Дуо – буюк ва қудрат эгаси бўлган Аллоҳ таолога муножат қилишидир. Банда доим Роббисига юзланиб дуо қилишини Қуръони каримда ўргатиб бундай марҳамат қилади: “Роббингизга тазарру ила ва махфий дуо қилинг. Зотан, У ҳаддан ошувчиларни севмас” (Аъроф сураси, 55-оят). Бошқа оятда эса: «Роббингиз: “Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман”, деди» (Ғофир сураси, 60-оят).
Юқоридаги оятлардан кўриниб турибдики, биз бандалар Ҳақ таолонинг амрига биноан дуо қиламиз, Аллоҳ таоло ўзининг ваъдасига мувофиқ ижобат этади.
Дуо қилиш бандани Аллоҳ таоло ҳузурида хожандманд эканини, ночорлигию ожизлигини тан олишидир. Уни қабул қилувчи Зотнинг жалолига муносиб одоб-ахлоқ билан сўраш банданинг иши. Қолгани эса Аллоҳ таолонинг Ўзига ҳавола.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: “Мен ижобат ташвишини чекмайман, мен дуо ташвишини қиламан. Менга дуо қилиш илҳом этилса, ижобат ҳам қилинади”, – дер эканлар. Ҳа, Аллоҳ Ўзига иймон билан дуо қилганларнинг дуосини ижобат этади, ибодатларини қабул қилади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилиб айтадилар: “Дуодан бошқа ҳеч нарса Аллоҳга қадрли эмасдир” (Имом Термизий ривояти).
Аллоҳ таоло дуоларни қабул қилишининг шакллари:
1. Аллоҳ дуони дарҳол қабул қилади. Яъни, инсон Аллоҳдан нима сўраган бўлса, ўша нарсани беради.
2. Аллоҳ “Кут” дейди. Яъни, дуони кечиктиради, лекин бандаси учун ундан ҳам яхшироғини тақдим этади.
3. Аллоҳ дуони бошқача қабул қилади. Яъни, сўралган нарсани эмас, балки бандаси учун кўпроқ манфаати бўлган нарсани беради ёки унга зарар етишидан сақлайди.
Бу жавоблар Аллоҳнинг ҳикмати билан амалга ошади ва У доимо банда учун яхшиликни истайди.Аллоҳ таоло бандага бир нарсани бермоқчи бўлса, аввал уни тайёрлаб, сўнг ўша нарсага лойиқ қилади." Яъни, Аллоҳ бир бандага неъмат ёки қийинчилик юборишни ирода қилганида, аввал бандани унга муносиб қилиб, сабр-тоқат ва шукр қобилиятини ривожлантириш орқали ўша нарсага тайёрлайди. Бу фикр мусулмонлар орасида Аллоҳнинг ҳикматига бўлган ишончни кучайтиради.Дуода тўғридан-тўғри Аллоҳдан сўраш муҳим саналади.
Аллоҳ бандалари учун энг яқин ва ҳамма нарсани яратишга қодир Зотдир. Аллоҳ таолога дуо қилаётганингизда мен қилаётган дуо ижобат бўлармикан, бир дуо қилиб қўяйчи, деманг. Балки Аллоҳ таолога дуони ижобат бўлишига аниқ ишонч билан қилаверинг.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз ҳадисларида дуо ҳақида: “Дуо ибодатларнинг мағзидир”, дедилар. Демак, икки дунё саодатидан умидвор ҳар бир инсон Аллоҳга дуони канда қилмай, Ўзидан сўраши лозим. Мусулмон одам дуо қилар экан, ижобат бўлишига шубҳа қилмасин.
Юқорида саналган дуо қабул бўлишининг уч хил шакли Аллоҳнинг раҳмати ва инояти кенглигини кўрсатади. Шу боис инсонлар ҳар доим дуо қилишда давом этишлари ва унинг ижобатини эса Ҳақ таолога ҳавола этишлари керак экан.
