Йигирманчи асрнинг энг катта кашфиётларидан бири бу – халқаро тармоқ, яъни интернет бўлди десак, муболаға эмас. Бу тармоқ қисқа йилларда телевидение, радио, газета ва журналларни орқада қолдирди. Дунё бўйича сон-саноқсиз одамлар интернет хизматларидан фойдаланадилар, ахборот алмашадилар, турли масалаларни ҳал қиладилар.
Интернет ҳақида одамларнинг фикри турлича, баъзилар уни ижобий баҳолашса, баъзилар салбий томонларини гапиради. Бу мавзудаги мақбул қараш шуки, интернет ҳам телевидение, радио каби бир восита. Муҳими ундан қандай фойдаланишда. Уни яхшиликка ҳам, ёмонликка ҳам ишлатиш мумкин. Демак, энг муҳим вазифамиз, интернетдан ғаразли мақсадда фойдаланаётганларга, айниқса, ёшларга тўғри йўлни кўрсатиш, зарарли оқибатлардан огоҳлантиришдир.
Қуйида динимиз таълимотларига уйғун ҳолда интернетдан фойдаланиш одобларини баён қиламиз:
Яхши ният – динимиздаги энг гўзал асослардандир. Ҳатто бир қараганда оддий бўлиб кўринган ишлар ҳам яхши ният билан ибодатга айланади. Худди шундай интернетдан фойдаланишда ҳам динимиз қоидаларига мувофиқ иш қилишни ният қилган киши, иши битиши билан бирга савобга ҳам эга бўлади. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) шундай дейдилар: “Албатта, амаллар ниятларга боғлиқдир…” (Имом Бухорий ривояти).
Интернет ҳам хилват жой ҳукмида бўлганидан, одамлар орасида қилмайдиган ишларимизни, ёлғиз қолганда ҳам ўзимизга раво кўрмаслигимиз керак. Аллоҳ таоло бизни доим кузатиб турганини ҳис қилишимиз лозим. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “(Аллоҳ) кўзларнинг хиёнатини (қараш ман этилган нарсага ўғринча кўз ташлашини) ҳам, диллар яширадиган нарсаларни (ёмон ниятларни) ҳам билур” (Ғофир сураси, 19-оят).
Интернетда болаларимиз ким билан мулоқот қилмоқда, кимлар билан дўстлашмоқда – бу ниҳоятда муҳим. Чунки ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинади: “Яхши ҳамроҳ ва ёмон ҳамроҳнинг мисоли атир сотувчи ва темирга дам урувчи кабидир. Атир сотувчи ё сенга хушбўйлик суртиб қўяди ё ундан хушбўйлик сотиб оласан ё ундан келаётган хушбўй ҳиддан баҳра оласан. Темирга дам урувчи эса ё кийимингни бир четини куйдириб қўйиши мумкин ё ундан келаётган қўланса ҳид димоғингни ачитади” (Имом Муслим ривояти).
Интернетдан фойдаланишда яна бир жиҳат бор, яъни икки ва ундан ортиқ кишилар орасидаги виртуал алоқалар. Бунга чат, форум, фейсбук, телеграм, инстаграм ва твиттерларни мисол қилиш мумкин. Бугунги кунда мана шу соҳадаги хато-камчиликларимизни ислоҳ қилишга жуда муҳтожмиз. Чунки жамият, дин, оила ва шахсга бўлаётган аксарият таҳдидлар мана шу виртуал алоқалар орқали рўй бермоқда. Қуйида бу борада энг муҳим бўлган одобларга тўхталамиз:
Ижтимоий тармоқлар ғийбатчилар “жавлон” урадиган майдон бўлиб қолмасин. Бу борада ҳам бир инсон ақл билан фикр юритиши лозим бўладики, эрта қиёматда пушаймон бўлиб қолмасин. Доимо яхши гумон, бағрикенглик ва чиройли хулқни маҳкам тутсин.
Ҳусни хулқ ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Қаерда бўлсанг ҳам Аллоҳдан қўрққин, ёмонликка яхшиликни эргаштирки, ёмонликни ювиб кетади, одамларга чиройли хулқ билан муомала қил” (Имом Термизий ривояти).
Ижтимоий тармоқларда бир-бирини ҳақорат қилиш ҳолатлари кузатилмоқда.
ҲИКОЯ. Бир аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келди, сўнг чиқиб кетди. Укетганидан кейин Оиша онамиз розияллоҳу анҳо: "Агар бу аёлнинг бўйи паст бўлмаганида у қандай ҳам гўзал ва чиройли бўларди", дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Эй оиша, сени уни ғийбат қилдинг", дедилар. Оиша онамиз: "Мен унда бор (рост) нарсани айтдим-ку", дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Сен унда бор нарсани айтганинг учун ғийбат бўлди, унда йўқ (ёлғон) нарсани айтсанг, бўҳтон қилган бўлар эдинг", дедилар. Шунинг учун бизлар бундай гап-сўзлардан эҳтиёт бўлишимиз даркор.
Мана шу масалага бепарволик кўплаб муаммоларга сабаб бўлмоқда.
Масалан : Эркакка келган хатлар хотиннинг қўлига тушиб ёки эр хотиннинг бегона эркаклар билан ёзишмаларини топиб олган холатлар ё Оила қурмаган ёш йигит – қизларнинг Ижтимоий тармоқдаги ёзишувлари сабабидан тўйдан сўнг оилаларда ҳаловат йўқолиб, никоҳнинг бузулишигача бормоқда.
Бугунги куннинг талаби – интернетнинг ижобий жиҳатларидан унумли фойдаланиб, дунё-охиратимизни обод қиладиган, халқимизга манфаат келтирадиган ишларни амалга оширишдир. Ҳар бир мусулмон ҳаётда умуминсоний ва диний қоидаларга амал қилиши лозим бўлса, интернетдан фойдаланишда ҳам шу асосларга риоя этиши шарт. Акс ҳолда, турли гуноҳ ишларга аралашиб қолинади. Демак, яқинларимиз, айниқса, ёшларни ижтимоий тармоқнинг салбий жиҳатлари ва зарарли оқибатларидан ҳимоя қилиш, доимий тушунтириш ишларини олиб бориш бурчимиздир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси фатво бўлими
“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 6-сонидан
Бугуннинг гапи
“Уч хонали хонадонимни таъмирлатиш учун икки ой муддатга келишиб уста туширгандим, олти ойда зўрға чала-чулпа қилиб ишини тугатди...”
“Усталар нега бунақа-а? Уйини таъмирлатиб, усталардан розиман, деган одамни учратмадим...”
“Кўпчилиги одамга фириб беради: ишни вақтида бажармайди, таъмир ишлари тугагач, бошида келишилган нархдан икки баробар кўп маблағ сўрайди...”
Юқоридаги гаплар – уйини, хонадонини таъмирлатиб, усталардан куйган кишиларнинг дод-фарёдлари.
Бугунги кунда жамиятда айрим усталарнинг ўз ишини виждонан бажармаслиги, сифатсиз материаллар ишлатиши, вақтни чўзиши ёки турли найранглар билан буюртмачини алдаши, афсуски, кўпчиликни ташвишга солиш баробарида шу касб эгаларига нисбатан ишончнинг сусайишига ёки бутунлай йўқолишига олиб келяпти.
Яхши ниятда уйини, хонадонини таъмирлатмоқчи бўлган киши уста ишлатган танишларидан сўраб-суриштириши тайин. Яқинда мен ҳам хонадонимни таъмирлатмоқчи бўлиб уста изладим. Таниш-билишлардан, дўстларимдан сўрасам, ярмидан кўпи усталардан нолиди. Бу ҳолат нафақат молиявий зарар, айни пайтда инсонлар ўртасидаги ишончнинг йўқолишига ҳам сабаб бўлмяптими?!
Ислом таълимотида ҳалол меҳнат, омонатдорлик ва ростгўйлик юксак фазилат экани таъкидланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Дарҳақиқат, Аллоҳ омонатни ўз эгаларига топширишингиз ва одамлар ўртасида ҳукм қилганингизда адолат билан ҳукм қилишингизга буюрар. Албатта, Аллоҳ сизларга яхшигина насиҳат қилур. Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи Зотдир” (Нисо сураси, 58-оят).
Усталик – яхши касб. Уста омонатдор бўлса, одамларнинг ҳожатини раво қилади, кўпга фойдаси тегади. Буюртмачи ўз молини, маблағини устага ишониб топширади. Уста шу ишончни оқлаши, ишни пухта ва виждонан бажариши шарт.
Уй – инсоннинг бошпанаси. Унинг ҳар бир ғишти эзгу ният билан қўйилади, ҳар бир девори умид билан кўтарилади. Аммо, афсуски, баъзан айрим усталар иморат қуриш ёки таъмирлашда найранг қиладилар. Уста ташқи томондан деворни силлиқ сувайди, аммо ичидаги ёриқларни беркитади. Бўёқнинг ялтироғи кўзни қувнатади, лекин ортидаги нуқсон вақт ўтиши билан кўзга ташланади.
Янги таъмирланган хонадондан ҳали бўёқ ҳиди кетмай туриб шифтда ёриқлар пайдо бўлади, эшиклар қийшайиб қолади, пол эса ғичирлаб иморат эгасининг асабини бузади. Буюртмачи устага берган маблағига ичи ачийди.
Баъзи усталар сифатли қурилиш материали олиш учун берилган пулга арзон маҳсулот сотиб олади. Қолган маблағни эса “меҳнат ҳақим” деб ўмаради. Цементга қумни ортиқча қўшади, темир ёки арматурани ингичкароғига алмаштиради, мис симлар ўрнига альюминини тортади.
