Шу йил 5 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков Малайзиянинг Перлис вилояти муфтийси Муҳаммад Асрий бин Зайнул Обидинни қабул қилди.
Учрашув аввалида Ҳомиджон домла меҳмонни ташриф билан қутлаб, юртимиздаги диний-маърифий соҳада бўлаётган янгилик ва ўзгаришлар хусусида сўз юритиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси фаолияти, хусусан, Халқаро алоқалар, Масжидлар билан ишлаш, Матбуот ва ахборот-таҳлил, Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлимлари ва Фатво маркази, “Шамсуддинхон Бобохонов” нашриёти ҳамда идоранинг ҳудудий бўлимлари ҳақида ҳам атрофлича маълумот берди.
Шунингдек, диёримиз уламолар замини экани, уларнинг номидаги Имом Бухорий, Имом Мотурудий, Имом Термизий каби илмий-тадқиқот марказлари иш олиб бораётгани ҳақида сўз юритди.
Ўз навбатида, Муҳаммад Асрий бин Зайнул Обидин ҳам самимий қабул ва маълумотлар учун ташаккур билдириб, ҳақиқатан бу диёр Ислом оламига Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотурудий сингари буюк уламоларни етиштириб бергани, бу буюк хизматдан бутун Ислом олами миннатдор экани, ажам диёридан ана шундай олимларнинг чиқиши Ҳақ таолонинг марҳамати ва ушбу диёр мўмин-мусулмонларининг машаққатли ва холис меҳнати эвазига бўлганини таъкидлади.
Шу билан бирга, бугунги кунда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг барча бўлимлари қаторида Фатво маркази ва Хотин-қизлар бўлими қизғин фаолият юритиши алоҳида аҳамиятга эгалигини билдирди.
Мулоқот сўнгида ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилиб, ўзаро ҳадялар улашилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
ЎзА хабарига кўра, тадбирда Самарқанд вилоят ҳокими Адиз Бобоев, Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аққулов, Индонезия Республикасининг Ҳаж ва Умра вазири Муҳаммад Ирфан Юсуф сўзга чиқиб, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан янгидан бунёд этилган Имом Бухорий мажмуаси юртимизда зиёрат туризмини ривожлантиришда муҳим қадам бўлганини таъкидлади.
Мажмуа қайта қурилиши жараёнида унинг атрофида йигирмадан ортиқ меҳмонхона, сайёҳлар учун замонавий инфратузилма ташкил этилди.
240 ўринли “Hadith Hotel” индонезиялик инвесторлар билан ҳамкорликда барпо этилган бўлиб, Имом Бухорий мажмуаси атрофидаги жойлаштириш воситаларининг энг йириги, шу билан бирга, илк беш юлдузли меҳмонхона ҳисобланади. Меҳмонхонада замонавий хизмат кўрсатиш тизими йўлга қўйилиб, халқаро меҳмонхона стандартлари миллий меҳмондўстлик анъаналари ва зиёратгоҳ одоби билан уйғунлаштирилган.
Тадбир доирасида Самарқанд вилоят ҳокими Адиз Бобоев ҳамда Индонезия Ҳаж ва Умра вазири Муҳаммад Ирфан Юсуф ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда индонезиялик зиёратчиларни Самарқандга кенг жалб қилиш, “Умра+” дастури асосида махсус авиа қатновларни йўлга қўйиш ва бошқа масалалар муҳокама қилинди.
Бундан аввал мажмуа ҳудудида барпо этилган меҳмонхоналардан бири индонезиялик тадбиркор томонидан сотиб олиниб, ушбу давлатдан келадиган зиёратчиларни қабул қилиш учун имкониятлар яратилган эди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати