Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Қўзғалончилар Мадинага қайтиб келиб, ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг ҳовлиларини қамал қилишганида, у киши Мадинаи мунавварани ҳимоя қилиш учун лашкар юборишни талаб қилиб, волийларга одам юбордилар. Шунда Мадинадаги низом бузилди, Усмон розияллоҳу анҳу саҳобалардан уруш қилмасликни маҳкам туриб талаб қилдилар. Бу билан ўзларининг сабабидан ёмон ҳодиса бўлмаслигини ихтиёр қилган эдилар. Мададлар етиб келишига оз қолгани тўғрисида хабар келди. Қўзғалончилар қўрқиб, девордан ошиб тушиб, ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг ҳовлиларига киришди. Ўша пайтда у зот Аллоҳ таолонинг «Кишилар уларга: «Одамлар сизга қарши куч тўпладилар, улардан қўрқинглар», деганда бу уларнинг иймонларини зиёда қилди ва: «Бизга Аллоҳнинг Ўзи етарли, У қандай яхши вакил!» дедилар» оятини қироат қилиб ўтирар эдилар (Оли Имрон сураси, 173-оят).
У киши уларга эътибор ҳам бермасдан тиловат қилавердилар. Фитначилар ўзларининг жирканч жиноятларига қўл уришганида ҳам ҳеч қаршилик қилмай, Аллоҳнинг Китобини ўқийвердилар. Фақат хиёнат қиличининг бир зарбаси қўлларини кесганида: «Аллоҳга қасамки, бу қўл Қуръон оятларини биринчи бўлиб ёзган қўл эди», дедилар, холос. Қон отилиб, мусҳаф саҳифаларига тушаётганини кўриб, дарҳол қўлларини ўзларига тортиб олдилар.
Аллома Ибн Касир «Ал-бидоя ван-ниҳоя»да Ислом ва мусулмонларнинг бу улкан фожиаси қандай содир бўлганини қуйидагича ёзадилар:
«Ғофиқий ибн Ҳарб у кишига ҳамла қилиб, темир (қилич) ила урди ва ўқиб ўтирган мусҳафларини тепиб юборди. У кишининг қонлари мусҳафнинг устига тўкилди. Савдон ибн Ҳумрон қиличини кўтариб, ҳамла қилиб келган эди, халифанинг хотини йўлини тўсди. У аёлнинг панжаларини кесиб юборди. Жиноятчилар ҳазрати Усмонни ўлдиришганидан кейин бошини кесмоқчи бўлишган эди, қизлари ва хотинлари Ноила ва Уммул Банийнлар тўсиб қолишди. Фитначилардан бири: «Биз учун унинг моли ҳам худди қони каби ҳалолдир!» деб қичқирди. У кишининг уйларини талон қилиб, кейин Байтулмолга қараб юришди. Қоровуллар билан жанг қилиб, уни ҳам талашди. Бу иш ҳижрий 35 йил 18 зулҳижжа, жума куни содир бўлди».
У кишининг халифаликлари ўн икки йилу ўн саккиз кун давом этди.
«Ислом тарихи» биринчи жузи асосида тайёрланди
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳаё – иймондандир. Иймон жаннатдадир. Фаҳш қабоҳатдандир. Қабоҳат эса дўзахдадир” [1], деганлар.
Каъб ҳазратларининг бир гаплари бор: “Ҳамманинг олдида одамлардан уялганингиз сингари ёлғиз қолганда ҳам Аллоҳ таолодан ҳаё қилинглар”.
Бизлар омма олдида уятчан бўлганимиз қадар махфий пайтларда Аллоҳ таолодан ҳаё қилаяпмизми?! Ҳамманинг олдида бирор хато қилиб қўйгудек бўлсак, одамлар бизни гап-сўз қилишларидан қўрқиб юрганимиз каби ҳеч ким кўрмаган пайтда Аллоҳ бизни кўриб турганини ҳис қила оляпмизми?!
Улуғлардан бири бундай дейди: “Ҳамманинг олдида қилишдан уяладиган ишини яширинча қилган одамнинг қадри йўқдир”.
Аллоҳ таолонинг наздида беқадр бўлишимиз ва одамлар орасида ҳурматимизни йўқотишимиз қай биримизга ёқади?! Мана бу мисралар жуда тўғри ёзилган:
Гар ҳаё пардаси ситилса ногоҳ,
Қўрқув ҳам солмаса иш ниҳояси,
Истаган нарсангни қилавер гумроҳ,
Бехайр ҳаётнинг шудир дояси.
Иффат тарк айласа инсонни агар,
Ортидан кетгайдир хайру ҳаловат.
Кўзларинг очиброқ солсанг-чи назар:
Пўстлоқ турар экан, новда саломат!
Лекин ҳаё бобида уялмаслик керак бўлган амаллар ҳам борки, бу ишларни ҳикмат ва одоб ила адо этмоғимиз лозим. Улуғлардан бири: "Уч нарса борки, улардан уялма:
1. Илм излаш. Бир сўраб, бир сўрамай юрадиган бўлсанг, у ҳолда ҳеч қачон илмга эриша олмайсан.
2. Бадан касаллиги. Аллоҳ таоло сени бирорта касаллик билан синаса, ўз қобиғингга ўралиб олиб, одамлардан ажралма.
3. Камбағал яқин қариндош. Бу менинг амакимнинг ўғли ёки тоғамнинг ўғли дейишдан уялма”, дейди.
Ҳаё мартабаларининг энг юқориси банда Роббисидан ҳаё қилиши ва У Зотга осийлик қилмаслиги, ибодатларида камчиликка йўл қўймаслигидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳ таолодан ҳаё қилса, бошни ва у қамраб олган нарсалар (кўз, қулоқ каби аъзолар)ни сақласин, қорин ва у қамраб олган нарсалар (фарж каби аъзолар)ни эҳтиёт қилсин. Ўлим ва чиришни ёдга олсин. Охиратни истаган киши дунё зийнатларини тарк қилади, ким уларни қиладиган бўлса, Аллоҳ таолодан ҳақиқий маънода ҳаё қилган бўлади”, [2] дедилар.
Аллоҳ таоло берган неъматларини ва У Зотнинг ҳаққини адо этишда камчиликка йўл қўяётганингизни кўра олишингиз ҳаёдандир. Аллоҳ таолога итоат қилиб, Унга осийлик қилмасангиз қиёмат кунида бандага амаллари кўрсатилганида Аллоҳ таоло у бандани азоблашдан ҳаё қилади.
Ривоят қилинишича, Миср азизи (шоҳ ёки хазинабон)нинг аёли Юсуф алайҳиссаломга кўнгли тушиб бузуқ ишни қилмоқчи бўлганида, уйнинг бурчагида турган бутнинг юзини ёпиб қўяди. Шунда Юсуф алайҳиссалом: “Нима қиляпсан?” – деб сўрайди. Аёл жавобан: “Ундан ҳаё қиляпман”, дейди. Юсуф алайҳиссалом эса: “Мен Аллоҳдан ҳаё қилишга ҳақлироқман”, дейди.
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Имом Термизий ривоят қилган ва “Ҳасан саҳиҳ” қарор берган.
[2] Имом Аҳмад ва Имом Термизий ривояти.