Яна шундай усталар ҳам борки, бир ҳафтада тугатишга келишилган ишни бир ойгача чўзади. Баҳона ҳам тайёр: “Материал келмади”, “Ёрдамчим бетоб бўлиб қолди”, “Эртага тугатиб берамиз” ва ҳоказо.
Энг ёмони, устанинг қўлидан чиққан уй бир йил ўтар-ўтмас яна таъмирга муҳтож бўлиб қолади. Бу ҳунар эмас, ҳийладир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бизни алдаса, биздан эмас”, деганлар (Имом Муслим ривояти). Бу ҳадис ҳар қандай соҳадаги фирибгарликни қамраб олади. Агар уста арзон ёки сифатсиз материални қимматбаҳо деб кўрсатса, ишни атайлаб чала бажарса ёки кейин яна таъмирга муҳтож бўладиган қилиб ишласа, бу алдамчиликдан, фирибгарликдан бошқа нарса эмас. Афсуски, бугун кўпчилик усталар ҳийла ва найрангни касб қилиб олганлар. Бунинг оқибатида на ўзлари барака топадилар, на буюртмачи уларга берган маблағига рози бўлади.
Ҳақиқий уста, ўз ишини виждонан қиладиган киши бошқача бўлади. У ҳар бир ишини бекаму кўст бажаради. Чунки у одамлардан яширган нуқсонни, албатта, Аллоҳ таоло кўриб, билиб туришини яхши англайди. Ундай усталар ўзларига Аллоҳ таолонинг: “Албатта, Аллоҳ чиройли (иш) қилувчиларни яхши кўради” (Бақара сураси, 195) оятини ҳамда Набий алайҳиссаломнинг: “Аллоҳ таоло ўз ишини чиройли, пухта қиладиган кишини яхши кўради” (Имом Табароний ривояти), деган муборак ҳадисларини ўзларига шиор қилиб олган бўладилар. Лекин, афсуски, ҳозир бундай усталарни топиш амримаҳол. Борлари ҳам “қўлма-қўл”.
Омонатдор усталар қурган уйлар, йиллар ўтса ҳам, яхшилик билан эсланади. Уларнинг ҳақларига хайрли дуолар қилинади. Биргина мисол, бизнинг Сангижумон қишлоғимиздаги кўп уйларни пачирлик уста Турдимурод бобо (Аллоҳ маконини жаннат қилсин!) қурган. Ўша пайтларда (1960–1990 йиллар) вассажуфт қилинган шифтларга устанинг иморатни қуриб битирган санасини битиш анъана бўлган. Ҳар сафар қишлоққа бориб уйга кирсам, уста бобонинг “имзоси”га кўзиб тушади ва Қуръони карим оятларидан тиловат қилиб, у кишининг руҳларига бағишлайман.
Бугун баъзи усталарнинг ишни келишилган муддатда тугатмаслиги; сифатсиз қурилиш материалларидан фойдаланиши; нархни асоссиз ошириши; камчиликларни яшириши; бир неча ой ўтиб яна таъмир қилишга мажбур бўладиган даражада иш тутиши катта гуноҳдир. Бундай хатти-ҳаракатлар оқибатида буюртмачи моддий зарар кўради, асабийлашади, вақт йўқотади ва энг ачинарлиси, одамлар ўртасидаги ишонч сусаяди.
Ҳалол ризқнинг баракаси унинг кўплигида эмас, балки поклигидадир. Алдамчилик билан, ҳийла-найранг ишлатиб топилган маблағ фойда бўлиб кўринса-да, унда барака бўлмайди. Шунинг учун ҳар бир уста ўз қўли билан топаётган ризқининг ҳалоллиги ҳақида ўйлаши, ҳар бир мих, ҳар бир ғишт, ҳар бир сим ёки ҳар бир таъмир учун қиёмат куни ҳисоб берилишини унутмаслиги керак.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ:
Ўттиз фоиз ҳақиқий усталар бор. Улар ўз касби билан фахрланади. Гуруҳлари бор, шогирдлари, устозлари бор. Ҳаммасини қойиллатиб, асбоб-анжомларини чиройли қилиб қўйишган. Шартнопмани тузади, вақтида ишга келади, белгиланган муддатда қурилишни ёки таъмир ишларини тугатади, иш ҳақини олиб кетади. Буюртмачи ҳам рози, уста ҳам рози. Бундай кишиларнинг ишида унум, барака бўлади. Топган пуллари баракали бўлади.
Ҳақиқий уста фақат қурилиш ёки таъмирлашни эмас, балки одамларнинг ишончини ҳам қозонади. Виждон билан қилинган ҳар бир иш ибодатга айланади. Алдамчилик ва найранг билан бажарилган иш эса вақтинчалик фойда келтирса ҳам, дунёда обрўни тўкади, ризқ қийилишига сабаб бўлади, охиратда эса жавобгарликни келтиради.
Толибжон НИЗОМ