Президентимиз Наманган вилоятига ташрифи давомида ифторлик тадбирлари уюштирилди. Унга ҳамоҳанг тарзда жойларда ушбу эзгу амаллар давом эттирилмоқда.
Мурувват, аҳиллик ва ҳамжиҳатликни улуғловчи ушбу фазилатли Рамазон ойида кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оила ва маҳаллаларда меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Бу анъана бугун умуммиллий ҳаракатга айланди.
Бугун Поп туманида "Кошона" тантаналар мажмуасида Ўзбекистон Мусулмонлар идораси ташаббуси билан туман ҳокимлиги ва туман "Инсон" ижтимоий хизматлар маркази ҳамкорлигида тумандаги 300 нафар кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга мухтож, ногиронлиги бўлган шахсларга ифторлик дастурхони ёзилди.
Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Наманган вилоят бош имом-хатиби Мусохон Аббасиддинов, Наманган вилояти ҳокимлигининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар котибияти мудири Аҳаджон Дадамирзаевич, Поп тумани ҳокими Аъзамжон Султонов бошчилигидаги сектор раҳбарлари иштирок этдилар.
Дуога қўл очган фуқароларимиз юртга тинчлик-омонлик сўрадилар, бундай ҳур, эмин-эркин замоннинг қадрига етиш, шукрона келтириш лозимлигини таъкидладилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Наманган вилояти вакиллиги Матбуот хизмати
Тошкентда Ўзбекистон ва Покистоннинг Карачи шаҳри туристик бизнеси вакиллари иштирокида B2B форматидаги учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Икки мамлакат туроператорлари ўртасидаги бевосита алоқаларни кенгайтириш, янги туризм маҳсулотларини яратишга бағишланган тадбир “Centrum Air” авиакомпанияси томонидан ташкил этилди. Учрашув Тошкент–Карачи йўналишида тўғридан-тўғри авиақатнов йўлга қўйилиши муносабати билан “FAM Trip” таништирув тури доирасида ўтказилди.
Жорий йилнинг 10–12 сентябрь кунлари бўлиб ўтган ташриф давомида Карачи туризм бизнесининг 10 нафар вакили Ўзбекистонга келди. Делегация Тошкент ва Самарқанднинг тарихий, маданий ва диққатга сазовор сайёҳлик масканлари ҳамда мамлакатнинг замонавий туризм инфратузилмаси билан танишди.
B2B форматидаги учрашувда Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти ва ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари тақдимоти ўтказилди. Унда Покистон бозорида Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хивани қамраб олувчи тарихий-маданий йўналишлар, Буюк Ипак йўли йўналишлари, гастрономик, экологик ва зиёрат туризмини тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилди.
Икки мамлакат туризм соҳаси вакиллари қўшма турпакетларни ишлаб чиқиш, янги йўналишларни шакллантириш ҳамда Ўзбекистон ва Покистон бозорларида туристик маҳсулотларни илгари суриш масалаларини муҳокама қилди.
Таъкидланганидек, Карачи ва Тошкент ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновнинг йўлга қўйилиши туризм йўналишлари, жумладан, “Карачи–Тошкент–Самарқанд” йўналишини ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар яратади ва келгусида Ўзбекистоннинг бошқа сайёҳлик марказларини ҳам қамраб олиш имконини беради.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати