Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
11 Август, 2026   |   28 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:58
Қуёш
05:28
Пешин
12:30
Аср
17:24
Шом
19:32
Хуфтон
21:00
Bismillah
11 Август, 2026, 28 Сафар, 1448

Саудия матбуотида Ўзбекистонга кенг ўрин ажратилмоқда

01.04.2024   3549   1 min.
Саудия матбуотида Ўзбекистонга кенг ўрин ажратилмоқда

Саудия Арабистони ахборот агентлиги – SPA Подшоҳлик Тараққиёт жамғармаси бош директори Султон бин Абдураҳмон Ал-Муршид ўз қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири биринчи ўринбосари Баҳром Аълоев бошчилигидаги делегация билан учрашгани ҳақида мақола эълон қилди.

Учрашувда жамғарма томонидан юртимизда молиялаштириладиган лойиҳалар ёрдамида турли соҳалар ривожини қўллаб-қувватлаш орқали ҳамкорликни кенгайтириш йўллари муҳокама этилган.

Таъкидлаш жоиз, республикамизда 2008 йилдан буён фаолият олиб бораётган Саудия Тараққиёт жамғармаси таълим, соғлиқни сақлаш, транспорт, уй-жой, сув таъминоти ва канализация йўналишларига имтиёзли кредит ажратиш орқали 11 та лойиҳа ва дастурни амалга оширмоқда.

SPA Ар-Риёдда бўлиб ўтган Саудия Арабистони ва Ўзбекистон ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувнинг бешинчи давраси тафсилотини ҳам ёритди.

– Подшоҳлик ташқи ишлар вазири ўринбосари Волид бин Абдулкарим Ал-Ҳурайжий ва Ўзбекистон ТИВ раҳбари биринчи ўринбосари Баҳром Аълоев бошчилигидаги делегациялар икки томонлама муносабатни турли жабҳада ривожлантириш йўлларини кўриб чиқди, умумий манфаат келтирадиган қатор масалалар юзасидан фикр алмашди. Тадбирда Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси  Юсуф бин Солиҳ Ал-Утайбий ҳам иштирок этди.

Саудиянинг қатор нашрларида “Валиаҳд шаҳзода олийларига Ўзбекистон Республикаси Президентидан ёзма мактуб келди” сарлавҳали мақола эълон қилинди.

Валиаҳд шаҳзода ва Бош вазир Муҳаммад бин Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевдан икки давлат ўртасидаги икки томонлама муносабатга оид ёзма мактуб олгани ёритилган материалда мактуб орқали умумий манфаатдор мавзулар кўтарилгани, алоқаларни барча соҳада янада мустаҳкамлаш зарурлиги таъкидлангани акс этган.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА

Дунё янгиликлари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Сиз энг бой одамсиз!

10.08.2026   5449   1 min.
Сиз энг бой одамсиз!

Инсоннинг феъли қизиқ: биз кўпинча ўзимизда йўқ нарсалар ҳақида қайғуриб, қўлимиздаги бебаҳо неъматларни одатдаги ҳолдек қабул қиламиз. Ваҳоланки, биз оддий деб билган қулайликлар, соғлиқ ва бошқа имкониятлар сайёрамизнинг миллионлаб аҳолиси учун энг катта орзу ҳисобланади.


Жумладан, бугунги тонгни дунё бўйича 174 мингга яқин инсон қарши ололмади. Айни дамда 50 миллиондан ортиқ одам саратон касаллиги билан курашмоқда. 300 миллион инсон ранглар жилосини кўриш бахтидан маҳрум. 400 миллионга яқин киши эса эшитиш мосламаларисиз дунё товушларини эшита олмайди. 770 миллиондан ортиқ катта ёшдаги инсон ҳанузгача ўқиш ва ёзишни билмайди. 2,5 миллиарддан зиёд аҳоли глобал ахборот ва интернет имкониятларидан узилган ҳолда яшамоқда. 6,5 миллиард инсон эса самолётда умуман учиб кўрмаган...


Бу рақамлар шунчаки қуруқ кўрсаткичлар эмас. Улар ортида миллионлаб инсонларнинг ана шундай аянчли тақдири ётибди.
Агар сиз ҳозир ушбу матнни ўқий олаётган, атрофдаги ранглар ва товушларни ҳис қилаётган, энг муҳими, янги кунни соғ-омон яшаётган бўлсангиз, демак, сиз сайёрадаги энг бахтли инсонлардан бирисиз. Шундай экан, турмуш ташвишларидан нолишни тўхтатинг. Ён-атрофга боқинг: сиз яшаётган бугунги кунга кимлардир етмади. Демак, ҳар бир хотиржам олинган нафас, ҳар тинч отган тонг учун Яратганга ҳамдлар айтиб, шукроналик кайфияти билан яшанг. Чунки сиз энг бой одамсиз!
 

Акбаршоҳ РАСУЛОВ

 

Ибратли ҳикоялар