Дин ишлари бўйича қўмита, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ҳамда қатор вазирлик ва ташкилотлар билан ҳамкорликда 16-ноябрь – Халқаро бағрикенглик кунига бағишлаб, жорий йилнинг 11–16-ноябрь кунлари республиканинг барча ҳудудида “Бағрикенглик ҳафталиги” ўтказилади. https://t.me/DinQumita
Ҳафталик доирасида Республика умумтаълим мактабларида “Бағрикенглик менинг наздимда” мавзусида энг яхши иншолар танловлари, “Менинг бағрикенг дунёим” мавзусида энг яхши расмлар танловлари, бағрикенгликни тарғиб қилувчи шеърхонлик кечалари;
Республика олий таълим муассасаларида “Биз бир мамлакатда яшаётган ягона халқмиз”, “Диний маърифат ва миллатлараро бағрикенглик – жамият барқарорлиги шарти” мавзуларида илмий-амалий ва маърифий тадбирлар, “Миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик – умрбоқий қадриятлар” мавзусида давра суҳбатлари бўлиб ўтади.
Дин ишлари бўйича қўмита
Ахборот хизмати
Жорий йилнинг 6–7 ноябрь кунлари Ҳиндистоннинг Керала штатида «Глобал бағрикенглик – 2026» мавзусида халқаро саммит бўлиб ўтди.
Нуфузли халқаро тадбирда Америка Қўшма Штатлари, Ўзбекистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Малайзия, Ҳиндистон ва бошқа давлатлардан диний-маърифий соҳа вакиллари, олимлар ҳамда мутахассислар иштирок этди.
Саммит давомида бағрикенглик, динлараро ва маданиятлараро мулоқот, жамиятда тинчлик ва ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга доир долзарб масалалар юзасидан маърузалар тингланди.
Халқаро саммитда Ҳадис илми мактаби ректори Барот домла Амонов ҳам иштирок этиб, «Бағрикенгликдан ўзаро бир-бирини тушуниш сари: замонавий Ўзбекистонда мулоқот ва тинчлик маданиятини шакллантиришда Набавий услуб ва Мовароуннаҳр меросининг аҳамияти» мавзусида маъруза қилди.
Маърузада Ўзбекистонда бағрикенглик тамойиллари давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири экани, мазкур тамойиллар жамиятда тинчлик, барқарорлик ва ижтимоий ҳамжиҳатликни таъминлашнинг муҳим ҳуқуқий ва маънавий асоси бўлиб хизмат қилаётгани таъкидланди.
Шунингдек, юртимизда қадимдан шаклланган турли миллат ва дин вакилларининг аҳил ва тотув яшаш анъаналари бугунги кунда ҳуқуқий ҳамда сиёсий жиҳатдан янада мустаҳкамланиб бораётгани, бу жараён «Инсон қадри учун» ҳамда «Инсон – жамият – давлат» тамойиллари асосида амалга оширилаётгани қайд этилди.
Шунингдек, Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан буюк алломалар меросида намоён бўлган васатийлик ва мўътадиллик тамойилларини бугунги жамиятда кенг тарғиб этиш исломшунос ва диншунос мутахассислар олдида турган муҳим вазифалардан бири экани таъкидланди.
Мазкур халқаро саммит турли мамлакатлар вакиллари ўртасида илмий ва маърифий мулоқотни ривожлантириш, бағрикенглик ва тинчлик ғояларини кенг тарғиб этиш ҳамда бу борадаги халқаро тажриба алмашинувини мустаҳкамлаш учун муҳим майдон бўлди.
t.me/muhaddisuz