Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
26 Ноябр, 2024   |   25 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:01
Қуёш
07:24
Пешин
12:15
Аср
15:15
Шом
16:59
Хуфтон
18:17
Bismillah
26 Ноябр, 2024, 25 Жумадул аввал, 1446
Мақолалар

Қабрда савол ва азоб қандай бўлади?

5.11.2024   2743   8 min.
Қабрда савол ва азоб қандай бўлади?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон мўмин қабрида ўтирғизилса, унга келинади. Сўнгра «Ашҳаду алла илааҳа иллаллоҳу ва анна Муҳаммадан Расулуллоҳи», деб шаҳодат келтиради. Ана ўша Аллоҳнинг «Аллоҳ иймон келтирганларни бу дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам собит сўз ила собитқадам қилур», деганидир» (Иброҳим сураси, 27-оят), дедилар».

Шарҳ: «Қачон мўмин қабрида ўтирғизилса» –  бу иш у дафн қилиниб, устига тупроқ тортилганидан кейин бўлади. Уни қабрида ўтирғизиб, сўроқ қилиш бошланади.

«Унга келинади», яъни унинг олдига сўроқ қилиниши учун келинади. Бу ишни бажаргани Мункар ва Накир исмли иккита қорамтир кўк рангдаги фаришталар келадилар. Уларнинг кўриниши фариштага ҳам, одамга ҳам ўхшамайди. Савол-жавоб қандай бўлиши келгуси ҳадисда баён қилинади. Мўмин-мусулмон киши иймони ва солиҳ амаллари туфайли калимаи шаҳодатни айтишга муяссар бўлади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони Каримда ҳам хабар берган экан.

Аллоҳ таоло бизларни ҳам ана шундай собит калима эгаси бўлган бандаларидан қилсин.

عَنْ أَنَسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِنَّ الْعَبْدَ إِذَا وُضِعَ فِي قَبْرِهِ وَتَوَلَّى عَنْهُ أَصْحَابُهُ وَإِنَّهُ لَيَسْمَعُ قَرْعَ نِعَالِهِمْ، أَتَاهُ مَلَكَانِ فَيُقْعِدَانِهِ فَيَقُولَانِ: مَا كُنْتَ تَقُولُ فِي هَذَا الرَّجُلِ؟ - لِمُحَمَّدٍ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ -، فَأَمَّا الْمُؤْمِنُ فَيَقُولُ: أَشْهَدُ أَنَّهُ عَبْدُ اللهِ وَرَسُولُهُ، فَيُقَالُ لَهُ: انْظُرْ إِلَى مَقْعَدِكَ مِنَ النَّارِ، قَدْ أَبْدَلَكَ اللهُ بِهِ مَقْعَدًا مِنَ الْجَنَّةِ، فَيَرَاهُمَا جَمِيعًا، وَأَمَّا الْكَافِرُ أَوِالْمُنَافِقُ فَيُقَالُ لَهُ: مَا كُنْتَ تَقُولُ فِي هَذَا الرَّجُلِ؟ فَيَقُولُ: لَا أَدْرِي، كُنْتُ أَقُولُ مَا يَقُولُ النَّاسُ، فَيُقَالُ: لَا دَرَيْتَ وَلَا تَلَيْتَ، وَيُضْرَبُ بِمَطَارِقَ مِنْ حَدِيدٍ ضَرْبَةً، فَيَصِيحُ صَيْحَةً يَسْمَعُهَا مَنْ يَلِيهِ غَيْرَ الثَّقَلَيْنِ. رَوَاهُمَا الْخَمْسَةُ.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, банда қачон қабрига қўйилса-ю, ундан соҳиблари қайтиб кетса, у уларнинг кавушларининг тақиллаганини эшитиб турганида олдига икки фаришта келиб, уни ўтирғизишади ва:

«Бу одам – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақида нима дер эдинг?» дейишади. Мўмин бўлса:

«Шаҳодат бераманки, албатта, у Аллоҳнинг бандаси ва Расулидир», дейди.

Унга: «Дўзахдаги ўрнингга назар сол, батаҳқиқ, Аллоҳ сенга уни жаннатдаги ўринга алмаштириб берди», дейилади. У икковини ҳам кўради.

Кофир ёки мунофиққа эса:

«Бу одам ҳақида нима дер эдинг?» дейилади.

«Билмадим, одамлар айтадиган нарсани айтар эдим», дейди. Бас, унга:

«Билмадинг ҳам, (билганларга) эргашмадинг ҳам», дейилади ва темирдан бўлган гурзи билан бир урилади. Ўшанда у шунақанги қичқирадики, инсу жиндан бошқа ҳамма эшитади», дедилар».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ҳадисда Аҳли Сунна вал жамоа ақийдаси бўйича Қуръон ва суннат билан собит бўлган ақийдавий масала – қабр саволи ва азоби ҳақ эканлиги ва унинг қай йўсинда бўлиши ҳақида сўз бормоқда. Бу ҳадисни диққат билан ўрганишимиз ва ундаги ҳар бир масалани ақийда маъносида сингдириб олишимиз ҳамда ҳар лаҳзада ундаги ҳолатни эслаб туришимиз лозим.

Ўлмайдиган ким бор? Ҳамма ҳам ўлади. Ўлим ҳар банданинг бошида бор.

Ўлим нима?

Инсон ўлганидан кейин нима бўлади?

Унинг ҳоли не кечади?

Ўлим кишининг юраги уришдан тўхтаб, қон айланмай, қимирламай қолишидан иборат холосми?

Ёки бошқа нарсалар ҳам борми?

Инсон ўлганидан кейин ҳамма иш битадими?

Қабрида чириб, тупроққа қўшилиб кетаверадими?

Ундай бўлса, уни бошқа ҳайвонлар, қурт-қумурсқалардан нима фарқи бор?

Ёки инсон бу дунёда турли ҳайвон ва қурту қумурсқалардан фарқли бўлиб, ақл билан яшаганлиги учун ўлганидан кейин ҳам унга бошқача, инсонга тўғри келадиган муносабат бўлиши керакми?

Ислом ақийдаси бўйича, бу дунё инсон учун синов майдони, холос. Асосий ҳаёт диёрига ўтишдан олдин имтиҳон топшириб, у ёқдаги ҳаётга ўзининг нақадар ҳақли эканлигини исбот қилиш фурсати, холос.

Ана ўша боқий дунёдаги мартабаси учун инсон ушбу фоний дунёда ҳаракат қилади.

Исломда инсоннинг ўлиши – бу дунёдан у дунёга ўтгани, фоний дунёдан боқий дунёга кўчиши, холос.

Янги, боқий дунёда уни фаришталар кутиб олиб, ўз ўрнига жойлаштирадилар. Қандай жойга муносиб эканлигини ўзига билдириш учун сўроқ-савол қиладилар, қўлидаги номаи аъмолини кўрадилар. Сўнг унга жой кўрсатадилар. Ана шу ишлар қабрдан бошланади. Ушбу биз ўрганаётган ҳадиси шарифда айнан қабрда нималар кечиши ҳақида сўз кетмоқда. Келинг, бир-бир ўрганиб чиқайлик:

1. Қабрдаги янги кўмилган киши ўзини кўмиб кетаётган одамларнинг оёқ товушларини эшитиши. Бу ҳақиқат ҳозирги замон илми орқали ҳам тасдиқланди.

2. Қабр саволининг кўмиб, қайтаётган кишилар қабрдан узоқлашмай турибоқ бошланиши.

3. Қабр саволининг икки фаришта томонидан олиб борилиши.

4. Қабрдаги кишини ўтирғизиб олиб, сўроқ қилиниши.

5. Бериладиган саволлардан бири Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида бўлиши.

6. Бу дунёда мўмин-мусулмон бўлиб, иймони ва амали жойида бўлган киши қабр саволи вақтида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларидаги саволга дадил ва аниқ жавоб бериши.

7. Мўмин-мусулмон кишининг дадил ва аниқ жавобидан кейин ҳалиги икки фаришта агар у мўмин-мусулмон бўлмаганида, дўзахдаги унинг жойи қайси бўлишини кўрсатиши.

Сўнгра мўмин-мусулмонлиги туфайли унга жаннатдан бериладиган жойни кўрсатишлари.

Аллоҳ барчамизни ана ўшандай бахтли кишилардан қилсин.

8. Кофир ва мунофиқлар ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида сўроқ қилинишлари. «У дунёда бу одам ҳақида нима дер эдинг?» деб сўралиши.

9. Кофир «Билмасам», деб жавоб бериши.

Тилида мусулмонман, деб юрган одам эса «Одамлар нима деса, ўшани айтар эдим», дейиши.

Демак, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида одамлар нима деса, ўшани айтиб юриш кифоя қилмас экан. Кишининг қалбида у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида мустаҳкам эътиқод бўлиши, зоти шарифларини аниқ билиш лозим экан.

10. Кофир ва мунофиқ саволга жавоб бера олмаганидан кейин унга қаттиқ сўз айтилиб, бошига темир гурзи билан уриб, азоб бериш бошланиши.

Қабр азоби мана шу бўлади. Қабр азобининг баёнотлари бошқа ҳадисларда ҳам келади.

