Сизнинг кўнглингизга “Ҳазрат Ҳизр алайҳиссалом ким?” деган савол келганми?
У пайғамбарми ёки валийми ёки олимми?
У нима учун Мусо алайҳиссаломдан кўпроқ билим, ҳикмат ва раҳм-шафқат соҳибидир?
Нега Аллоҳ таоло фақат Мусо алайҳиссаломни Ҳазрат Ҳизр алайҳиссалом билан учрашиш учун тайинлаган?
Мазкур ҳикоя бошқалардан фарқ қилади, чунки у илм борасида мутлақо ўзгача ҳикматни очиб беради.
Бу илм – бу дунёдаги сабаблар ва пайғамбарларга берилган ваҳийга асосланган илм эмас. Бу Аллоҳнинг олий тақдири билан боғлиқ бўлган бир илм, кўздан ёпиқ, пинҳона. Бу ҳикоя инсон қалбидаги энг мураккаб саволларга жавоб беради: Аллоҳ таоло нега ёмонлик, қашшоқлик, азоб-уқубат, урушаётган жанглар ва касалликларни яратди? Нега болалар вафот этади? Тақдир қандай ишлайди?
Баъзилар Ҳазрат Ҳизрни “суҳбатда гапирувчи тақдир” деб аташади ва у бизга раҳмат ва илмдан иборат бўлган тақдирнинг вазифаларини кўрсатиб беради: “Бас, бандаларимиздан бир бандани топдилар. Биз унга Ўз даргоҳимиздан раҳмат ва Ўз тарафимиздан илм ўргатган эдик” (Каҳф сураси, 65-оят).
Мусо алайҳиссалом раҳмат ва илмга эга бўлган бу бандадан “Мен сиздан ўрганайми?” деб сўрайди. Ҳазрат Ҳизр: “Сен мен билан бирга бўлишга сабр қила олмайсан”, дея жавоб беради. Чунки инсон ақли учун Аллоҳнинг тақдирини тушуниш оғирдир. Аммо Мусо алайҳиссалом: “Албатта, сабр қиламан ва сизга бўйсинаман”, деб ваъда беради.
Иккови бир қайиққа чиқади ва Ҳазрат Ҳизр уни тешиб юборади. Мусо алайҳиссалом: “Сен қайиқни тешиб, уни ғарқ қилмоқчимисан? Сен нозик иш қилдинг!” дейди. Бунга Ҳазрат Ҳизр: “Сен мен билан сабр қила олмайсан”, деб эслатади. Бу ерда Аллоҳнинг тақдирини тушуниш инсон ақли учун оғирлигини кўрамиз.
Кейин Ҳазрат Ҳизр бир болани ўлдиради. Бу гал Мусо алайҳиссалом қаттиқ ғазабланиб: “Сен бегуноҳ болани ўлдирдинг, бу аянчли иш!” дея эътироз қилади. Бунга Ҳазрат Ҳизр яна эслатади: “Сен сабр қила олмайсан”.
Сўнг улар бир шаҳарга келиб, Ҳазрат Ҳизр етимларнинг деворини тиклайди. Мусо алайҳиссалом яна сабр қилолмайди ва сўз очади. Шунда Ҳазрат Хизр “Бу бизнинг ажралишимиз” деб ҳикмат сирини тушунтиришни бошлайди.
Бу ҳикоя бизга уч турдаги тақдирни англатади:
1. Биринчиси – сиз ёмонлик деб билган нарса яхши натижалар келтириши мумкин.
2. Иккинчиси – ёмонликка ўхшаган воқеаларнинг фойдаси, лекин бу дунёда сирлигича қолади.
3. Учинчиси – ёмонликдан ҳимоя қилинадиган тақдир бўлиб, Аллоҳнинг лутфи билан сиздан яширинади.
Ҳазрат Хизр айтганидек: “Сен Аллоҳнинг тақдирини тушуна олмайсан. Шунинг учун ҳар қандай вазиятда сабр қил. Агар сиз Аллоҳга ишончли бўлсангиз, ҳар бир воқеада хайр бор”.
Аллоҳнинг раҳмати барчага бўлсин!
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларига 2026-2027 ўқув йили учун кириш тест синовларининг 5-ҳудуд (Бухоро вилояти) бўйича имтиҳон жараёнлари Мир Араб олий мадрасаси биносида бўлиб ўтди.
Мазкур ҳудуд бўйича диний таълим муассасаларига ҳужжат топширган 657 нафар абитуриент тест синовларида иштирок этди.
Имтиҳонларнинг шаффофлиги, адолатлилиги ҳамда тартиб-интизомини таъминлаш мақсадида жараёнларга Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул раҳбарлари, диний таълим муассасалари мутасаддилари, педагог-ўқитувчилар ҳамда ички ишлар ва тиббиёт ходимлари жалб этилди.
Тест синовлари бошланишидан олдин абитуриентларга имтиҳон топшириш тартиби ва баҳолаш мезонлари батафсил тушунтирилди. Барча жараёнлар белгиланган талаб ва қоидаларга мувофиқ, юқори даражада ташкил этилди.
Ташкилотчилар тест жараёнларининг шаффоф ва тартибли ўтишига яқиндан кўмаклашган Бухоро шаҳар ички ишлар органи, соғлиқни сақлаш бошқармаси тиббиёт ходимлари ҳамда диний таълим муассасалари вакилларига ўз миннатдорлигини билдирдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати