Қўқон давлат педагогика институтида талабалар ва устозлар, маънавият тарғиботчилари, имом хатиблар, отинойилар иштирокида ўтказилган семинарда бутун жаҳонда долзарб бўлиб турган ушбу муаммо билан боғлиқ Ўзбекистонда мавжуд хавф-хатарлар, радикал, экстремистик ташкилотларнинг асл мақсади таҳлил этилиб, уларга қарши кураш бўйича услубий тавсиялар ва маслаҳатлар берилди.
Тадбирда иштирок этган Қўқон шаҳар ҳокими Маъруфжон Усмонов мамлакатимизда давлатимиз раҳбари раҳнамолигида амалга оширилаётган тинчликпарвар ва халқпарвар сиёсат, ёшларнинг салоҳиятини намоён этиш учун яратилган кенг имкониятлар хусусда фикр юритди, деб хабар беради шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати ўз телеграм каналида.
“Жаҳолатга қарши маърифат” мавзусида ташкил этилган кўргазмада тадбир иштирокчилари бўлган ёшлар мамлакат тасвирий санъат усталарининг терроризм ва экстремизмга қарши ғояларни тарғиб этувчи кўргазма билан ҳам танишдилар.
Муҳаммаджон Обидов,
ЎзА мухбири
Истиқлолимизнинг 35 йиллик байрами арафасида Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев иштирокида Қувасой шаҳрида хайрия тадбир ўтказилди. Унда 33 та хонадонга озиқ-овқат маҳсулотлари, 43 нафар болажонга эса ўқув қуроллари ва кийим-кечаклар ҳадя қилинди.
Тадбирда фарзандлар учун муносиб шароит яратиш эзгуликнинг энг гўзал кўринишларидан бири экани, бугун ёш авлоднинг билими ва камоли учун қилинган ҳар бир хайрли амал эртанги кун тараққиётига муҳим ҳисса бўлиб қўшилиши таъкидланди.
Бундай тадбирлар, шунингдек, Бувайда туманидаги «Катта маҳалла» масжиди жамоаси томонидан ҳам ташкил этилди. Унда ижтимоий кўмакка муҳтож ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларидан 70 нафарига мактабда таълим олиши учун зарур бўлган ўқув қуроллари тарқатилди. Болажонлар мустақиллик байрами ҳамда бошланажак янги ўқув йили билан муборакбод этилди.
Илм ва ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бундай эзгу ташаббуслар Фарғона шаҳридаги "Хўжамбердибой", Сўх туманидаги "Султон Маҳмуд" масжиди жамоаси томонидан ҳам ташкил этилмоқда.
ЎМИ Фарғона вилояти вакиллиги Матбуот хизмати