Шу йилнинг 5-6 ноябрь кунлари Боку шаҳридаги Бутунжаҳон диний етакчилар глобал саммити доирасида Ўзбекистон делегацияси бир қатор учрашув ва мулоқотлар ўтказди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Озарбайжон Республикаси Бош вазири Али Асадов билан учрашди. Мулоқотда Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш, мамлакатларимизнинг анъанавий яқин ва дўстона муносабатларини янада мустаҳкамлаш, илм-фан, маданият ва диний-маърифий соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Учрашувда Бутунжаҳон диний етакчилар глобал саммитининг аҳамияти ҳақида сўз юритилиб, мазкур тадбир халқлар ва турли дин вакиллари ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшиши, бу борада қардош мамлакатлар диний етакчилари ўртасидаги ҳамкорлик жуда ҳам муҳим экани таъкидланди.
Али Асадов ўз сўзида икки мамлакат ҳукуматлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган ижобий ўзгаришларни юксак баҳолаб, бундан кейин ҳам Ўзбекистон Озабайжоннинг энг яқин ишончли ҳамкори бўлиб қолишига катта ишонч билдирди. Шунингдек, у Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан Қорабоғнинг Фузулий шаҳрида умумтаълим мактаби бунёд этилганини эътироф этиш баробарида бу ажойиб мактабни озар халқига совға қилгани учун Президент Шавкат Мирзиёевга чуқур миннатдорлик изҳор этди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти томонидан аҳоли билан ўтказилаётган очиқ мулоқотлар фуқаролар масалаларини жойида ва ижобий ҳал этишда муҳим омил бўлмоқда.
Хусусан, бугун, 9 сентябрь куни Диний идора раиси ўринбосари Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов навбатдаги фуқаролар қабулини ўтказди.
Унда масжидлар очилиши, диний таълим, хайрия, ишга жойлашиш, оилавий ва уй-жой масалалари ҳамда моддий ёрдам сўраб қилинган мурожаатлар атрофлича кўриб чиқилди.
Мулоқотлар жараёнида оилавий масалалар юзасидан шаръий ечим ва зарур маслаҳатлар берилган бўлса, моддий кўмакка муҳтож юртдошларимизга белгиланган тартибда амалий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, бошқа масалалар ҳам ваколат доирасида кўриб чиқилиб, масъуллар тегишли кўрсатма ва топшириқлар олишди.
Бу каби қабуллар аҳолининг диний ва ижтимоий муаммоларини тезкор ҳамда манзилли ҳал этишга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати