Бақара – Мадинада нозил қилинган энг аввалги сурадир. Суранинг бошидаги тўрт оят мўминлар ҳақида, ундан кейинги икки оят кофирлар ҳақида ва улардан кейинги ўн уч оят мунофиқлар ҳақида нозил бўлган. Бақара сураси Қуръони каримдаги энг узун сурадир. Энг узун оят ҳам айнан мазкур сурада бўлиб, у қарз ҳақидаги 282-оятдир. Бу оят тўлиқ бир бетни ташкил этади. Бақара сурасини доим ўқиб юрган кишиларга Аллоҳнинг изни билан сеҳру жоду таъсир қилмайди.
Бақара сураси ўқилган уйдан шайтон қочади. Бу ҳақда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Шайтон Бақара (сураси) ўқиладиган уйдан қочади", дедилар (Имом Муслим, Имом Термизий ривояти).
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: "Ким кечаси Бақара сурасидан ўн оят ўқиса, шайтон ўша кечада унинг уйига кирмайди" (Имом Доримий, Имом Байҳақий ривояти).
Шайтон Бақара сураси ўқилган ерга кира олмаслигини ўзи тан олиб айтган. Бу ҳақда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Рамазон закотини қўриқлашга вакил қилдилар. Бир куни кимдир келиб, егуликдан ҳовучлаб ола бошлади. Мен уни тутиб олдим-да, "Аллоҳга қасамки, сени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб чиқаман", дедим. У: "Мен муҳтож одамман, бола-чақам бор. Ниҳоятда муҳтожман", деди. Мен уни қўйиб юбордим.
Тонг отди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Эй Абу Ҳурайра, бу кеча асиринг нима қилди?" дедилар. "Ё Аллоҳнинг Расули, жуда муҳтожлиги, бола-чақаси борлигидан шикоят қилган эди, раҳмим келиб, қўйиб юбордим", дедим. У зот: "Билиб қўй, у сени алдабди. Ҳали яна келади", дедилар. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг "Ҳали яна келади" деган сўзларидан унинг қайтиб келишини билиб, уни пойладим. У келиб, егуликдан ҳовучлаб ола бошлаган эди, уни яна тутиб олдим. "Сени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб чиқаман", дедим. У: "Мени қўйиб юбор, мен муҳтожман, бола-чақам бор. Энди қайтиб келмайман", деди. Унга раҳмим келиб, қўйиб юбордим.
Тонг отди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: "Эй Абу Ҳурайра, асиринг нима қилди?" дедилар. Мен: "Ё Аллоҳнинг Расули, ниҳоятда муҳтожлиги, бола-чақаси борлигидан шикоят қилган эди, яна раҳмим келиб, қўйиб юбордим", дедим. У зот: "Билиб қўй, у сени алдабди. Ҳали яна келади", дедилар. Уни учинчи марта пойладим. Келиб, яна егуликдан ҳовучлаб ола бошлаган эди, уни тутиб олдим. "Энди сени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга албатта олиб чиқаман. Бу охиргиси. Сен қайтиб келмайман деб, учинчи марта қайтиб келяпсан", дедим. У: "Мени қўйиб юбор, Аллоҳ сенга манфаат берадиган калималарни ўргатаман", деди. "Нима у?" дедим. У: "Тўшакка ётганингда Оятул-Курсийни – "Аллоҳу лаа илаҳа илла ҳувал-Ҳайюл-Қойюм"ни оятнинг охиригача ўқигин. Шундай қилсанг, Аллоҳнинг даргоҳидан бир қўриқчи тонг отгунча тепангда туради ва шайтон сенга ҳаргиз яқинлаша олмайди", деди. Уни қўйиб юбордим.
Тонг отди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: "Бу кеча асиринг нима қилди?" дедилар. Мен: "Ё Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ сенга манфаат берадиган калималарни ўргатаман деган эди, қўйиб юбордим", дедим. У зот: "Улар нима экан?" дедилар. "У менга: "Тўшакка ётганингда Оятул-Курсийни – "Аллоҳу лаа илаҳа илла ҳувал-Ҳайюл-Қойюм"ни оятнинг охиригача ўқигин. Шундай қилсанг, Аллоҳнинг даргоҳидан бир қўриқчи тонг отгунча тепангда туради ва шайтон сенга ҳаргиз яқинлаша олмайди", деди", дедим.
Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Билиб қўй, ўзи ғирт ёлғончи бўлса ҳам, сенга рост айтибди. Уч кечадан бери ким билан гаплашаётганингни биласанми, эй Абу Ҳурайра?" дедилар. "Йўқ", дедим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: "У шайтон эди", дедилар» (Имом Бухорий ривояти).
Бақара сураси ўқилган ерга фаришталар тушадилар. Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Усайд ибн Ҳузайр розияллоҳу анҳу тунда "Бақара" сурасини ўқиётган эди. Бир пайт ёнгинасида боғланган от ҳурка бошлади. У қироатдан тўхтади. От ҳам тинчланди. Яна ўқий бошласа, от ҳам безовталанар эди. Қироатни тўхтатса, яна жим бўларди. Ўша вақтда ўғиллари Яҳё от ёнида эди. От босиб олмасин деб, қироатни тўхтатиб унинг олдига бордилар. Ўғилларини отдан узоқроққа қўйгач, осмонга қарасалар, унда соябонларга ўхшаш, остида нур таратиб турган нарсалар бор экан. Тонг отгач, бўлган воқеани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтиб бердилар. У зот алайҳиссалом: “Ҳузайрнинг ўғли, қироатингни давом эттиравермадингми?” дедилар.
Усайд розияллоҳу анҳу айтдилар: “Боламни от босиб қолишидан қўрқдим. У отнинг яқинида эди. Отдан узоқроққа қўйиб осмонга қарасам, у ерда соябонга ўхшаш, ичида чироғи бор нарсалар турган экан. Уйимдан чиқиб қарасам, йўқ бўлиб қолибди”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Улар нималигини биласанми?” деб сўрадилар. Усайд розияллоҳу анҳу: “Йўқ”, деди. Расулуллоҳ: “Улар овозингни эшитиш учун пастга тушган фаришталар эди. Агар тонггача ўқиганингда, одамлар ҳам уларни кўрган бўларди. Фаришталар ҳам улардан қочмас эди”, деб айтдилар».
Бақара сураси Қиёмат куни шафоатчи бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Қуръонни ўқинглар. Чунки у қиёмат куни ўз аҳли учун шафоатчи бўлади. Икки ёритувчи нур – Бақара ва Оли Имрон сураларини ўқинглар. Зеро, бу иккиси қиёмат куни икки булут ёки бир гуруҳ саф-саф қушлар шаклида келиб, ўз соҳибларининг ҳожатини раво қилади. Бақара сурасини ўқинглар. Уни ўқиш барака, тарк этиш эса ҳасратдир", деганлар (Имом Муслим, Имом Доримий, Имом Аҳмад ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким Бақара сураси охиридаги икки оятни бир кечада ўқиса, кифоя қилади", дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Ҳадисда келган “Кифоя қилади”дан қуйидаги маънолар келиб чиқади:
1. Барча ёмонликлардан сақланишга кифоя қилади.
2. Шайтоннинг ёмонлигидан сақланишга кифоя қилади.
3. Савоб олишга кифоя қилади.
4. Кечасини Қуръон қироати ила бедор ўтказишдан кифоя қилади.
5. Инсу жиннинг ёмонлигидан кифоя қилади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Қуръон оятларининг саййиди Оятул курсийдир", деганлар (Имом Ҳоким ривояти).
Зубайд Абдураҳмон ибн Асваддан ривоят қилади: "Ким Бақара сурасини ўқиса, бунинг эвазига унга жаннатда тож кийдирилади" (Имом Доримий ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Қуръони карим билан муолажа қилиш – бу замонавий тиббиётдан воз кечиш дегани эмас. Балки, Набий алайҳиссаломнинг “Аллоҳнинг бандалари даволанинглар” дея таъкидлаганларидек, набавий суннатга амал қилишликдир. Ушбу набавий буйруқ бизларни касалликларга даво бўладиган ҳар бир йўлдан тўғри фойдаланишга ундайди.
Ишонч билан айтиш лозимки, Қуръон тиловати мўминлар учун энг яхши муолажадир. Дарҳақиқат, ундан миллионлаб инсонлар истифода қилганлар, яна истифода қиладилар. Муолажада фақат тиббиётгагина суянган киши Қуръонга бепарво бўлиб, кўплаб яхшиликлардан бебаҳра қолади. Агар сиз у билан муолажа қилсангиз ҳеч қачон зарар кўрмайсиз!
Қуръони карим билан муолажа қилиш - бу беминнат, зиён-заҳматсиз бўлиб, сиздан ҳеч қандай махсус вақт, махсус макон ёки ҳолат талаб қилмайди.
Қуръони карим билан муолажа қилиш – фақат касалликлардан даволаниш эмас. Балки, унинг тиловати ибодат бўлиб, унда раҳмат, саодат, тарбия, Аллоҳ таолога яқин бўлиш ва сизнинг дунёю-охиратда нажот бор. У жисмингиз, руҳингизни қайта қувватлантирувчи ва мукаммал ҳаётий дастурдир...
Айтиш лозим бўлган муҳим сўз: Азизларим! Мен турли вақтлар, ҳолатлар, касалликлар, мусибатлар ва қийинчиликларда Қуръони карим билан муолажа қилишни тажриба қилиб кўрдим ва билдимки, у ҳар қандай касалликлардан даволанишда энг яхши воситадир. Шунинг учун ҳам, Қуръони карим ҳаётимнинг ҳар бир лаҳзасида ҳамроҳимдир.
Мен касалликка чалинсам янада кўпроқ Қуръон ўқийман, тинглайман. Шунда Аллоҳ таоло қандай касаллик бўлса ҳам, менга тезда шифо сабабларини муҳайё қилади. Кенгчилик, бахт-саодатни тортиқ этади. Ҳеч қандай хафалик, ғам-ташвиш, малолликни ҳис қилмайман.
Ечими жуда қийин бўлган муаммога рўпара бўлсам, Қуръони карим менда улкан сабр, машаққатни енгиб ўтишда қувват, ишларни ҳал этишда ҳикмат ва хотиржамликни зиёда қилади. Доимо тўғри қарор қабул қилишимга ёрдам беради.
Агар бир ёмонликка йўлиқсам, ўзимда заифликни ҳис қилсам, ёки келажакдан қўрқувга тушсам, Қуръон ғайратимни оширади, қўрқувни кетказади. У ҳар қандай ҳолатда менга куч-қувват бағишлайди.
Сиз ҳам мен билан бирга бу гўзал муолажани тажриба қилиб кўрасизми?!
Инсоният бир неча минг йиллар давомида, ҳар бир замон ва маконда ўзи учун шифо излаб, турли усулларни қўллаб кўрган. Баъзилар турли бут, санамларни ясаб уларга ибодат қилган ёки қуёшга, оловга сиғинган ва ҳоказо... Лекин Набий алайҳиссалом Пайғамбар қилиб юборилганларидан сўнг шифо излашда ҳам барча учун энг тўғри йўлни белгилаб бердилар. Аллоҳ таоло у зотга умматларининг руҳлари ва жисмлари учун шифо ўлароқ Қуръони каримни нозил қилди.
Ўн тўрт асрдирки, мўминлар Аллоҳ таолонинг ушбу
﴿يَا أَيُّهَا النَّاسُ قَدْ جَاءَتْكُمْ مَوْعِظَةٌ مِنْ رَبِّكُمْ وَشِفَاءٌ لِمَا فِي الصُّدُورِ وَهُدًى وَرَحْمَةٌ لِلْمُؤْمِنِينَ﴾
"Эй, одамлар! Сизларга Раббингиздан ваъз (насиҳат), кўксингиздаги нарсага шифо ва мўминларга ҳидоят ва раҳмат келди" (Юнус сураси, 57-оят) оятига ишонган ҳолда Қуръни Карим билан ўзларини муолажа қилиб келмоқдалар.
Ҳар жабҳада илғор мусулмонлар тиббиёт ривожида ҳам асосий пойдеворни қўйганлар. Ўрта асрлардан кейин илм-фан, хусусан, тиббиётда ривожланиш Ғарбга кўчди. Тиббиётда кимёвий моддаларга суяниб даволаш кенг ёйилди. Борлиқни Яратгувчи Зотни инкор этувчи, моддапараст ғарблик олимлар бу борада кўплаб ютуқларга эришдилар. Тиббиёт бизга қайта улар орқали кириб келди. Натижада мусулмон табибларнинг аксарияти табобат билан биргаликда Қуръони карим ва динимиз кўрсатмаларига мувофиқ дуолар билан даволашдан бутунлай йироқлашиб кетди. Биз қуйида Қуръони карим билан ҳаттоки, тузалмас касаллик бўлган саратонга ҳам баъзи оятларни ўқиб қандай муолажа қилиш мумкинлигини исботловчи илмий далилларни келтириб ўтамиз.
Биз бу изланишимиз орқали хавфли касалликларга ҳам Қуръони карим билан муолажа қилиш самараларини илмий асослаб барчани хусусан, шифокорларни қаноатлантиришни мақсад қилганмиз. Бунда Қуръони карим қай тарзда жисмнинг барча аъзоларини хусусан, иммунитет тизимини ошириши, бош мия ва юрак ҳужайралари фаолиятини яхшилашини кўриб чиқамиз.
"Исломда саломатлик" китобидан
Муҳаммад Зариф Муҳаммад Олим ўғли