Бир қизалоқ тақинчоқ дўконига кириб сотувчига қараб чиройли зирак кўрсатишини сўради. Сотувчи қизалоққа ҳайратланганча қараб тураверди. Шунда қизалоқ бир зиракни кўрсатиб: “Мана буни чиройли қилиб ўраб бероласизми?!”, деди. Сотувчи: “Пулинг борми?” деб сўради.
Қизалоқ чўнтагидаги бир нечта тангани чиқариб,:“Бор пулим шу, етадими?” деб сўради. Сўнгра у: “Биласизми, мен опамга шу зиракни совға қилмоқчиман. Чунки у онамиз оламдан ўтганидан кейин бизга ғамхўрлик қилиб келмоқда. Мен опамни хурсанд қилишни жуда хоҳлардим. Менда бори шу”, деди пулга ишора қилиб.
Бир неча сониядан сўнг сотувчи зиракни чиройли қутига солиб, қизчанинг қўлига берди. У хурсанд бўлганича уйига шошиб кетди.
Бир фурсатдан сўнг дўконга бир ўрта ёшли қиз кириб, дўкончига ўша қизалоқ олган зиракни кўрсатиб: “Буни сиздан олганмиди?” деб сўради. Сотувчи тақинчоқга қараб: “Ҳа” деб жавоб берди. Қиз тақинчоқни нархи қанчалигини сўради. Сотувчи: “Бу харидор ва менинг келишувим” деб жавоб қилди. У: “Синглимда бир неча танга бор эди. Бу эса жудаям қимматлигини биламан. Бунга пулимиз етмайди” деб зиракни қайтариб бермоқчи бўлди.
Шунда сотувчи: “Синглингиз бор будини берди. Бу нархни ҳеч ким бера олмайди”, дея тақинчоқни қизга қайтариб берди.
Акбаршоҳ Расулов таржимаси
Лондондаги элчихонамиз ташаббуси билан 21 октябрь – Ўзбек тили байрами кунини нишонлаш мақсадида Заҳириддин Муҳаммад Бобур рубоийларига бағишланган “Бобур рубоийлари” (Bobur’s Rubaiyat) мавзусида вебинар ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур тадбир ўзбек мумтоз адабиёти ва маданий меросини халқаро миқёсда кенг тарғиб қилишга қаратилди.
Вебинарда британиялик машҳур шоир ва таржимон Эндрю Станиланд томонидан Бобур рубоийларининг инглиз тилидаги таржималаридан намуналар ўқиб берилди.
Эндрю Станиланд Марказий Осиё халқлари адабий меросини инглиз тилида кенг тарғиб қилиш билан шуғулланади. У буюк ўзбек шоир ва мутафаккирлари Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Абдулҳамид Чўлпон, Машраб, Нодира ва Увайсий асарларини инглиз тилига таржима қилган.
Шунингдек, иштирокчилар ўртасида шоир ижоди, рубоийларда акс этган ҳаётий қарашлар, инсоний қадриятлар ва уларнинг бугунги кундаги аҳамияти юзасидан жонли муҳокама бўлиб ўтди.
Тадбир давомида буюк шоир, мутафаккир ва давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг адабий мероси, хусусан, унинг рубоийлари ҳамда уларнинг бадиий ва маънавий аҳамияти юзасидан фикр алмашилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати