бу эса Исломда инсон ҳаёти бир томонга оғишган эмас, балки мувозанатли бўлиши кераклигини кўрсатади.
Бу ҳақда Қуръони каримда: “...Роҳибликни эса улар ўзлари чиқариб олдилар. Биз уларга уни (роҳибликни) ёзганимиз йўқ, лекин улар ўзлари Аллоҳнинг ризолигини истаб (роҳиблик) қилдилар-у, сўнгра унга тўла риоя қила олмадилар. Бас, улардан иймон келтирганларига мукофотларни ато этдик. (Аммо) уларнинг орасида аксарияти фосиқ (кофир)дирлар” (Ҳадид сураси, 27-оят), дейилган. Демак, киши ўз табиатига оғирлик қиладиган даражада ҳаётдан узилиб, тоат-ибодатга берилиб кетмаслиги керак.
Яна бир оятда: “Аллоҳ сенга ато этган нарса билан охиратни истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин” (Қасас сураси, 77-оят). Мусулмон киши дунёни деб охиратни унутиши, охиратни баҳона қилиб, зиммасидаги бу дунё ишларини ташлаб қўйиши жоиз эмас.
Мутаассиблик илмсизлик сабабли келиб чиқади. Илмли киши ҳеч қачон ўзгалар билан тортишмайди ва ҳар ишда ўзиникини маъқуллайвермайди. Аксинча, ҳақ гап айтилганида тан олади. Шунинг учун фарзандларимизга ёшлигиданоқ диний билимларни чуқур ўргатиб, турли фитналардан огоҳ этиб боришимиз зарур. Зеро, ҳақиқий илм эгаларини ҳеч қандай бузғунчи ғоялар чалғита олмайди.
Ғафуржон ЭШОНҚУЛОВ,
Ургут туманидаги “Чубин” масжиди имом ноиби
Ҳ. Садриддинов уюштирди.
"Ҳидоят" журналини 7-сонидан