11. Қабрида темир гурзидан калтак еган кофир ва мунофиқнинг дод-войини одам ва жинлардан бошқа ҳамма мавжудот эшитиши.

Бу дунё ҳаётида ушбу нарсаларга тўлиқ иймон келтириб, қабрга кирганда яхши ҳолда бўлишга лойиқ ишларни қилишга ўтиш лозим.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Яхшисини беринг

25.11.2024   742   3 min.
Яхшисини беринг

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мактабимизда буфет бўлар эди. Ўша тарафдан ажойиб ҳидлар келардида ўзиям... Чўнтагимизда беш-ўн тийин пулимиз бўлса, катта танаффус бўлди дегунча ўша ёққа югурардик. Кулча, «қуш тили», икрали нон 5 тийин эди. Майизли булочка 10 тийин. «Трубочка» – 15 тийин. Иссиқ овқат учун 20 тийин керак эди. Бунча пул менда камдан-кам бўларди. Шунинг учун кўпинча, кулча ёки усти шакарли, тил шаклидаги «қуш тили» олар эдим.

Буфетимизда иккита аёл галма-гал ишларди. Бири, қўполлиги учун ҳамма ёмон кўрадиган – Шарофат опа (исм ўзгартирилди), иккинчиси жуда мулойим, болаларга меҳрибон, кичкинагина фариштасифат, татар аёли – Ҳадия опа эди. Бу аёл бизнинг қўшнимиз Карим аканинг аёли эди. Икковларини ҳам Аллоҳ раҳматига олган бўлсин.

Патнисда тахланган «қуш тили» ҳар хил бўлар эди. Орасида қийшиқ ёки чети куйганлари ҳам бўлар эди. Шарофат опадан оладиган бўлсам, негадир, «қуш тили»ларнинг орасидан энг ёмонини танлаб олиб берар эди. Индолмасдим...

Ҳадия опа эса, навбатда болалар кўп бўлишига қарамасдан, эринмай, «қуш тили»ларнинг орасидан энг яхшисини танлаб, жилмайиб берар эдилар. Ҳаммага ҳам шундай қилардилар. Бир куни онамга шуни айтдим.

– Ҳадия опа жуда яхши хотин-а, ойи?

– Ҳа, яхши аёл. Нега унақа деяпсан?

– Нарса олсам доим энг яхшисини олиб берадилар. Шарофат опа эса, энг ёмонини танлаб берадилар.

 Онам бирпас ўйлаб туриб:

– Бир кунда патнисдаги ўша «қуш тили»ларнинг ҳаммаси сотиб бўлинадими? – деб сўрадилар.

– Ҳа, тўртинчи соатдан кейин борсам битта ҳам қолмаган бўлади.

– Қара, Шарофат опа ҳар бир болага патнисдаги «қуш тили»ларнинг энг ёмонидан бошлаб сотиб тугатади. Ҳадия опа эса ҳар бир болага энг яхшисидан бериб тугатади. Ўша қийшиқ «қуш тили» ҳам қолиб кетмайди. Тўғрими? Иккови ҳам бор «язик»ларнинг ҳаммасини сотиб тугатишади. Лекин, биттаси «ёмон хотин» деб танилади. Ҳамма уни ёмон кўради. Иккинчиси эса, «яхши хотин» бўлиб танилади. Ҳамма уни яхши кўради. Энди ўзинг хулоса қил, болам....

Онам раҳматлининг мана шу гаплари менга зўр дарс бўлган. Биров билан олди-берди қилаётганимда доим шу қоидани эслайман. Дўконимда иккита бир хил маҳсулотнинг энг яхшисини кўрсатишга ҳаракат қиламан. Иккинчиси ҳам қолиб кетмайди. Бир одамга иккита нарсадан яхшироғини берган бўламан. Иккинчисига эса, қўлимдаги борини берган бўламан.

Айниқса, пул олди-бердисида шундай қилсангиз, ҳаммага ёқади. Дейлик, бировга икки миллион сўм беришингиз керак. Сизда ҳар хил миқдордаги қоғоз пуллар бор. Минг сўмликдан то 200 минг сўмликкача. Мижоз кўриб турибди. Сиз унга пулларингиз орасидан энг йиригини, уларнинг ҳам орасидан ҳолати энг янги бўлганини беришга одат қилинг. Шунда рўпарангиздаги инсонда бу ишингиз билан жуда яхши таассурот қолдирасиз. Эски пулларнинг ҳам жойи чиқади, албатта. Ишлатилмай қолиб кетмайди.

Шу қоидага бир амал қилиб кўринг-а!

Шоолим Шомансуров
«Ҳилол» журнали 4(61) сон

Мақолалар