Президент Шавкат Мирзиёев Икки муқаддас масжид ходими – Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауднинг таклифига биноан амалий ташриф билан ушбу мамлакатга жўнаб кетди. Бу ҳақда president.uz хабар берди.
Ташриф дастурига мувофиқ, давлатимиз раҳбари Ар-Риёд шаҳрида навбатдан ташқари Араб-ислом саммитида иштирок этади ва нутқ сўзлайди.
Бугун куннинг иккинчи ярмида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан Ар-Риёд шаҳрига келди. (https://president.uz/uz/lists/view/7682) Подшоҳ Холид номидаги халқаро аэропортда давлатимиз раҳбарини Ар-Риёд вилояти раҳбарияти – шаҳзода Муҳаммад бин Абдураҳмон бин Абдулазиз ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.
Маълумот ўрнида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 11-13 ноябрь кунлари халқаро саммитларда иштирок этиш учун амалий ташриф (https://president.uz/uz/lists/view/7680) билан Саудия Арабистони ва Озарбайжон Республикасида бўлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Самарқанднинг тарихий қисмида туризм инфратузилмасини кенг кўламли янгилаш ишлари давом этмоқда. Амалга оширилаётган лойиҳаларнинг асосий мақсади хорижий сайёҳларнинг қолиш муддатини узайтириш, қулай шаҳар муҳитини яратиш ва бир вақтнинг ўзида маҳаллий аҳолининг ҳаёт сифатини оширишдан иборат.
“Самаркандский вестник” нашрига кўра, туризмни ривожлантириш дастури доирасида эски шаҳарнинг 13 та кўчаси босқичма-босқич замонавий пиёдалар йўлагига айлантирилмоқда. Бу ерда янги хизмат кўрсатиш объектлари барпо этилмоқда, жамоат жойлари ободонлаштирилмоқда, миллий меъморчилик анъаналарини сақлаб қолган ҳолда муҳандислик коммуникациялари ва бино фасадлари янгиланмоқда.
Энг йирик лойиҳалардан бири Регистон майдонини Имом ал-Мотуридий мақбараси билан боғлайдиган Бухоро кўчасини реконструкция қилиш бўлди. Кўчанинг 850 метр қисми тўлиқ пиёдалар ҳудудига айлантирилади. Лойиҳани ишлаб чиқувчилардан бири, Самарқанд давлат техника университети ўқитувчиси Жасур Бердиқуловнинг таъкидлашича, илгари бу ерда қатнов қисмининг торлиги туфайли мунтазам равишда тирбандликлар юзага келган, қулай пиёдалар йўлакларининг йўқлиги эса пиёдалар учун жиддий ноқулайликлар туғдирган. Ишлар якунлангач, кўча хавфсиз жамоат майдонига айланади. Аҳоли учун алоҳида тўхташ жойи ажратилган бўлиб, транспорт воситаларининг киришига фақат зарурат туғилганда махсус хизматларга рухсат берилади. Шу билан бирга, сув, газ, электр ва бошқа муҳандислик тармоқлари тўлиқ модернизация қилинмоқда.
Олтин аср маҳалласида жойлашган Бағдод кўчасида ҳам ишлар давом этмоқда. Бу ерда 600 метрлик ҳудуд ободонлаштирилмоқда. Лойиҳа доирасида замонавий туризм ва хизмат кўрсатиш инфратузилмасини яратиш, кичик бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш кўзда тутилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати