Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
28 Август, 2026   |   15 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:21
Қуёш
05:45
Пешин
12:24
Аср
17:06
Шом
19:07
Хуфтон
20:26
Bismillah
28 Август, 2026, 15 Рабиъул аввал, 1448
Янгиликлар

Ўзбекистоннинг аҳилликни таъминлашдаги эзгу ташаббуслари бошқа давлат учун ҳам ибратдир

11.11.2024   7222   2 min.
Ўзбекистоннинг аҳилликни таъминлашдаги эзгу ташаббуслари бошқа давлат учун ҳам ибратдир

Мамлакатимизда бошланган “Бағрикенглик ҳафталиги” маърифий лойиҳаси Ўзбекистонда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик масалалари давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири эканини яна бир карра намойиш этмоқда.

Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раисининг ўринбосари Азамат Тошев бу ҳақда қуйидагиларни гапириб берди: 

– Аслида бағрикенглик ўзбек халқининг қон-қонига сингиб кетган фазилат. Агар бутун дунёда толерантлик “тоқат этиш”, “сабр” каби тушунчаларни англатса, бизда бағрикенглик одамийлик, одамгарчилик каби тушунчалар билан ҳамоҳангдир.  

Дарҳақиқат, кейинги йилларда инсон шаънини улуғлаш, ёшларни миллий ва умумбашарий эзгу ғоялар асосида тарбиялаш, тинчликпарвар сиёсат олиб бориш, хориждаги ватандошларимиз билан самимий муносабатларни ўрнатиш Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган илғор ташаббуслардан саналади.  

2017 йилда бу борадаги амалий ишлар жаҳон эътибори ва эътирофига тушди. Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепцияси қабул қилинди.  

Давлатимиз раҳбари ташаббуси асосида Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ташкил этилди. Жамиятимизда ўзаро ҳамжиҳатлик ва турли миллатлар ўртасида аҳиллик масалалари “Ўзбекистон-2030” стратегиясида ҳам ўзининг ёрқин ифодасини топган.  

Бугунги кунда қўмитамиз томонидан миллатлараро муносабатлар соҳасида амалий ишлар олиб бориш, хорижий мамлакатлар билан дўстона алоқаларни йўлга қўйиш, чет элдаги ватандошлар билан мулоқот ўрнатиш борасида самарали фаолият юритилмоқда.  

Айтиш керакки, миллий маданият марказлари фаолияти учун кенг имкониятлар очилди. Уларнинг раҳбарлари эндиликда ойлик иш ҳақи асосида ишламоқда. Мамлакатимизнинг ҳудудларида бир қатор “Дўстлик уйлари” барпо этилди. Миллий маданият марказларини моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш учун кенг имкониятлар яратилди. Таълим ўзга тилларда олиб бориладиган мактабларга ўқув дарсликлари ва бадиий адабиётлар доимий  етказиб берилмоқда. Миллий маданият марказларининг маърифий лойиҳалари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Парламент  комиссиясининг фонди томонидан фаол қўллаб-қувватланмоқда.  

Мамлакатимизга хориждан келаётган меҳмонлар бугунги кунда Ўзбекистондаги миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик соҳасидаги эзгу ишларни ибрат сифатида жуда юксак эътироф этмоқда.  

Албатта, эзгу ишлар "Бағрикенглик ҳафталиги" билан чекланиб қолмайди. Бу борадаги амалий саъй-ҳаракатлар бардавомлиги билан диққатга сазовор.  

Назокат Усмонова ёзиб олди.

ЎзА

Ўзбекистоннинг аҳилликни таъминлашдаги эзгу ташаббуслари бошқа давлат учун ҳам ибратдир
Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Бир гуруҳ диний-маърифий соҳа фидойиларига "Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги" эсдалик нишонлари топширилди

28.08.2026   6900   2 min.
Бир гуруҳ диний-маърифий соҳа фидойиларига

27 август куни Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан диний-маърифий соҳада самарали меҳнат қилиб келаётган фидойи юртдошларимизни тақдирлашга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг диний-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчиси Музаффар Комилов кириш сўзи билан иштирок этди.

Кириш нутқида мамлакатимизда мустақиллик йилларида, айниқса, сўнгги йилларда диний-маърифий соҳани ривожлантириш, жамиятда тинчлик-тотувлик, миллатлараро ҳамжиҳатлик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, шунингдек, соҳада фаолият юритаётган уламолар, имом-хатиблар, мударрислар ва фидойи ходимларнинг муносиб ҳиссаси ҳақида алоҳида таъкидланди.

Тантанали тадбир давомида диний-маърифий соҳада кўп йиллардан буён самарали меҳнат қилиб, юртимизда маънавий барқарорликни таъминлаш, ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, аҳоли ўртасида маърифий тушунтириш ишларини олиб боришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ фидойи юртдошларга "Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги" эсдалик нишонлари тантанали равишда топширилди.

Эсдалик нишонларини топшириш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президентининг диний-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдуҳаликов, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси масъул ходими Орифхон Зокировлар иштирок этдилар.

Тақдирлаш маросимида таъкидланганидек, мазкур эсдалик нишони мамлакатимиз тараққиётига, унинг тинчлиги ва барқарорлигига, жамиятда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашга, ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашга муносиб ҳисса қўшаётган фидойи инсонларга билдирилган юксак эҳтиром ва эътироф рамзидир.

Тадбир якунида тақдирланганлар ўзларига билдирилган юксак ишонч ва эътибор учун миннатдорлик билдириб, мамлакатимиз тинчлиги ва равнақи йўлидаги эзгу фаолиятларини янада сидқидилдан давом эттиришларини таъкидладилар.

 Барча мукофот соҳибларини самимий муборакбод этамиз!

Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муборак бўлсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Ўзбекистон янгиликлари