Қурбонов АҲЛИДДИН,
Имом Термизий ўрта махсус
ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
18 август Тошкентнинг нафақат диний, балки маданий ва илмий мероси тарихида муҳим ўрин тутувчи сана. Қуръони Каримнинг энг қадимий қўлёзмаларидан бири сифатида эъзозланадиган Усмон Мусҳафи асрлар давомида Марказий Осиё тарихининг турли босқичларига гувоҳ бўлиб келган, хабар бермоқда iccu.uz.
Ушбу нодир қўлёзма йирик ҳажмдаги пергамент варақларга ёзилган бўлиб, матни қадимий Ҳижоз хатида битилган. Мусҳафда ҳозирги араб ёзувидаги нуқта ва ҳаракат белгилари мавжуд эмас. Манбаларда унинг сақланиб қолган қисми 338 ёки 353 варақдан иборат экани ҳақида турли маълумотлар учрайди. Айрим йўқолган пергамент варақлар кейинчалик қоғоз билан алмаштирилган. Қўлёзманинг аниқ санаси хусусида илмий адабиётларда турли қарашлар мавжуд.
Тарихий маълумотларга кўра, Мусҳаф узоқ йиллар Самарқандда сақланган. 1868–1869 йилларда у Санкт-Петербургга олиб кетилган ва Император халқ кутубхонасига топширилган. 1905 йилда қўлёзманинг 50 та факсимиле нусхаси кўчирилган. 1917 йилдаги сиёсий ўзгаришлардан кейин мусулмон уламоларининг талаби билан Мусҳаф аввал Уфага, кейин эса Ўрта Осиёга қайтарилиши жараёни бошланган.
1924 йилда Усмон Мусҳафи Татаристон, Бошқирдистон ва Туркистон уламоларидан ташкил топган махсус кузатувчилар ҳамроҳлигида махсус поезд орқали Уфадан Тошкентга олиб келинди. Тошкентга олиб келинганидан сўнг Мусҳаф бир муддат шаҳардаги масжидлардан бирида сақланди. Кейинчалик унинг асраб-авайланишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон тарихи давлат музейига топширилди.
1989 йил 14 март куни Тошкентда бўлиб ўтган Мусулмонларнинг IV қурилтойида Ўзбекистон ҳукумати қарори билан Усмон Мусҳафининг мусулмонлар ихтиёрига қайтарилгани эълон қилинди. Кейинчалик у Ўзбекистон мусулмонлари идораси ихтиёрига топширилди. Мусҳаф бир муддат Ҳазрати Имом мажмуасидаги «Мўйи Муборак» мадрасаси музей-кутубхонасида махсус шароитда ҳам сақланди.
Усмон Мусҳафининг тарихий ва маданий аҳамияти халқаро миқёсда ҳам эътироф этилган. 1997 йилда қўлёзма ЮНЕСКОнинг «Memory of the World» — «Жаҳон хотираси» дастури рўйхатига киритилган.
2025 йил 13 ноябрь — Усмон Мусҳафи тарихида яна бир муҳим сана. Айнан шу куни нодир қўлёзма Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига олиб келинди. Бугун Қуръон залидаги асосий экспонатлардан бири сифатида алоҳида ўрин эгаллаб, юртимизнинг кўп асрлик диний, илмий ва маънавий меросини намоён этувчи бебаҳо ёдгорлик сифатида тақдим этилган. Шунингдек, Марказда турли даврларда Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар ва Темурийлар даврида кўчирилган Қуръон нусхаларини ҳам кўриш мумкин. Усмон Мусҳафи тарихи бу фақат бир қўлёзманинг тарихи эмас. Бу асрлар оша сақланган илмий ва маънавий мерос, уни асраб-авайлаган авлодлар хотираси ва Ўзбекистон заминида шаклланган буюк ислом цивилизациясининг узвий давомийлиги ҳақидаги тарихдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати